У нас есть только
оригинальные песни

Sirli Sirdosh: “Ehtiyot bo'l, u erda ko'rganlaring haqida hech kimga og'iz ochma”

calendar 09.01.2017
7688

Бу сатрларни қоралар эканман, бундан олти-етти йил илгари вақти келиб, қамоқхонанинг совуқ бетон деворларига кифтимни тираб, қилган хатоларим ҳақида қоғоз қоралаш хаёлимга ҳам келмаганди. Тўғриси, қалам тебратиш лаёқатим йўқ. Аммо, айни дамда - ўзим билан ўзим ёлғиз қолганда, ўтмишимни сарҳисоб қилиб, нималарнидир ёзгим келяпти.

Асли тошкентликман. 1979 йилда туғилганман. Оилалиман, олти фарзанднинг отасиман. Бундан ўйлаб қарасам, умрнинг ҳам ярми ўтиб кетибди. Мен эса, уч марта судланиб, тўртинча бор яна панжара ортимда ўтирганимни  айтмасам, бошқа бирор ишни қойиллатганим йўқ. 2013 йилдан буён хибсдаман. 

Нима сабабдан “ўтирганим” сизни қизиқтиряптими? Унда эшитинг. На қўлимда дипломим, на тузукроқ ҳунарим йўқлиги учун анча пайт иш қидириб юрганим рост. Учрагани эса, кўнглимга ўтирмади. 

Аслида менга ўхшаганлар хорижда ҳам тузукроқ иш тополмаслигини билсам-да, 2008 йили  Россияга жўнадим. Аввал бу ерда ҳам у ер-бу ердан кунимни кўриб юрдим. 

Кўп ўтмай Москвада Равил исмли бир йигит билан танишиб қолдим. Анча киришимли, тақводор йигит экан. Менга арзимаган ишларни қилдириб, яхшигин ҳақ тўлар, бунинг сабабини сўрасам:

- Барча мусулмонлар ака-укадирлар. Сен менинг инимсан, сенга ёрдам қилсам, нима қипти? – деб юрарди. 

У билан тез-тез учрашиб турадиган бўлдим. У мени уйига чақириб турар, меҳмон қилар, турли видеолавҳалар, фиьмлар қўйиб берар, у билан асосан диний мавзуда суҳбатлашардик. Шу тариқа у менга анча жиддий таъсир кўрсатди. Мен ҳам бора-бора унга ўхшаб фикрлайдиган бўлдим. 

Равилнинг уйида турли қуроллар ҳам сақланарди. У менга бу қуроллардан қандай фойдаланишни тушунтирар, шунингдек, жиҳод қилиш қоидалари ва зарурати ҳақида ҳам кўп гапирарди. Очиғи, мен бу сўзни аввал ҳам эшитган бўлсам-да, маъносига яхши тушунмасдим. Бу ҳам урушнинг бир тури бўлса керак, деб ўйлардим. Равилнинг айтишича, жиҳод бу биз мусулмонларнинг устидан ҳукмронлик қилаётган, зуғум ўтказаётган кофирларга қарши муқаддас уруш экан. (Кейинчалик, бу тушунчанинг асл маъноси ва мақсадини тушуниб етганимда, кеч бўлганди).

-Бугунги кунда жиҳод қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз, - дерди у. – Агар жиҳод қилмасак, ўқиган намозимиз қилган ибодатларимиз ҳам қабул бўлмайди. 

-Мен қаерда, кимга қарши жиҳод қиламан? – сўрадим бир куни унинг гапларига чандон қизиқиб.

-Сен жиҳодга қатъий бел боғласанг, ўзим сени ўша жойга юбораман, - деди Равил негадир хурсанд бўлиб. 

Шу пайт кўз олдимга жанг майдонидаги отишмалар, портлашлар, қирғинбарот жанглар, ундан кейин эса, йўлимга мўлтирабгина кўз тикиб турган болаларим келди. 

-Мен-ку, жон деб борардим, - дедим хўрсиниб. – Лекин оилам, болаларим нима бўлади? Уларга ким қарайди?

-Мана мен-да, - деди Равил кўксига муштлаб. - биз ўз биродарларимизнинг оиласини хор қилиб қўймаймиз. Сен жиҳод қанчалик улуғ ишлигини, унинг савобини  билганингда эди, оиланг, яқинларингни ҳам ўйлаб ўтирмаган бўлардинг.

Хуллас, у менинг бошимни шу қадар айлантириб ташладики, ўз ихтиёрим билан жиҳод қилиб, ҳатто шаҳид бўлишга қандай рози бўлганимни сезмай ҳам қолдим. Равил шу кундан бошлаб, мени жиҳодга юбориш тадоригини кўра бошлади. 

Бир куни у мени ёнига чақирди. 

-Сен ҳозирча юртингга қайтиб, паспорт ва бошқа ҳужжатларингни тайёрлаб тур. Аввал  Тошкентдаги Миср элчихонасига бориб, виза оласан. Кейин нима қилишни ўзим айтаман.

