У нас есть только
оригинальные песни

Шахзода Матчонова қачон оила қуришига аниқлик киритди

calendar 03.10.2016
2756

У жуда оғир-босиқ, камтар, кино оламига тасодифан кириб келган бўлса-да, бугунги кунда энг фаол ижодкорлардан бири. У билан суҳбатлашар эканмиз нафақат, ижоди балки ҳаётий қарашлари ҳақида ҳам сўз юритдик. 

— Сўнгги пайтларда, деярли ҳар куни тасвирга олиш ишлари билан бандсиз. Кузатувларимиз натижасида тижорат фильмларидан кўра кўпроқ давлат буюртмаси асосида суратга олинаётган картиналарда бандлигингиздан хабар топдик.

— Тўғри, бу йилнинг ўзида учта фильмда суратга тушишга улгурдим. Октябрь ойидан яна бир янги фильмнинг суратга олиш ишлари бошланади. Аслида, роль танлашда инжиқ эмасман, фильмни қайси студия суратга олаётгани ҳам мен учун аҳамиятли эмас. Бироқ давлат буюртмасига биноан суратга олинаётган картиналардаги образлар кўпроқ маъқул бўлаётгани учун  ҳам фильмографиямда уларнинг сони ортиб бораётган бўлса керак. 

— Санъатга тасодифан кириб қолганингизни тан оласизми? Бу ҳам бир омад, тўғрими?

— Тасодифлар аслида, тасодиф эмас, дейишади-ку. Кинода ишлашни жуда яхши кўраман. Бугунги кунда санъат мен учун оддий қизиқиш ёки хобби эмас, балки бутун ҳаётимнинг мазмунига айланган, десам хато бўлмайди. Шу сабаб ҳам саволингизга, бу омадли тасодиф, дея жавоб берсам тўғрироқ бўлади. Лекин кинода фақат ташқи кўринишнинг ўзи билан узоқ вақт ишлаб бўлмайди. Демак, маҳоратим ҳам бор... Бўлди, бу ҳақда кўп гапирсам, мақтанчоққа айланиб қоламан (кулади).

— Санъатнинг нонини еган инсон ундан воз кечолмайди деганлари ҳақ гап экан-да...

— Ҳа! Мен ижод қилмасликни, фильмларда суратга тушмасликни ҳатто хаёлимга ҳам келтира олмайман. Тасвирга олиш майдончасига кириб борсам, ҳамма нарсани унутаман. Маза қилиб ишлайман. Ҳаётий ташвишларни унутиб, хаёлим фақат иш билан банд бўлади. Санъатни шу даражада севаман. 

— Ишда ўзингиз риоя қиладиган икки олтин қоида билан бўлиша оласизми?

— Биринчиси, бу масъулият. Яъни мен ролни қўлимга олиб, ишга розилик бердимми, демак, ҳар доим вақтида ишга келаман, ролга доим тайёр бўламан ва вазифани яхши бажариб беришга ҳаракат қиламан. Иккинчиси, бирга ишлаётган ҳар бир гуруҳ азосига ҳурмат билан ёндашиш. 

— Сўнгги марта қайси ўзбек фильмини томоша қилдингиз?

— Минг афсуски, иш билан бўлиб, фильм томоша қилишга вақт тополмаяпман. Бироқ сўнгги пайтларда премъера қилинган картиналарни кўргим келяпти. Тез орада бунга албатта, вақт ажратаман. 

— Қайси ҳамкасбларингизни эътироф эта оласиз?

—  Охирги пайтларда менга Юлдуз Ражабованинг ижро маҳорати жуда ёқяпти. Назаримда у бугунги куннинг энг ёрқин актрисалардан бири. Бошқа актрисаларга нисбатан маҳорати, ижроси билан ажралиб турибти. Уни инсон сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. 

— Маълумотларга қараганда режиссёрликка қўл урмоқчи экансиз?

—  Яқин орада бундай режам йўқ. Режиссёрлик бўйича олий маълумотга эга бўлишни режалаштирганман холос. Ана ўшандан кейингина режиссёрликка қўл уришим мумкин. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, тахминан йигирма йилдан сўнг мен суратга олган илк фильмни томоша қилишингиз мумкин. 

—  Фильм мавзуси ҳақида ҳам ўйлаб қўйганмисиз?

— Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Ўша даврдаги ҳолатимга қараб мавзу танлайман. Ва албатта маҳоратли актёрлар билан ишлайман. 

— Яқинда инстаграмда, санъаткор дугоналарингиз билан биргаликда тушган суратингизни жойлаб, унга “Муҳим воқеа олди, қизлар мажлиси...” дея изоҳ қолдирдингиз... 

— У ҳақда ҳеч қандай маълумот беролмайман, чунки у менинг сирим эмас. Тез кунларда гап нимадалигини ўзингиз билиб оласиз...

— Шахсий ҳаётингиздаги режалар ҳақида-чи, улар билан бўлиша оласизми? 

— Мен ҳеч қачон режага кўра яшамайман. Шунинг учун ҳам шахсий ҳаётимда режалар бўлмаган. Агар сиз тўйим ҳақида билмоқчи бўлсангиз, Худо хохласа, тўйим бўлса, бу ҳақида биринчилардан бўлиб эшитасиз. Албатта, тўйга таклиф қилман. 

— Бўлажак турмуш ўртоғингиз қандай хислатларга эга бўлиши керак?

— Биринчи ўринда, аёл сифатида мени ҳурмат қилиши, касбимни тушуниши, андишали инсон бўлишини ният қиламан. Бундан ташқари тартибли, бўлиши лозим. Энг муҳими эса мени севсин. Чунки мен учун ўзаро  туйғулар жуда муҳим. 

— Ташқи кўриниши ҳақида нима дея оласиз?

— Мен учун ташқи қўриниш аҳамиятли эмас. Чунки ҳаётда шундай инсонлар борки, унинг кўринишидан кўра, ички гўзаллигига ҳавас қилса арзийди. Минг афсус,  чиройини таърифлашга тил ожизлик қиладиганлар орасида инсон сифатида ҳурматга арзимайдиганлари ҳам учрайди.  Шунинг учун ҳам умр йўлдош танлашда  қиёфасига камроқ эътибор беришим аниқ. Мен учун яна бир муҳим жиҳат бу кишининг ўзига эътиборлилиги. Яъни озода, саранжон бўлишини истайман. 

— Интервьюларингизнинг бирида “Мендан севги ҳақида беш йил аввал сўрашганда, у учун ҳамма нарсага тайёрман дердим. Бугун эса бу фикрим ўзгарган” деб жавоб берган экансиз...

—  Тўғри, бугунги қарашларим ўзгарган. Ҳаётга жиддийроқ, “пушти” кўзойнакларимни ечган ҳолда қараяпман. Реал ҳаёт умуман бошқалигини тан олиш керак. Муҳаббати учун ўзини қурбон қилиш, севган инсонига ёқаман деб ўз принципларига қарши бориш бу энг катта хато деб биламан. Чунки бир кун келиб ҳар қандай инсон бу нарсалардан чарчайди. Вақти келиб, “мен сен учун касбимдан, ёшлигимдан воз кечгандим” деган таънадан ёмони бўлмаса керак. Менимча, бу каби иддаолар инсон қалбини парчалайди. Шунинг учун инсон ўзлигини унутмасдан борича кўриниши, кимдир ёки нимадир учун ўзидан воз кечмаслиги керак. Бу борада яна бир фикримни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим: ҳар бир инсон қалбан улғайгачгина оила қуриши керак деб ўйлайман. Аҳамият беринг, бу инсоннинг ёши билан эмас, рухий, қалбий ҳолатидан келиб чиқадиган ёш даражасидир. Назаримда, инсон ана шу паллага етиб келганини ўзи ҳис қилса, бировдан нимандир талаб қилмайди. У севган инсонини борича қабул қилишни бошлайди. Бир сўз билан айтганда ёшлар ҳаётни тушунгандан сўнг оила қуриши керак деб ҳисоблайман. Менимча энг тўғри йўл шу. 

Менга оила қуриш таклифни билдирган инсон касбимдан воз кечишимни сўраса, уни рад этаман. Чунки, юқорида айтганимдек, биров учун ўзидан, қизиқишларидан воз кечиш хато. Мен у инсонни борича қабул қила оляпманми, демак, у ҳам менинг дунёмни қабул қилиши керак.

Алия СУЛАЙМАНОВА 
суҳбатлашди

Яндекс.Метрика