У нас есть только
оригинальные песни

Севинч Мўминова: “Шароф онамни ҳақорат қилиб, дилимни оғритди”

calendar 06.08.2016
2732

Бироз аввал, хонандалар Шароф Муқимов ва Севинч Мўминованинг оиласига дарз кетгани, иккиси ҳам оилавий муносабатларда муаммоларга дуч келиб, ижтимоий тармоқлар орқали бир-бирига аталган номалар ёзиб қолдираётгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, масалага ойдинлик киритиш мақсадида хонанда Шароф Муқимов билан боғланишга ҳаракат қилдик. У айни дамда отасининг тоби йўқлигини, бу ҳақида гапириш кўнглига сиқмаслигини айтди.
 
Бу орада эса Шароф Муқимов ва Севинч Мўминованинг мухлислари ўртасидаги муҳокамалар жанжаллашишгача етиб борди. Ижтимоий тармоқлар орқали бизга етиб келган суратларга қараганда, хонанда Шароф Муқимов Instagram’да Севинчнинг онаси, яъни қайнонасининг суратини кўриб, унга “Нимага керак бу аждарҳонинг расми бу ерда?”, деб изоҳ қолдирган. Билишимизча, оилавий муносабатларнинг кескинлашувига Шарофнинг қайнонасини ҳақорат қилгани сабаб бўлган. “Qalampir.uz” мухбири хонанда Севинч Мўминова билан боғланди.

 
— Шахсий ҳаётингиз ҳақида гапиришни истамайсиз, буни биламиз. Шунинг учун саволни бироз бошқача қўймоқчимиз. Шарофнинг онангизни ҳақорат қилганига қандай қарайсиз? 
— Тўғриси бу мавзуда кўп гапиришни истамаяпман. Шарофнинг онамнинг суратлари тагига ёзиб қолдирган изоҳини кўриб, дилим қаттиқ оғриди. Юрагимга найза санчилгандек бўлди. Буни сўз билан тушунтириб беролмайман. Ўзимдан ўтаётгани фақат ўзимга аён. Унинг бу даражага боришини кутмаган эдим.
 
Тушунаман, кўп эркаклар қайнонасини ёқтирмайди. Ҳатто, латифаларда ҳам қайнона-куёв муносабатлари кулгига олинади. Лекин бу куёвлар қайнонасини омма олдида ҳақорат қилиши мумкин дегани эмас.
 
— Шароф ва Севинч ажрашибди, деган миш-мишлар турмуш қурганингиздан кейин икки ой ўтар-ўтмас чиққан эди.  
— Ҳа, бу гаплар неча йиллардан буён давом этиб келяпти. Тўғри, ҳозир бирга яшамаяпмиз, лекин қонуний ажрашганимиз йўқ. Чунки мен шунча вақтдан буён оиламни сақлаб қолиш учун жуда кўп ҳаракат қилиб келяпман. Шунинг учун бугун ажрашиш масаласида гапирмоқчи эмасман. Мен айтмоқчи бўлган гап бошқа: Яна такрорлайман, дилим жуда қаттиқ оғриди. Онам “Қизим, қайнонангни мендан ҳам кўпроқ яхши кўр, ҳар доим ҳурматини жойига қўй, ҳеч қачон гап қайтарма”, деб айтиб келганлар. Яратганга минг шукрки, мен онамнинг насиҳатларини, ўгитларини ерда қолдирмадим. Шунинг учун ҳам виждоним тоза.
 
— Омманинг олдида бундай ҳақоратли сўз айтиш хунук ҳолат, албатта...
— Шунинг учун жаҳлим чиқяпти-да. Шарофнинг онамни ҳақорат қилиши мен учун янгилик эмас. Эркаклар жаҳли чиққанда, аламини онамиздан олишади, буни тушуниб келганмиз. Шароф буни оммага олиб чиққани учун ҳам бу ҳолатга чидай олмаяпман.
 
— Баъзи оналар қизининг тарафини олиб куёви билан сен-менга боради.
— Баъзи оналар эмас, жуда кўп оналар қизининг бахтсиз бўлганига, қийналаётганига бардош бера олмайди. Гап бунда эмас. Гап онамни омма олдида ҳақорат қилгани ҳақида кетяпти.
 
— Онангиз бундан хабар топдиларми? 
— Йўқ, улардан яширяпман.
 
— Бундан олдин чоп этилган мақолага Шарофнинг мухлисларидан бири эътироз билдириб, қайнонангиз вафот этган вақтда унинг ёнида бўлмаганингизни айтган эди. Бу гапларга муносабатингиз қандай? 
— Юқорида ҳам айтдим, онам менга доим қайнонанинг ҳурматини жойига қўйишни уқтирганлар ва мен бунга амал қилдим. Ўтмишга қайтиб, ўтган гапларни кавлаштирсангиз, кўп гаплар чиқиб келади. Тўғриси бу мавзуда гапиришни истамайман. Лекин одамларнинг гапларидан жаҳлим чиқди.
 
— Шарофни кечирасизми?
— (ўйланиб) Бу саволга жавоб беролмайман. Мен шу вақтгача оиламни сақлаб қолиш учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим ва қиляпман ҳам. Мен оилам бузилиб кетишини хоҳламайман. Чунки онаман, қиз ўстиряпман. Қолгани эса Шарофга, унинг виждонига ҳавола. Шунча йил давомида қизим учун оиламни сақлаб қолишга сабр билан ҳаракат қилдим...
 
Мен сўзим сўнггида бир нарсани айтишни хоҳлардим. Агар бизнинг бахтли ҳаётимизга бошқалар аралашмаганда, балки вазият бу даражага етиб келмаган бўлармиди...
 
Маълумот учун, Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова 2010 йилнинг 4 августида турмуш қуришган. 

Яндекс.Метрика