Ҳаммасини у айтгандек бажардим. 2010 йилнинг май ойларида Тошкентга қайтдим. Уйимдагилар мендаги ўзгаришлардан ҳайрон. Мен эса, ўзимнинг хом-хаёлларим билан бандман. Оиламга “хориждан яхшигина иш топдим, шунга ҳужжат тўплаяпман” деб қўя қолдим. 

Хорижга чиқиш учун рухсатнома ва Миср визасини олиб бўлгач, Равилга телефон қилдим. У менга электрон чипта ва йўл харажатлари учун анчагина пул жўнатди. 

Мазкур чипта ёрдамида аввал Москвага, кейин эса Миср пойтахти - Қоҳира шаҳрига учдим. Унинг кўрсатмаси билан Қоҳирага етиб боргач, аввалига меҳмонхонага жойлашдим. Кейин кўчадан маҳаллий алоқа компанияси  сим-картасини  сотиб олиб, Равилга қўнғироқ қилдим.

-Жуда яхши, - деди Равил хурсандчилигини яққол сездириб. – Энди битта рақам айтаман, шуни эслаб қоласан ва унга телефон қилиб, ўзингни “Марсель” деб таништирасан. 

Бу гал ҳам у айтгандек йўл тутдим. Телефонни олган киши русчани бузиб, антиқа талаффузда гапираркан. Мени қайси меҳмонхонада турганимни сўради. Кейин эрталаб менга машина жўнатишини айтиб, телефонни ўчирди. 

Чиндан ҳам эртаси куни меҳмонхона эшиги тагида сариқ рангли такси машинаси турарди. 

-“Марсел?” – сўради қора танли ҳайдовчи менга юзланиб. Мен бош ирғаб машинага ўтирдим. Эски Қоҳиранинг тирбанд кўчалари бўйлаб кетиб борардик. Баланд-баланд биноларнинг ҳаммаси бир хил – негадир кирчил рангда. Бу шаҳарнинг саҳро ўртасида жойлашгани, машиналарнинг ҳаддан ташқари кўплиги, чанг ва тутун туфайли бўлса керак.

Биз етиб келган манзил “Янги Қоҳира” квартали деб аталса-да, янгилиги унчалик сезилмасди. Кўчанинг бир четида қорамағиз, ўрта ёшлардаги киши ва ундан хийла ёшроқ, чамаси биз тенгилар эркак  бизни кутиб турарди.  Ёши каттароғи кеча мен телефонда гаплашган киши бўлиб, унинг исми Идрис экан, у ёнидаги шеригини менга Холид деб таништирди. 

-Ҳозир у сизни ўз уйига олиб кетади, - деб тушунтирди Идрис. – Эртага тушдан кейин тайёрланиб туринглар. Мен чақирганда чиқасизлар.

Хуллас бир оқшом Холиднинг ёнида қолдим. Чамаси у ҳам мен сингари мусофир. Қайсидир араб давлатидан чақириб олинган эди. Очиғи у билан мулоқот қилмадим ҳисоб. На у ўзбекча ё русчадан хабардор, на мен инглиз ё араб тилини биламан. 

Эртаси куни туш пайтида телефонимга Идрис қўнғироқ қилди:

-“Марсель”, шеригинг билан ҳамма нарсаларингин олиб пастга тушинглар!

Мен бу ерда худди онгсиз қўғирчоқдек ҳис қилардим ўзимни. Қаерга келдим, ким билан учрашдим, қаерга кетяпман – ҳеч нарсани англамасдим. Қизиқ, жиҳодни қачон, қаерда қиларкинман? Индамай юраверай-чи, ўзлари айтишар!

Яна Идриснинг машинасида тиқилинч кўчалардан имиллаб кетяпмиз.

-Қаерга боряпмиз? –сўрадим сабрим чидамай. 

-Истанбулга, - деди Идрис йўлдан кўзини узмай. – Аэропортда сизларга яна беш-олтита биродаримиз қўшилади. 

Шундай дея у мен билан Холидга йўл чиптасини тутқазди. Қоҳира аэропортида, Идрис айтгандек, турли миллатларга мансуб яна уч-тўрт йигит бизга қўшилди. 

Шерикларимиз билан Истанбулга учдик. У ерда бизни Ҳамза исмли турк йигити кутиб олди. Гап-сўзсиз бизни аэропорт ташқарисида турган машина томон бошлади. Ўша оқшом яқин орадаги меҳмонхоналардан бирида тунадик. 

Истанбул Қоҳирага нисбатан анча тоза, озода шаҳар бўлса-да, кўчаларнинг тирбандлиги ундан қолишмасди. Бу ерда атиги бир оқшомгина қолдик, холос. Эртаси куни кечқурун Ҳамза бизни меҳмонхонадан чақириб тушди ва яна аэропортга боришимзни айтди. 

