У нас есть только
оригинальные песни

«Реал» сафарда «Сельта» устидан ғалаба қозонди

calendar 24.10.2015
1520

Испания чемпионатининг 9-туридан ўрин олган ўйинда «Сельта» клуби ўз майдонида «Реал» жамоасини қабул қилди.

Ўйиннинг бошидаёқ Роналду рақиб ҳимоячилари хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очди. «Сельта» гол ўтказиб юборганидан кейин олдинга ташланди.

Рафаэл Бенитес шогирдлари ташаббусни рақибга бериб қўйиб, пайт пойлашди. «Сельта» ҳужумга берилиб кетганидан фойдаланиб, мадридликлар яна ҳисобни оширишди. Данило ўнг қанотда пайдо бўлган бўшлиқдан унумли фойдаланиб, ҳисобни 2:0га етказди.

«Сельта» футболчиларида ҳам биринчи бўлимда гол киритиш учун кўп вазият юзага келди. Аммо «Реал» дарвозабони Кейлор Навас жуда ишончли ўйин намойиш қилиб, жамоасини кўплаб вазиятларда яққол голлардан қутқариб қолди.

Иккинчи бўлимда ўйин анча асабий тарзда кечди. 57-дақиқада «Сельта» футболчиси Кабраль қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Ўйин якунланиши арафасида эса Нолито ўз мақсадига етди. У жарима майдончасига кирмасдан зарба йўллаб, ҳисобни қисқартирди. Бу зарба олдида Навасдек дарвозабон ҳам ожиз қолди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Марсело учинчи тўпни киритиб, ўйинга нуқта қўйди.

Шу тариқа сафарда кечган ўйинда «Реал» 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритди.

Испания чемпионати, 9-тур
Сельта – Реал Мадрид 1:3
Голлар:  0:1 – 8 Роналду, 0:2 – 23 Данило, 1:2 – 83 Нолито, 1:3 - 90+5 Марсело.
Сельта – Альварес, Кабраль, Кастро, Мальо, Гомес, Эрнандес (Планас, 81), Фернандес, Орельяна (Гвидетти, 82), Васс (Радоя, 67), Нолито, Аспас.
Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Данило, Рамос, Кроос, Каземиро, Хесе (Черышев, 70), Модрич (Начо, 80), Васкес (Иско, 62), Роналду.
Огоҳлантиришлар:   Кабраль (37), Васкес (52), Аспас (57), Эрнандес (57), Фернандес (57), Нолито (61).
Четлатиш:  Кабраль (57).

Яндекс.Метрика