У нас есть только
оригинальные песни

Pul o'ylab sarflansa, iqtisod qilish shart emas!

calendar 14.01.2017
1312

Маошгача ҳали бир ҳафта бор. Аммо ҳамёнингизда бир неча кундан бери шамол сайр қилиб юрибди. Яна топадиганингиздан ортиғини харажат қилиб, камига қарзга ҳам ботиб ўтирибсизми? Унда сизнинг бюджетингиз устида жиддий ишлаш керак.

Муаммо нимада?

Бир ўртоғим бор, исми Зарина. Гап шундаки, унинг ойлик даромадига ҳар қандай бойвучча ҳавас қилса арзийди. Бунақа маошни кўплар тушида ҳам кўрмаган. Шунданми у кимгадир дабдурустдан, «қарз бериб тур, ойликдан қайтараман» деб қолса, одам дастлаб, жиддий сўраяптими ё калака қилаяптими, деган хаёлга ҳам боради. Аслида у айтарли даражада шопоголик ҳам эмаски, топган пулига дўкон айланиб, уюм-уюм кийим харид қилса. Шунчаки, Зарина пулни тўғри харажат қилишни билмайди. Ойлигини олибоқ, қарзларини қайтаради. Бундан ортганини майда-чуйда харажатларига ишлатади. Қарабсизки, ой охирида яна қарз сўрашга мажбур.  Бир гал эса у бутун бир ойлик маошини тўлалигича кредитор дўстларига тақсимлаган.

Замондошларимизнинг аксариятида айнан мана шу—пулни тўғри харажат қила олмаслик муаммоси бор. Қанча пул топиш эмас, топганингизнинг қанчасини ва нима мақсадда сарфлаганингиз муҳим.

Бюджетингизни ҳимоя қилинг!

Пулларингиз ҳар доим ва ҳар нарсага етиши учун оилавий бюджетга айрим қонун-қоидалар ва ўзгартиришлар киритиш зарур.

Хуллас, сиз маош олдингиз. Ва пешана терингиз билан ишлаб топилган яп-янги пуллар ҳамёнингизни қаппайтириб, кўзингизни қувонтириб турибди. «Бизда маош пластик карточкаларда берилади», дейсизми? Хўш, нима бўлибди? Ҳар тугул у ўзингизга ишонч ҳиссини бағишлаб турибди-ку! Қайтанга, пластик карточкадаги маблағни йиғиш қулайроқ ҳам.

1. Маошни олган кунингизоқ унинг 10-15 фоизини алоҳида ажратиб қўйинг (агар оила қурган бўлсангиз, сиз ва турмуш ўртоғингизнинг маоши қўшиб ҳисобланади). Бу пул орзу ҳавасларингиз (машина сотиб олиш ёки саёҳатга) ёки шунчаки, «қора кунлар»га ярайди. «Ўзи шундоғам ойликдан ойликкача яшаяпмизу, шундан ҳам кейинга деб кессак нима қолади», демоқчисиз тўғрими? Унда даромадингиз 10 фоизга камайди деб тасаввур қилинг. Ахир шундай бўлган тақдирда ҳам қолган 90 фоизига рўзғор тебрата олардингиз-ку.

Пул йиғишни энди бошлаган пайтингизда эртанги кун учун даромаднинг 10-15 фоизидан ортиғини олиб қўйиш ҳам ярамайди. Қатъий тежамкорлик режимида 1 ҳафта, 10 кун, узоғи 1 ой яшай оласиз, лекин кейин, пулингиз бўла туриб ўзингизга шунча чекловлар қўяётганингиздан жаҳлингиз чиқиб, йиғаётган пулингизни ишлатиб қўясиз. Ва камига «мен пул йиғолмас эканман», деган хулосага ҳам келасиз.

2. Алоҳида конвертга мажбурий тўловлар учун муайян суммани солиб қўйинг. Ҳар ой уй, солиқлар учун, қолаверса, болалар боғчасига ҳам пул тўлашингиз аниқ. Бундай тўловларни барибир амалга ошириш керак бўлса, шунинг ҳаракатини олдиндан қилиб қўйган маъқул.

3. Қўлингизга тақвим олиб, шу ойда ўтказиладиган тадбирлар—тўй, туғилган кун, ўтиришлар бор-йўқлигини кўриб чиқинг. Чунки агар ой давомида тўй, туғилган кунлар бўлса, барибир совға олишингизга тўғри келади.  Шунинг учун учинчи конвертнинг устига тортинмай, «совғалар учун», деб катта қилиб ёзингда, унга атаганингизни солинг!

4. Хўш шундай қилиб, юқоридаги харажатлардан кейин маошингиздан қанча қолди? 100 мингми, 150 мингми ёки 200мингми? Ишқилиб қанча қолган бўлса ҳам бу айнан ўша кундалик харажатларингиз учун ой давомида сарфлашга мўлжалланган суммангиздир. Юқоридаги гапда «ой давомида» жумласи асосий эканига аҳамият бергандирсиз? Арифметика борасидаги билимларингизга ишончингиз комил бўлмаса, қўлингизга калькуляторни олинг (яхшиямки, бу мўжазгина техника тараққиёти қўл телефонларида ҳам бор). Ўша қолган 100, 150 минг суммани 30 кунга бўлинг. Натижа 3333, 5000 ёки 6666 чиқди, тўғрими?  Энди сиз оилавий бюджетингизга зарар қилмаслик учун ҳар куни таҳминан қанчагача пул сарфлашингиз мумкинлигини биласиз. Тўғрироғи, кундалик меъёрдан ортиқроғини сарфлашингизку мумкин, лекин графикдан чиқиб кетмаслик учун бошқа кунлар харажатни яна камайтиришингизга керак бўлади.

Майда харажатлар

Ҳеч эътибор берганмисиз, биз майда-чуйдалар харид қилишда ҳеч ўйланиб ўтирмаймиз. Айнан шу майда харажатлар ҳамёнимизни «оздиради». Масалан, бир плитка шоколад ва сақич харид қилишнинг ўзидаёқ, бир пасда 3,5-4 минг сўм пул сарфланади. Бозордан қайтгач, «айтарли ҳеч нарса олганим йўғ-у, бор пулимни ишлатиб қўйибман-а», деган фикр ҳар биримизнинг хаёлимиздан ҳеч бўлмаса бир марта ўтгани аниқ. Майда харажатлар катта қарзларга олиб келиши мумкинлигини унутманг!

Йўқ, бу билан ҳаётингизга ранг берувчи, ёқимли харидлардан тийилинг демоқчимасмиз. Шунчаки, нима муҳиму, нима иккинчи даражалилигини ва қайси хариднинг умуман фойдаси йўқлигини ўйлаб турсангиз бўлди. Баъзи бир кераксиз харидлардан воз кечиш эвазига денгиз бўйида дам олсангиз, чиройли мебель сотиб олсангиз ёки ажойиб автомобиль соҳиби бўлсангиз ёмонми?!

Яндекс.Метрика