Бу гал Эронга учишимиз керак экан. Бир тарафдан хурсандман. Ҳар қалай шу пайтгача тушимга ҳам кирмаган шаҳарларни, юртларни кўриб юрибман. Кеча  Мисрда эдим, бугун Туркиядаман, эртага эса Эронда бўламан. Иккинчи тарафдан бу саёҳатларнинг узлуксизлигини кўнглимни ғаш қиларди. Яна қайси мамлакатларга юборишаркин?

Самолётда учиб кетяпмиз-у, миямда саволлар ғужғон уйнайди: Нега бунча шаҳарма-шаҳар олиб юришмаса? Бир ҳафта ичида бешинчи давлатга учиб кетяпман. Бира-тўла Эроннинг ўзига жўнатиб қўяверишса,  бўларди-ку? 

Самолётимиз Машҳадга қўнгач, у ерда бизни Аҳмад исмли эроний йигит қарши олди. Бир оқшом у бошлаб борган квартирада ётиб қолгач, эртаси куни кечқурун бизни аллақандай машинада олиб кетишди. Аввал Сеистон-Белужистон вилоятинниг маркази -  Зоҳидонга бордик, кейин у ердан автобусга ўтириб, Покистон чегарасига яқин ҳудуддаги Саровон шаҳрига қараб йўл олдик. Автобус 18 соат йўл босиб, ниҳоят  манзилга етиб келди. 

Биз Абдулмўмин исмли одамнинг уйида бир кеча тунаб қолдик. Бу ерда биздан ташқари яна 20 нафарча одам бор экан. Эрталаб Абдулмуминнининг уйидан чиққанимизда эшик олдида яна машиналар қатор туришарди. Уларга ўтириб, чегара постига етдик. Чегарадаги текширувлар анчага чўзилди.

Покистон ҳудудига кириб,  Панж-Гўр деган шаҳарчага етиб борганимизда қош қорайиб қолгандик. Яна тоғлар оралаб анча йўл босдик. Тоғ-тошлар орасидаги бир қишлоқда бизни қайси миллатга мансублигини билиб бўлмайдиган бир қорасоқол кимса қарши олди. У инглиз тилида бизга ўзини “Мастер” деб таништирди. Унинг бошчилигида тоғлар оралаб икки-уч кун “сандирақладик”. 

Очиғи, бу саргардонлик мени роса ҳолдан тойдирганди. Атрофимдагиларнинг тилига тушунмайман. Уларнинг кўпчилиги араблар ва форслардан иборат. Яна мен тушунмайдиган аллақандай тилларда гапиришади. Кветта шаҳрига етиб борганимиздан сўнг бир кун дам олиб, эртаси куни Афғонистон ҳудуди орқали Вазиристон томонга равона бўлдик. 

Кейинчалик билишимча, Вазиристон Покистонга қарашли вилоят бўлиб, уч-тўрт йил илгари бу ерда бир қанча “биродарларимиз”  Афғонистоннинг Толибон кучлари ёрдами билан давлат тўнтаришини амалга оширган ва “Вазиристон ислом давлати”ни эълон қилган экан. Аммо, кўп ўтмай Америка ҳарбийлари ёрдамида Покистон ҳукумати Вазиристоннинг катта ҳудудини  қайтадан қўлга киритган, Шимолий Вазиристоннинг бир қисмигина “мужоҳидлар” қўлида қолган эди. 

Ниҳоят Вазиристоннинг маркази - Мироншоҳ шаҳридан қўним топдик. Шаҳарда тез-тез отишмалар, қуролли тўқнашувлар бўлар, хусусан Америка ҳарбийлар биз турган ҳудудда турли ҳарбий операцияларни ўтказиб, ҳаво зарбаларини бериб  турарди. Жангариларнинг раҳбари бизни илиқ қарши олди. Кичики бир йиғилиш қилиб, урду ва араб тилларида узундан-узоқ маъруза қилди. Унинг нутқи орасидан “ислом”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “кофир” сингари сўзларнигина англардим. 

У гапиряпти-ю, мен ўз она шаҳримни, Тошкентнинг тинч осуда кўчаларини, болаларимнинг беғубор чеҳраларини кўргим келар, аммо, мен уларни қайтиб кўрмайдигандек эдим. Йўқ, чалғимаслигим керак. Мен бу ерга муқаддас мақсад – жиҳод қилишни кўзлаб келганман-ку?

Шу тариқа, ҳарбий тайёргарлик машғулотлари бошланди. Машғулотлар асосан тоғлар орасида ўтказилар, бизга портловчи моддалар тайёрлаш, ўқотар қуроллардан фойдаланиш, разведкага чиқиш, снайперлик сингари ҳарбий ҳаракатлар пухта ўргатиларди. 

Биз – “аскарлар” бир-биримиз ҳақимизда ҳеч нарса билмаймиз. Билишниг имкони ҳам йўқ. “Юқоридан” буйруқ бўлган, “аскарлар” бир-бири билан танишмаслиги, гаплашмаслиги керак. Улар фақат раҳбарларини таниши ва уларнинг амрига сўзсиз тобе бўлишлари лозим. 

