У нас есть только
оригинальные песни

Рио Олимпиадаси якунига етди

calendar 22.08.2016
1423

Рио-де-Жанейро шаҳрида 5 август куни бошланган 31-Ёзги Олимпиада ўйинлари маҳаллий вақт билан 21 август оқшомида (Тошкент вақти билан 22 август куни эрта тонгда) якунланди. Тадбир Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида бўлиб ўтди. Мусобақаларда 11 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди. Олимпиадада спортнинг 28та тури бўйича 306та совринлар мажмуаси қўлга киритилди. Бу гал 27та жаҳон ва 91 та олимпиада рекорди ўрнатилди. 2016 йилги Олимпиада ўйинларини ўтказиш учун 39,1 миллиард реал, яъни 9,75 миллиард доллар сарфланди. Олимпиада ўйинлари 32 спорт иншоотида ўтказилди. Бу иншоотларнинг катта қисми Олимпиада учун махсус қурилган бўлса, кичик қисми таъмирдан чиқарилди.

Шуни таъкидлаш керак-ки, Бразилия президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Мишел Темер бундан аввал, иш вақти тиғизлигини баҳона қилиб, Олипиаданинг ёпилиш тадбирларида иштирок этмаслигини маълум қилган эди. Бироқ маҳаллий матбуотда Олимпиада очилиш маросимида у нутқ сўзлаётган вақтда томошабинлар ҳуштак чалиб, халақит бергани унга ёқмагани айтилмоқда.

Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бах 31-Олимпиада ўйинлари якунланганини эълон қилди. У 2016 йилги Ўйинлар ташкилотчиларига миннадорлик билдирди. “Анаънага биноан Ўйинлар якунланганини эълон қиламан”, деди Томас Бах. У бразилияликарга мурожаат қилар экан, меҳмондўстликлари учун ўз ташаккурини билдирди. “Бразилияликлар сизга раҳмат. Мураккаб вазиятларга қарамай Сиз, фахрланишга арзигўлик қадриятларингизни намоён этдингиз. Олимпиада ўйинлари бирдамлик рамзига айланди. Биз Бразилияга меҳмон бўлиб келдик, аммо дўст бўлиб уйга қайтаяпмиз. Сиз ҳамиша юрагимизда қоласиз”, деди Халқаро Олимпиада қўмитаси президенти.

Рио-2016 Олимпиада ўйинлари ташкилий қўмита раиси Артур Нузман Олимпиада ҳамиша Бразилия халқининг, эркагу аёлининг, ёшу қарисининг юрагида қолажагини таъкидлади ва «ҳамма бразилияликлар – Олимпиада қаҳрамонларидир», деди.

Олимпиада маъшалиси Бразилиялик хонанда ижросидаги қўшиқ жараёнида сўндирилди. Айни шу дақиқаларгина бироз қайғули бўлди. Шундан кейин бразилияликлар ғамгинликка йўл қўйишмади. Олимпиада очилиш маросимида бўлгани каби ёпилиши ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди. Тадбир оммавий ижро этилган самба рақси билан якунланди. “Маракана” стадиони маълум вақт улкан рақс майдончасига айланди. Рақс роппа-роса 20 дақиқа давом этди.

Рио-де-Жанейро мэри Эдуардо Паэс Олимпиада байроғини 2020 йилги Олипиада ўйинларига мезбонлик қиладиган Токио губернатори Юрико Коикега топширди. Шундан сўнг Юрико Коике Токио тақдимотини ўтказди. Япония делегацияси тўрт йилдан кейин нималар бўлиши юзасидан намойиш қилган тақдимот томошабинларда катта таассурот қолдирди. Япония бош вазири Синдзо Абе 2020 йилда Токиода бўлиб ўтиши кутилаётган 32-Ёзги Олимпиада ўйинлари аъло даражада бўлиши учун ҳукумат қўлдан келган ҳамма ишларни қилиши борасида ваъда берди. У Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олипиада ўйинларида иштирок этган япониялик спортчилар билан учрашар экан, “Токиодаги ўйинлар жаҳондаги инсонларнинг юрагидан ўрин олишига ишониши”ни билдирди. Абэ олимпида ўйинларида иштирок этган япон спортчиларига ўзининг миннадорчилигини изҳор қилди. Рио-де-Жанейрода Япония бош вазири Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан ҳам учрашди. Улар яна тўрт йилдан кейин Япония пойтахтида бўлиб ўтадиган Олимпиадани ташкиллаштириш ва допингга қарши кураш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди.

