У нас есть только
оригинальные песни

Samsung Galaxy S8 va S8 Plus rasman namoyish etildi

calendar 30.03.2017
2662

Samsung компанияси Нью-Йоркда ўтказилган матбуот анжуманида Galaxy S8 ҳамда Galaxy S8+ флагман смартфонларини расман тақдим қилди.

Ваъда қилингани ва кутилганидек, Super AMOLED матрицали экран томонларининг нисбати 18,5: 9’га тенг. Яъни, смартфон бўйига ўсган. Экрандаги пикселлар сиғими 2960х1440 белгини ташкил қилади. Юқори моделда экран диагонали 6,2 дюйм, кичик талқинда эса 5,8 дюймли. Ҳар иккала флагман қурилмалар металл ва шиша уйғунлигидаги корпус билан таъминланган. Илғор телефонлар Mobile HDR Premium технологиясига эга жаҳондаги илк смартфонлар.

Энди дисплейнинг бир қисми «вазифа бериш», «Home» ва «орқага» буйруғини берадиган навигацион сенсор клавишлар пайдо бўлади. Мультимедиа иловаларида эса бу экран тугмалари бекиниб олади.

Бу корпусларнинг дизайни «Galaxy Edge», яъни икки ёнга букик дизайндан фарқли равишда қиррали эмас, бир оз силлиқ кўринишга келтирилган. Смартфонлардаги «Ниҳоясиз дисплей» смартфон олд панелининг деярли барча ҳудудини эгаллаган. Samsung раҳбарияти саҳнада туриб бу чек-чегараси йўқ экраннинг қаерда бошланиб, қаерда тугаганлигини билиш қийинлигини маълум қилди.

Android 7.0 операцион тизимида ишлайдиган Galaxy S8’нинг олд панели бошқарув тугмаларидан холи бўлиб, бармоқ излари сканери ҳам орқа панелдан ўрин эгаллаган. Флагмандаги бош камера ёнида кўзнинг рангдор пардасини сканер қилиш туйнуги бор. Бу биометрик идентификация технологияси орқали хавфсизлик тизими фаолиятини таъминлайдиган сенсор мавжуд. «Энди махфий сўзларга зарурат қолмади. Сизнинг ўзингиз тирик махфий паролларсиз», — деди компания раҳбари саҳнада. Шунингдек, смартфонлар эгасининг қиёфасини ҳам танийди, бармоқ изларини ҳам текширувдан ўтказиши мумкин.

5,8 дюймли Galaxy S8 ўзининг «аждоди» бўлмиш 5,1 дюймли Galaxy S7’дан бир оз каттароқ. Шунингдек, янги флагман ўлчамлари қуйидагича: 159,5 × 73,4 × 8,1 мм. Смартфон вазни 173 грамм.Samsung бу гал ҳам USB Type-C универсал порти ва 3,5 мм.ли анъанавий аудио коннекторни сақлаб қолган.

Аввалги гелекси каби, Galaxy S8 ҳам IP68 стандарти бўйича сув ҳамда чанг таъсирига бардошли корпусга эга. Яъни, у 1.5 метр чуқурликдаги сув остида ярим соат жон сақлай олади.

Смартфонлар 2 хил модификацияда: Samsung Exynos 8895 процессори ҳамда Qualcomm Snapdragon 835 процессорларида ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, процессор 10 нанометрли техник жараёнда ишлайди. Яъни, жаҳонда бу борада илғор тезликка эга. Бу процессорлар аввалгиларга нисбатан 10% тезкор, шунингдек улардаги видеокарта график ва тасвирларни 21%га тезрок қайта ишлайди.

Galaxy S8 ҳамда Galaxy S8 + флагманларида 4 ГБ оператив ва 64 ГБ доимий ички хотира ўрнатилган. Телефонлар хотирасини қўшимча хотира билан кенгайтириш мумкин.

 

Мобиль алоқа воситаларидаги бош камера 12 мегапикселли, олд камера 8 мегапикселли суратлар олади.

Ҳар иккаласида f1.7 ҳажмли оптик прибор ўрнатилган. Бу оптик прибор Dual Pixel технологиясига эга. Олд камера ҳам автофокус функциясига эга.

Galaxy S8’нинг аккумулятор сиғими 3000 мА соат, «плюс» талқинда эса 3500 мА соат. Смартфонлар билан бирга илғор технология асосида Harman AKG бренди остидаги наушниклар ҳам тақдим қилинади.

Galaxy S8 компаниянинг Bixby овозли ёрдамчи тизимини қўллаб-қувватлайдиган илк мобиль алоқа воситаси бўлди. Унга топшириқ бериш учун коорпус ўнг биқинидаги махсус тугмани босиш керак бўлади. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, бу ёрдамчи тизим айни пайтда смартфон бозорида мавжуд рақиблари орасида энг ақллисидир. Bixby иловаларни очиши, эгасига жойлашган жойини айтиши, об-ҳаво билан таништириши мумкин. У билан суҳбат қуриш ҳам мумкин.

Нарх-наво 
Samsung’нинг янги флагманлари аввалгиларига нисбатан 100 долларга қимматлашган. Samsung Galaxy S8 799 доллар, S8 Plus — 899 доллардан сотувга чиқарилади. Уларга 30 мартдан бошлаб буюртма бериш мумкин. Бозорда эса смартфонлар 21 апрелдан сотила бошлайди.

Яндекс.Метрика