Бу ерда ҳар тонг тирик ҳолатда кўз очиш мўъзиза билан тенг эди. Ахир Америка ва Покистон ҳарбийларининг бирлашган  кучлари ҳамда биз ва  бизнинг тарафдорларимиз орасида шиддатли жанглар, отишмалар  бўлади. Нечта аскар танишим кўз ўнгимда қурбон бўлгани, бомбалар остида қолиб ёки мина кўмилган жойга қадам  босиб, парчаланиб кетганини ўз кўзим билан кўрганман. 

Бундан ташқари гоҳида ҳарбийлар бизнинг лагеримизга давлат ёки Америка кучлари билан алоқада бўлган, уларга қайсидир маънода ёрдм берган, “жосуслик” қилган маҳаллий аҳоли вакилларини  тутиб келишар, кейин бизнинг кўз ўнгимизда  аёвсиз суратда жазолашарди. Масалан бир куни бир чол ва унинг неварасини америкалик ҳарбийларга егулик олиб боргани учун отиб ташлашди. Чол командиримизнинг оёғига йиқилиб бир нималарни пуштунчалаб гапиргани, ёш боладек ҳўнграб йиғлагани эсимда. Чамаси, у ўзига эмас, лоақал ёшгина набирасига раҳм қилишларини сўраб ёлворарди. 

Командир унинг гапларига парво ҳам қилмади. Шартта белига қистирилган тўппончани олиб, аввал боланинг қоқ миясига бир неча марта ўқ узди. Боланинг бош чаноғин майдаланиб кетди. Чол ҳам  оҳ деганча йиқилди. Худди шу аснода кейинги ўқлар унинг кўкрак қафасидан жой олди. Ҳамма миқ этмасдан бу қонли томошани кузатиб турарди. 

Кўп ўтмай, “америкалик кофирларга сотилган”ликда гумон қилинган яна етти-саккиз нафар эркакни тутиб келиб, ҳамманинг кўз олдида бошларини кесишди. Танасидан узилиб, ерда думалаб ётган каллалар ҳали-ҳамон тушларимга кириб чиқади.

Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мироншоҳ марказида махсус бир майдон бўлиб, бу ерда асосан зинокор эркак ва аёллар тошбўрон қилинарди. Кунларнинг бирида 15-16 ёшлардаги қизчани шу майдонга олиб келишди. Тил билмаганим учун унинг қандай гуноҳ қилганини аниқ билмайман. Ҳар қалай эрига хиёнат қилганликда айбланган бўлса керак. Ҳукм ўқиб бўлингач, аввал соқоли кўксига тушиб турган бир чол қизчага ёнғоқдек тош отдию, юзини беркитганча йиғлаб юборди. Узуқ-юлуқ англаганим шу бўлдики, бу чол қизчанинг отаси экан. Оломон қизчани тошбўрон қилиб ўлдиргач, ҳамма тарқалди. Белигича кўмилган қизчнинг жонсиз танаси олдида ўша чолдан бошқа ҳеч ким қолмади...

Бунда даҳшатли қатл томошаларини кунда-кунора кўриш мумкин эди. Гоҳида мен ҳам кўпчилик бу манзараларни ҳиссиз томоша қилар, барчасини Яратганнинг ҳукми, иродаси сифатида қабул қилардим. Гоҳида эса, менга номаълум бўлган гуноҳлари учун боши кесилган, тошбўрон қилинган, отиб ташланган ёш-ёш ўғил-қизларга ичим туздек ачишарди. Ахир менинг ҳам болаларим худди шуларнинг ёшидаги ўсмирлар-ку?

АҚШ ҳарбийларининг ҳаво зарбалари ҳам муттасил давом этарди. Мироншоҳнинг турли маҳаллаларию қишлоқлари узра ёғилган ракеталар, бомбалар ёшу қарини, каттаю кичикни, дўсту душманни аяб ўтирмасди.  Биз сингари “бошланғич” аскарларга командирларимиз баъзан харобалар орасида сочилиб кетган жасадлар ва уларнинг парчаларини тўплаб яқин орадаги қабристонларга элтиб кўмиш топшириларди. Қизиғи, бу жасадларни ҳеч ким мусулмон урф-одатларига кўра, ювиб кафанламас, ҳеч ким жаноза ҳам ўқимас, худди тилсиз жониворларнинг ўлигидек, чуқурлар қазилиб, устидан тупроқ тортиларди. 

Парчаланиб кетган жасадларни шерикларим билан тупроққа қўярканмиз, мен ҳам бир кунмас-бир кун ана шундай аҳволга тушишимни ўйлаб, даҳшатга тушардим. Гоҳида “майли, ҳар қалай бекорга ўлиб кетмасман, шаҳид бўлиб, Яратганнинг розилигига эришарман” деб ўйлар, гоҳида эса, бунга ўзимнинг ҳам ишонгим келмасди. Ахир, наҳотки, шу қонли жанглар, бемақсад урушлар, шафқатсиз қатллар Аллоҳга хуш келса, деб ўзимга ўзим савол берардим.  

