У нас есть только
оригинальные песни

Саида Раметовани нима жин урди? Интернетда актрисанинг рақсга тушгани тасвирланган видео яшин тезлигида тарқалмоқда

calendar 25.04.2016
4586

“Андишали келинчак”да қайнона, “Нодирабегим”да Увайсий, “Соҳибқирон”да Бибихоним каби буюк шарқ аёллари образини яратган Саида Раметовага ерда узала тушиб рақсга тушиш ярашадими? Буни қайси мезонлар билан ўлчаш мумкин?

 

Кеча қўл телефонимга Telegram орқали етиб келган видеони кўрдиму ёқамни ушладим. Навбатдаги видеоролик ҳам биз саҳнада, экранда кўриб, ҳавас қилган санъат аҳли вакиллари билан боғлиқ эди. Аслида шоу-бизнес оламидаги таниқли хонандаю созандалар, актёр ва актрисаларнинг турли алфоздаги видеолари қўл телефонлари орқали тарқалиши, кичик давралар, кафе ва ресторанлардаги рақслари видеоларга олиниб, одамлар қўлига етиб бориши янгилик бўлмай қолди. Бунинг ортидан қанчадан-қанча санъаткорларнинг халқ олдида юзи шувут бўлди. Қилган ишидан ҳижолат бўлмай бошини баланд кўтариб “бу мен эмас”, деганлар ҳам учради. Аммо навбатдагиси...

Ўзбек миллий академик драма театрининг тажрибали актрисаларидан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовани халқимиз жуда ҳурмат қилади. Фильмлардаги қайнона, она каби роллар билан томошабинлар қалбидан жой олган бу актриса, тўй-ҳашамларда ҳам энг талабгир санъаткорлардан бири. Кўплар уни янги келинни юз очди маросими, яъни келин саломни ўтказиб беришга таклиф қилади. Саида Раметова иштирокидаги видео эса актрисанинг ҳақиқий мухлислари, уни ҳурмат қилган, оғир-босиқ аёл сифатида таниган-билганларни бироз ранжитди.



Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова билан боғлиқ видеоролик Фарғонадаги ресторанлардан бирида олинган бўлиб, унда актриса “Вира ва Зара” фильмидаги ҳиндча қўшиқлардан бирига Ўзбек давлат драма театри актёри Юнус Асқаров билан рақсга тушади. Албатта, рақсга тушишнинг, ҳордиқ чиқаришнинг ёмон жойи йўқ. Бироқ ҳар нарсанинг меъёри, чек-чегараси бор. Рақс майдонинини ўраб турган тутқичларга бош қўйиб рақсга тушаётган Саида Раметованинг ёнига актёр Юнус Асқаровнинг эмаклаб келишини, ўртада сакраб ўйнаши, сўнг ерга узала тушиб рақс майдончасининг у бошидан бу бошига думалаши қанчалик тўғри? Уларнинг бири Ўзбек миллий академик драма театрининг, иккинчиси Ўзбек давлат драма театрининг актёри бўлса...



Саида Раметова фильмлар ва театр саҳнасидаги роллари билан доим одамларга ўрнак бўлиб келган. У рол ижро этган спектаклларни томоша қилиш учун томошабинлар навбат кутиб туришарди. “Андишали келинчак”да қайнона, “Нодирабегим”да Увайсий, “Соҳибқирон”да Бибихоним каби буюк шарқ аёллари образини яратган актрисага ерда узала тушиб рақсга тушиш ярашадими? Буни қайси мезонлар билан ўлчаш мумкин?



Бугун мамлакатимизда санъат олами вакилларининг эмин-эркин ижод қилиши, санъатнинг турли йўналишларида иқтидорини синаб кўриши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбек миллий академик драма театрининг 100 йиллиги муносабати билан театр жамоасига йўллаган табригида шундай деган эди:

“Бугунги кунда биз маънавий ҳаётимизни юксалтириш йўлида бошқалар ҳавас қиладиган қандай катта натижаларга эришган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, бу борада театр санъати, хусусан, Ўзбек Миллий академик драма театрининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини халқимиз, жамоатчилигимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”.

Дарҳақиқат, халқимиз маънавий онгини ошириш, ёшларни бунёдкорлик ғоялари билан тарбиялашда Ўзбек миллий академик драма театрининг ўрни беқиёс. Бироқ саҳнада айтилган сўз фақат саҳнаники бўлиб қолиши керак эмас. Актёр ҳаётда ҳам саҳнада ижро этаётган роли сингари томошабинга ўрнак бўлиши, салбий одатлар, қусурлардан ҳоли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бугун саҳнада Навоий, Ҳусайн Байқаро, Увайсий, Нодирабегим образларини яратаётган актёрлар эртага тўй-ҳашам, турли тадбирлар, кино ёки клипларда ножўё қилиқ қилса, бачкана хатти-ҳаракатлар билан рақсга тушса, уларнинг образига ким ишонади, ким актёр деб ҳурмат қилади. Саҳанада буюк аждодлар образида қандай намоён бўлади?

Биз ушбу мақола билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовани қоралаш фикридан йироқмиз. У ҳам оддий ўзбек аёли. Касбига садоқатли актриса, оиласига, турмуш ўртоғи вафодор аёл. У ҳам бошқалар қатори ҳамкасблари даврасида кўнгил ёзмоқчи бўлгани аниқ. Бу ҳолатни видеога олиб, уни халқ олдида обрўсизлантиришга уринганларнинг қилмишлари эса жавобсиз қолмайди.

Тез орада мазкур масалага нисбатан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметованинг мулоҳазаларини тақдим этамиз. Manba: qalampir.uz
Яндекс.Метрика