У нас есть только
оригинальные песни

«SMS» САБАБ ЭРИМ БОЛАСИНИ ТАН ОЛМАЯПТИ...

calendar 08.10.2016
1690

— Турмуш ўртоғим билан совчилар орқали танишиб, бир-биримизга меҳр қўйиб оила қурдик. Тўйдан икки ой ўтиб, тирикчилик ташвишида эрим чет элга кетди. Мен эса шу ерда қолиб, қайнона-қайнотамнинг хизматларини қиладиган бўлдим. Аммо ўша пайтларда биргина адашган «SMS» ҳаётимни бунчалар ўзгартириб юборишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Нотаниш рақамдан мени учрашувга таклиф қилган ўша машъум хабарни кўриб қолган қайнотам хиёнатда айблай бошлади. Уларга хақлигимни исботлашга уринганим сари мени ботқоққа ботира бошлашди. Охир-оқибат, бу гаплар эримнинг ҳам қулоғига етиб борди. Бу орада эса мен унинг изидан ўша давлатга бориб келдим, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг ўзи ҳам укасининг тўйига келиб қолди. Ва ниҳоят, икки йил кутганим – оналик бахтига эришишимни эшитиб ичимга сиғмай кетдим. Аммо қисматнинг менга аталган синовлари ҳали тугамаган экан. Энди оиламиз мустаҳкамланади, деб юрганимда эрим болани тан олмаслигини айтди. Ҳозир ота-онамнинг уйидаман, эрим ажрашамиз деяпти. Аммо мен буни истамайман. Оиламни асраб қолиш учун нима қилай, маслаҳат беринг. 

Олима, 25 ёш, Навоий вилояти.

Қайнонажон: — Янги келиннинг телефони жиринглаганда атрофдагиларнинг (ҳали улар учун сиз ўқилмаган китобсиз-да) юраги бир ҳапқиради. «Ким экан?» деган савол ҳар қандай одамнинг дилидан ўтади. Ҳар қанча ишонмайлик, шубҳа-гумонлар биз билан ёнма-ён юради. Она қизим, ҳеч бир инсон шубҳадан мустасно эмас. Токи, вазият шу даражагача чигаллашган экан, оилани сақлаб қолишнинг йўлини топишимиз керак. Эр-хотин бир-бирининг тилини, дилини тушунади. Аммо орият дегани ўлимдан ҳам кучли. Ота-онаси, яқинлари ўртасида гап-сўзга қолган келин билан яшаб кетиш, маломатга қолган хотиннинг боласини болам, дейиш ўлим билан баробар. Маслаҳатим, фурсатни бой бермай, фарзандингизнинг отаси билан дилдан, очиқ-ошкора гаплашинг. Иддао қилманг, аччиқ қилиб, ҳаддингиздан ошманг. Тарози баробар тош босишини истасангиз, ростгўй бўлинг, мард бўлинг. Алдов, авраш билан узоқ яшаб бўлмайди. Аччиқ бўлса-да, ҳақиқат яхши. Оилангизнинг бағри бутун бўлсин. 

Феруза Акромова, руҳшунос: — Синглим, фарзандингизни етим қилманг, оилангизни сақлаб қолиш учун курашинг. Авваламбор отангизнинг уйига келганингиз эрингизнинг наздида қўйилаётган айбларни тан олишингиз билан баробар, шунинг учун маҳалла маслаҳатчисини олиб, дарҳол ортга қайтиш ҳаракатини қилинг. Қўйилаётган айбларни инкор этаётиб ҳам ўзингизга ишонч билан қатъий шаънингизни ҳимоя қилинг. Чунки фақат ўзига ишонган инсонгагина бошқалар ҳам ишонч билдиришади. Турмуш ўртоғингиз билан ўртага бегоналарни қўшмай, самимий гаплашиб олинг.

Яндекс.Метрика