Биз жойлашган лагердаги ҳарбийлар тез-тез алмашиб турарди. Машғулотларимиз гоҳ Шимолий Вазиристон тоғларида, гоҳ шаҳардаги  ҳарбий қисмларда бўларди. Бир куни Мироншоҳдаги толиблар марказида ўтаётган  машқлар пайтида бир киши менга зимдан қараб турганини пайқадим. Танаффус пайтида у менга яқинлашиб, салом берди:

-Ўзбекмисиз, биродар? – сўради секин. Анчадан бери ўзбекча сўз эшитмаганим учун хурсандчиликдан сакраб юборай дедим. 

-Ҳа, - дедим, қувончим ичимга сиғмай. – Анчадан бери бирорта ўзбекни топармикинман, деб юргандим.

У билан анча гаплашиб ўтирдик. Исми Абдураҳим бўлиб, асли водийлик  экан. 

-Толиблар сафида экансиз-да? – сўради зимдан тикилиб. Очиғи, ўзим ҳам қайси гуруҳдан эканимни аниқ билмасдим. Билганим шуки – мен Аллоҳ йўлида, кофирларга қарши жиҳод қилар, ёки шунга тайёргарлик кўрардим. Раҳбарлар нимани буюрса шуни қилиб кетаверардим. 

– Бошқа миллат вакиллари  орасида бир ўзингиз зерикмаяпсизми?

– Очиғини айтсам, жуда ҳам сиқилб кетдим. Дардингни кимга айтишни билмайсан, киши.

–Унда гап бундай. Сиз бизнинг гуруҳга - “Исломий жиҳод” ташкилоти сафига ўтинг.

–Мени юборишармикин? – сўрадим ажабланиб.

–Биз толиблар билан иттифоқчимиз. Бир-биримизга ёрдам берамиз. Ҳаммамизнинг мақсадимиз бир. Фақат, бизнинг гуруҳда ўзбеклар кўпроқ. Истасангиз, раҳбарларингиз билан ўзим гаплашаман.

Абдураҳим айтганини қилди. Мен шу тариқа “Исломий жиҳод” жангарилари сафига ўтдим. Машғулотларда деярли ўзгариш йўқ. Гоҳ шаҳарда бўлсак, гоҳ тоғдамиз. Абдураҳим ҳарбий тайёргарлик машғулотларида менга яқиндан ёрдам бериб турди. 

Гоҳида оилам, болаларимни ўйлаб, дунё кўзимга тор кўриниб кетарди. Уларга “хорижга ишлагани кетяпман, кўп пул топиб қайтаман” деганимча йўқ бўлиб кетдим. Ҳозир нима қилишаётган экан? Ўзим-ку, Тошкентга қайтиб боролмасман. Лекин оиламни ёнимга чақириб олсаммикин? 

Худди шу аснода кимдир қулоғимга қуярди:

“Ахмоқ, ўзинг-ку, бу гадой топмас жойларда улоқиб юрибсан, ҳар қадамингда ўлим хавф соляпти, энди ўз болаларингни ҳам шу жаҳаннамга тиқмоқчимисан?”

Шу ондаёқ қарама-қарши бир фикр уйғонарди:

“Бошқа иложинг йўқ. У ерда оилангни тинч қўйишмайди. Болаларингга ҳам кун беришмайди. У ерда кимларнингдир қўлига қараб, оч-наҳор юришганидан кўра, ўз ёнингда бўлишгани яхши-ку? Хотининг ҳам ёнингда бўлиши керак. Ахир қанақа эрсанки, аҳли аёлингни ёлғиз ташлаб ўзинг бу ерларда юрибсан?”

Хуллас, Абдураҳимга қандай бўлмасин, оиламни бу ерга олиб келмоқчи эканимни айтдим. Абдураҳим аввалига бироз ўйланиб қолди. 

-Умуман олганда, мужоҳиднинг оиласи унинг ёнида бўлгани яхши, - деди у соқоли остидан иягини қашиб. – Жуда кўп биродарларимиз оиласини шу ерга олиб келган. Аммо, оилангизни олиб келиш учун Ўзбекистонга борсангиз, қўлга тушиб қоласиз. Уларни Россия ёки Туркияга чақиришингиз керак. У ерда ўзингиз кутиб оласиз ва улар билан  қайтиб келасиз.

Бу ишнинг иложи борлигини билиб, кўнглим ёришди.

-Раҳбарият Туркияга бориб келишим учун рухсат берармикин?

-Хавотир олманг, ўзим сўраб кўраман, - деди Абдураҳим илжайиб.

2011 йил сентябрнинг ўрталари эди. Худди ўша кунлари Вазиристон тоғларида ҳарбий машғулотлар пайти Америка ҳарбийлари отган ракетадан қаттиқ яраландим. Елкамга ўқ текканда кўз олдим чақнаб кетган, “ўлдим” деб ўйлагандим. Бироқ, кўзимни очсам, эски бир ертўлада ётибман. Тепамда “биродарларимиз”дан бири турибди. 

