У нас есть только
оригинальные песни

Путин россияликлар билан 14-марта очиқ мулоқот қуради

calendar 14.04.2016
947

14-апрель куни Россия президенти Владимир Путин «Владимир Путин билан бевосита мулоқот» кўрсатуви орқали мамлакат аҳолиси билан алоқага чиқади ва россияликларнинг саволларига жавоб қайтаради.

Одатда Россия халқи давлат раҳбарига ижтимоий-иқтисодий масалалардаги саволлар, яъни, комуннал хизматлар соҳасидаги муаммолар, турар жой ва йўллардаги аҳвол масалаларида мурожаат қилади.

Президент ўз навбатида, амалдорларга муайян топшириқлар беради ёки айрим ҳолатларда фуқаролар муаммоларини шахсан ўзи ҳал қилади.

Кўрсатув дастури анъанавий тарзда 14 йилдан буён амалга оширилади. 2011 йилгача президен халқ билан куз ёки қиш (асосан декабрь ойида) фаслларида тўғридан-тўғри мулоқот қилганди. 2012 йилдан буён апрель ойи танланадиган бўлди.

Трансляция Москва вақти билан куннинг қоқ ярмида бошланади, уни “Первый”, “Россия 1”, “Россия 24” каналлари, “Маяк”, “Вести FM” ва “Радио России” радиоканаллари эфирга узатади.

Президентнинг чиқишини интернет сайтларида махсус дастурлар орқали кузатиш, Россия Ижтимоий каналида кар-соқовлар учун таржима воситасида тинглаш имкони бўлади.

Дастур студиясига сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва машҳур телесюжет қаҳрамонлари таклиф этилади. Улар Путинга тўғридан тўғри савол беришлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, мамлакатнинг турли ҳудудларида ташкил этилган кўчиб юрувчи студиялар орқали аҳоли давлат раҳбарига тўғридан тўғри мурожаат қила олади.

Суҳбат қанча давом этиши маълум эмас. Рекорд давомийлик 2013 йили қайд этилган, ўшанда президент аҳоли билан 4 соату 48 дақиқа давомида мулоқот қилган.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, «Владимир Путин билан бевосита мулоқот»га саволлар юбораётган россияликларни миллий валюта курси ташвишга солмайди.

«Аҳолининг аксар қисми ушбу масала юзасидан хавотирланмайди, дейиш мумкин. Юзминглаб мурожаатлар бу фикримга исботдир. Бу масалани нарх-навонинг кўтарилиши, маошларнинг берилиши каби жиддий саволлар қаторига қўшиб бўлмайди», — деган Дмитрий Песков.

Айни вақтда аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ишлари давом этмоқда.

Яндекс.Метрика