Канада бош вазири Жастин Трюдо Олимпиада ўйинларини яхши ташкиллаштиргани учун Бразилияга миннадорчилик билдирди. У 7 сентябрь куни бошланадиган Паралимпия ўйинларини интиқлик билан кутаётганини таъкидлаб ўтди.

Рио-де-Жанейро Олимпиада ўйинларида 206 та мамлакат ва БМТ номидан муҳожирларнинг битта делегацияси – жами 207та жамоа иштирок этган бўлса, атиги 87та мамлакат спортчисиигина медалларни қўлга киритди. Олтин медаллар эса атиги 59та мамлакат вакилига насиб қилди. Иордания, Косово, Пуэрто-Рико ва Фижи тарихда биринчи бор Олимпиада ўйинларининг медалини қўлга киритди.

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида биринчи ўрин АҚШга насиб қилди. «Океан орти» спортчилари 121 медални қўлга киритди. Медалларнинг 46таси олтин. Иккинчи ўрин 67та медаль соҳибига айланган Буюк Британияга насиб қилган бўлса, учинчи ўринни Хитой эгаллади. «Осмон ости мамлакати» спортчилари 70та медални қўлга киритди. Тўртинчи ўрин эса 56та медалга эга бўлган Россияга муносиб кўрилди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистон спортчилари Олимпиаданинг кучли 25талигига кирди. Ҳисобида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза бўлган Ўзбекистон Рио-2016 Олимпиадасида 21-ўринни эгаллади. Бу Ёзги Олимпиада Ўйинларида Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши кўрсаткичдир. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон Қозоғистон, Швейцария, Дания, Швеция, Украина, Бельгия, Польша каби давлатларни ҳам ортда қолдирди.

.Олимпиадада олтин медалларни боксчилар Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳобиддин Зоиров ҳамда 105 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар мусобақасида ўзбекистонлик спортчи Руслан Нуриддинов қўлга киритди. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 17 медални қўлга киритди. Улардан 3таси олтин. Бу билан Қозоғистон умумжамоа ҳисобида Ўзбекистондан кейинги 22-ўринни эгаллади. Ҳисобида 1 та олтин медаль бўлган Тожикистон умумжамоа ҳисобида 58-ўринда қайд этилди. Қирғизистон ҳисобида оғир атлетикачи Иззат Артиков эга бўлган 1та кумуш медаль бор эди. Бироқ унинг қонидан допинг топилгани ортидан Қирғизистон мазкур медалдан ҳам маҳрум бўлди.

Ўзбекистон жамоаси 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза, жами 6 медали билан қайтган бўлса, 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида битта олтин, учта бронза медаль билан 47-ўринни эгаллаганди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Рио Олимпиадасида 3 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Куба, Қозоғистон, Россия, АҚШ каби кучли терма жамоаларни ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади. Ҳасанбой Дўсматов Олимпиада ўйинларида техник маҳорат кўрсатгани учун Вел Баркер кубогига сазовор бўлди. Вел Баркер Кубоги 1936 йилдан бери топшириб келинади.

Спортчиларимизга Риодаги ёрқин, ғолибона иштироклари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз сиз билан фархланамиз! Ғалабалар муборак бўлсин!!!

Яндекс.Метрика