-Афсус, - деди ҳалиги йигит ачингандек бош чайқаб. – Шаҳидлик насиб этмаган экан. Тирик қолдингиз.

Шу тариқа ноябргача уйдан чиқмай даволанишимга тўғри келди. Шу икки ойда ўзимдан ўтганин ўзим биламан. Елкамдаги жароҳатни даволаш учун оддий дорилар ҳам топилмайди. Шифохонага боришнинг эса, иложи йўқ. Покистон полицияси ушлаб олса,  қамоққа олишлари аниқ. Маҳаллий табиблар, “ўзимизнинг” йигитлар кўмагида сал ўзимга келдим. 

Бир амаллаб, Туркия ё Россияда оиламни чақиртира олсам, бу ерга қайтишни ўйлаб кўраман. Балки, ўша ерда қолиб, бирор жойда иш топарман. “Шаҳидлик” орзуси ҳам борган сайин хиралашиб бормоқда эди. 

Мен сал ўзимга келгач, яна оиламни олиб келиш учун йўлга чиқишга қарор қилдим. Ноябрнинг ўрталарида кавказлик чечен йигитлар ҳамроҳлигида отландик. Мени Абдураҳимнинг ўзи кузатаркан:

-“Маршрут” аниқ белгиланган, ҳар бир “бекат”да сизни ўзимизнинг одамлар кутиб олади ва кейинги манзилга кузатиб қолади.

...Тишимнинг кавагида асраб юрган долларларни белимга боғлаб, йўлга равона бўлдим. Илгаригидек машиналар қаёқда? Ҳаммаёқни америкалик ҳарбийлар назоратга олган. Фақат пиёда юришимиз керак. Кундузи юрсак пайқаб қолишади. Асосан кечқурунлари йўл босамиз. Яхшиям ҳарбий машғулотларда тоғлар оралаб йўл юриш, юлдузларга қараб мўлжал олишни ўргатишган. Елкамда қурол, оғир юкхалта, буям етмагандек ҳали тўла тузалиб кетмаган жароҳатим зирқираб азоб беради. 

Нақ уч ойдан кўпроқ йўл босиб, март ойининг бошларида Эрон сарҳадларига етдик. Амаллаб чегарадан яширинча ўтиб олганимиздан сўнг яна Саровон шаҳридаги “биродар”ларимиз бизни кутиб олишди. Бу ерда ўзини Муртазо  деб  атаган бир ўзбекистонлик билан ҳам танишдим. Кейин билишимча, Саровонда “Исломий жиҳод” ташкилотига қарашли анча-мунча жангариларни ўз ичига олган гуруҳ яширинча фаолият кўрсатар, улар орасида ўзбеклар ҳам бор экан. Аммо, бизни улар билан гаплашгани қўйишмади. 

Бир неча кун Саровонда қолгач, бизни машинада вилоят марказига – Зоҳидонга жўнатишди. Бу ерда “Ал-Қоида” террористик ташкилоти вакилларидан бири Сулаймон исмли шахс менга сохта турк паспортини тутқазди. Мен энди турк фуқароси сифатида бемалол ушбу давлатга кира олардим. Аммо, Довуд мен ва шерикларимни Зоҳидон-Машҳад йўналишидаги автобусга ўтказиб, у ерда тегишли одамлар бизни кутиб олишларини айтди. 

Мен эса, улар айтган йўналишдан юришга мажбур эдим. Ҳар бир “бекат”да бизни аввалдан белгиланган шахслар кутиб олар, маълум вақтгача ётоқ билан таъминлар, кейин ўзи истаган тарафга йўналтирарди. Хуллас, Машҳадда Аббос исмли эроний йигитнинг уйида бир ойча қолиб кетдик. Очиғи, бу сарсонгарчилик жон-жонмдан ўтиб кетган, шундай пайтларда Тошкентдаги ўз уйимизда, оила аъзоларим даврида беғам-беташвиш ўтказган дамларим эсимга тушиб, хўрлигим келарди.

“Юқоридан” кўрсатма бўлган шекилли, кунларнинг бирида Аббос эрталаб йўлга тушишимизни айтди. Автобусда икки кун йўл босиб, Эроннинг Туркия чегарасидаги  Ғарбий Озарбойжон вилоятига етиб келдик. Айланма йўллар билан чегарани бузиб, Туркия ҳудудига ўтиб олдик. Энди амаллаб Истанбулга бориб олсам бўлгани. У ердан аёлим ва болаларимни чақиртириб оламан. Балки шу ерда қолиб, бирор тирикчилик қиларман. Лекин яна Покистонга, жангарилар орасига қайтгим йўқ эди. 

Туркия шарқидаги Ван шаҳри аэропортидан Истанбулга учиш учун чипта олмқчи бўлиб турганимда, кўк кийимли полиция зобити мени имлаб ёнига чақирди. Юрагим дукиллаб кетди. Қўлимдаги паспорт мутлақо бошқа одамга тегишли эди. Суратдаги одам мен эмаслигимни ҳар қандай одам бир қарашда фарқлай оларди. 

-Пасапортуну гўстер, бакалим, (паспортингни кўрсат, кўрайлик – турк.)- деди турк полициячи менга шубҳали тикиларкан. 

У паспортдаги суратга қараб, мийиғида кулимсиради. 

-Бен сене кенли пасапортуну, гўстер, дедим, абий (мен сенга ўз паспортингни кўрсат дедим, ука).

Ноилож ўз паспортимни кўрсатишга мажбур бўлдим. Шундан сўнг полициячи мени ўз бўлинмасига, бошлиғининг ёнига олиб кирди. Бошлиқ ҳар иккала паспортни синчиклаб текширгач, кимгадир телефон қилди. Мени эса, алоҳида хонада ушлаб туришни буюрди. Тўрт-беш соат ўтиб, мени тутиб олган полициячи қўлида менинг ҳақиқий паспортим билан қайтиб келдим. Унинг айтишича. Мен Туркия ҳудудига ноқонуний кирганим учун бу ердан кетишга мажбур эканман. Паспортимга ҳам депортация муҳрини босиб, Тбилиси чиптаси билан қайтариб беришди. 

Аэропортнинг кутиш залида ўтирарканман, бошим қотган, энди қандай йўл тутишни билмасдим. Яхшиям ёнимда телефоним бор. Туркияга ўтишим билан “Турксел” сим-картасини сотиб олгандим.  Абдураҳим билан боғланолмасдим. Чунки, Вазиристондаги жангарилар телефон ишлатишмас, бу уларнинг қўлга тушиб қолишларига сабабчи бўлиши мумкин эди. Худди шу пайт эсимга Равил тушди. Ахир мен унинг рақамини ёддан биламан-ку? Дарҳол Россия коди билан унинг рақамига сим қоқдим. 

Равил гўшакни олгач, гапни қоғозга ўраб бўлса-да, Покистонда анча пайт “керакли одамлар билан бирга бўлганимни”, раҳбарлар рухсати билан оиламни чақириб олиш учун Туркияга келганимда, сохта паспорт билан қўлга тушганим ва  мени Грузияга  депортация қилишганини айтдим.  

-Чатоқ бўпти, - деди Равил бироз ўйланиб қолгач. – Майли, бир соатларда телефон қилинг, мен бирор йўлини қидирарман. 

Бир соатдан сўнг,  Равилга  қайта боғландим. 

-Раҳбарият билан гаплашиб ҳаммасини ҳал қилиб қўйдим, - деди Равил. – Сен  бехавотир Грузияга учавер. Тбилисида йигитларимиз сени кутиб олишади ва Россияга етиб олишингга ёрдам беришади. Фақат эҳтиёт бўл, у ерда кўрганларинг ҳақида ҳеч кимга оғиз очма. Оилангни чақириб олсанг, менга  хабар қиласан. Орқага қайтиб боришингни  ҳам ўзимиз ташкиллаштириб берамиз. 

Чиндан ҳам Тбилиси аэропортидан чиқишим билан тепакал, соқолли иккита йигит кутиб турарди. Улар менинг кимлигимни аниқлаб олишгач, машинада олиб кетишди. Улар мендан ҳеч нарса сўраб ўтиршмади. Мен ҳам жим кетяпман. Ниҳоят мени шаҳарнинг бир четидаги квартирага олиб келиб жойлаштиришди. 

-Бир-икки кун шу ерда кутиб турасиз, батано,- деди йигитлардан бири рус тилида грузинча талаффуз билан. – Сизни қаерга юборишларини аниқлаб, ўзимиз кузатиб қўямиз.

Икки кун квартирадан чиқмай ўтирдим. Яхшиям йигитлар икки кунга етадиган озиқ-овқатни ташлаб кетишган. Бу икки кун менга икки ҳафтадек узоқ туюлди. Ниҳоят учинчи кун эрталаб эшик тақиллади. Қарасам, мени кутиб олган йигитлардан бири турибди. 

-Батано, мана сизга Харьковга чипта, - деди қўлимга самолёт чиптасини тутқазаркан. – У ерда сизни яна “ўзимизникилар” кутиб олиб, Россияга юборишади. 

Қисқси, аввал Украинага - Харьковга учдим. У ердан яна “биродарларимиз” ёрдами билан Россияга, Сочига йўл олдим. 2012 йилнинг июль ойлари. Мен Сочидаги ошхоналардан бирида, бир ошхонада ишлайман. Кейин уйимдагиларга сим қоқдим. Мендан роса хавотир олиб ўтиришган экан. 

-Дадаси, - деди аёлим йиғлаб. – Қаерларда юргандингиз? Бир оғиз “мен тирикман” деб қўймайсизми? Икки йилдан бери дом-дараксиз юрибсиз.

- Ҳаммасини кейин тушунтираман, - дедим нафасим бўғзимга тиқилиб. – Сен болаларни олиб, Россияга, Сочига келиш чорасини қил. Бу ерда ҳамма шароитлар бор. 

Аввалига хотиним кўнмади:

-Дадаси, шу ерда ҳам яхши яшаяпмиз, болаларингиз ҳам ўқиб юришибди. Ҳеч нарсадан камимиз йўқ. Ўзингиз қайтсангиз яхши бўларди.

Аммо, дағдағалардан кейин, келишга рози бўлди. Бир-бир ярим ой деганда хотиним болаларим билан Сочига етиб келди. Айниқса болаларимнинг қувончи чексиз эди. Уларни бирма-бир бағримга босиб, тўймас, кўз-ёшларимни аранг тийиб турардим. Шу тариқа улар билан битта ижара уйда яшай бошладим. 

Бу орада, “биродарлар”  телефон қилиб қўйишмайди:

-Биродар, оилангизни чақирган бўлсангиз, тезроқ келавермайсизми? Ё фикрингиз ўзгариб қолдими?

Биламан, агар фикрим ўзгаргудек бўлса, улар мени барибир тинч қўйишмайди ҳамма жойда одамлари бор. Мен-ку, майли, оиламга ҳам бирор зиён тегиши мумкин. 

Хуллас, оиламни Туркияга кетишга кўндирдим. Аввалига уларнинг ўзини жўнатадиган, бироздан сўнг,  ўзим борадиган бўлдим. Чунки, паспортимга  “депорт” муҳри босилгани учун бу билан Туркияга киролмайман. Демак, янги паспорт топишим керак. Бу эса маълум вақтни олади. Истанбулда оиламни тегишли одамлар кутиб, меҳмонхонага жойлаштиради, мен ҳам етиб борганимдан сўнг, қандай ҳаракатланишни ўзлари айтишади.  

Оиламни Сочи аэропортидан Истанбулга юбориб, ижарахонамга қайтиб келарканман, олдимда мени нималар кутатётгани ҳақида ўйлардим. Нималар қилиб қўйдим? Ўзимнинг Туркияга боришим сўроқ остида бўлса-да, хотиним ва болаларимни етти ёт шаҳарга қайси калла билан юбордим?

Мен жуда ҳатарли ўйинга аралашиб қолгандим. Ортга йўл йўқ эди. Энди бу йўлдан охиригача боришим шарт. Ҳар қалай, бу йўлда мен жонимни хатарга қўйиб, ўлимни бўйнимга олиб чиққандим. 

Ўзим яшайдиган уй йўлагига кирган ҳам эдимки, қаердандир пайдо бўлиб қолган, юзига ниқоб таққан бақувват йигитлар мени ушлаб қўлимни орқамга қайириб, кишан солишди. “Қўлга тушдим”, - ўшанда хаёлимдан кечгани шу бўлди...

Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари мени обдон сўроқ қилишгач, бошимдан ўтганларни оқизмай-томизмай айтишдан бошқа чорам қолмаганди. Кейин улар мени ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот идолари вакилларига топширишди. Тошкентдан озод қуш бўлиб учиб кетгандим, ўз нодонлигим сабаб қўлимда кишан билан она юртимга қайтиб келдим. 

Аёлим ва болаларим ҳам ана оворагарчилик, сарсон-саргандордонликдан сўнг, ҳукуматимизнинг ёрдами билан Истанбулдан уйга қайтиб келишибди. 

...2013 йилда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукмига кўра, жиноят кодексининг қатор моддаларига биноан айбланиб,  узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилдим. 

Қанчалик жаҳолат ботқоғига ботганим, нур деб зулматга талпинганим, жиҳод қиламан деб ўйлаб, ўз Ватанимга, халқимга ота-онамга хиёнат қилганимни кеч англаб етдим. 

Ҳар бир ота-она “ўсиб-улғайиб бир кунимизга ярайди, қарисак, боқиб парваришлайди, ўлсак, тепкилаб кўмади, ортимиздан чироғимизни ёқади, наслимизни давом эттиради” деб фарзанд ўстиришади. Менинг ота-онам ҳам бир куни келиб, шу ўғлимизнинг ортидан кўкрак кериб, фахрланиб юрайлик, деб ният қилишгани шубҳасиз. Мен ҳам ана шу мақсадда уйланиб, бола-чақа орттирганман. Аммо, ота-онам ҳам, аёлим ҳам, фарзандларим ҳам мен туфайли бошларини эгиб қолишди. Бунинг учун мен ўзимни кечиролмайман.

Равил сингари аблаҳ, зулмат гумашталарининг гапига кириб, миям заҳарланганини, ўз ҳаётимни ҳам, фарзандларим келажагини ҳам барбод қилганимни сезмай қолибман. 

Энди эса... 

Барча  қилмишларим хато эканини, исломий тушунчаларни менинг онгимга мутлақо нотўғри тарзда сингдиришганини тушуниб етганимда, ғишт қолипдан кўчиб бўлган экан.

Мана шунақа гаплар!...

Manba: Darakchi

Яндекс.Метрика