У нас есть только
оригинальные песни

Talabalar o‘qishini ko‘chirish va qayta tiklash tartibi qanday?

calendar 23.06.2015
2433


Ёз ойлари абитуриентлар учун нақадар қизғин бўлса, баъзи талабалар учун ҳам муҳим вақт ҳисобланади. Сабаби июль-август ойларида ОТМ қабул комиссиялари нафақат янги талабаларни ўқишга қабул қилиш билан, балки талабалар ўқишини кўчириш (перевод) ҳамда талабалар сафидан четлатилган талабаларни қайта тиклаш (восстановление) жараёнлари билан ҳам машғул бўлишади. Бугунги кунда мазкур мавзуга алоқадор кўплаб саволлар юзага келаётганлиги сабабли ушбу масалага имкон қадар ойдинлик киритишга ёрдам берадиган мақолани эътиборингизга ҳавола қилишни лозим деб топдим.
ҲУҚУҚИЙ АСОС
Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан тасдиқланган "Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан белгиланади.
ҚАЧОН?
Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.
КИМ ТОМОНИДАН?
Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш агарда бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бўлса, унда ОТМ ректори томонидан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:
1) олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;
2) олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчириш ва қайта тиклаш.
Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:
1) хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;
2) бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишлари (мутахассисликлари)га.
 АРИЗА КИМГА ТОПШИРИЛАДИ?
 Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризалари мос равишда қуйидагиларга топширилади:
Олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига:
1) ўша ОТМ доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича кўчириш ва тиклаш юзасидан;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳларга:
1) бир ОТМдан бошқа ОТМга;
2) хорижий давлатларнинг ОТМларидан (юртимиздаги филиалларидан ҳам) Ўзбекистон Республикаси ОТМларига;
3) ўша ОТМнинг турдош бўлмаган бошқа йўналишлари (мутахассисликлари)га.
 ҚАНЧА?
 Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.
 ҚАЙСИ КУРСДА?
 Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш биринчи курсдан бошқа барча курс талабаларига нисбатан қўлланилиши мумкин. Биринчи курсга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ман этилади (истисно тариқасида, талабага касаллик туфайли академик таътил берилиши мумкин).
 ЎҚИШНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ ҲАҚИДА
 Қуйидаги ҳолларда талабаликка қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган шахсга рад жавоби берилиши мумкин:
1) олий таълим муассасасида таълим олувчилар сони доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаганлиги;
2) шахснинг академик қарздорлиги ҳамда тегишли мутахассислик бўйича зарур билимларни ўзлаштиришига тўсқинлик қилиш даражасидаги ўқув режалари ва дастурларида фарқ мавжуд бўлганлиги.
Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.
Ўқишдан четлаштирилган ўқув йилида талабани ўқишга қайта тиклашга йўл қўйилмайди.
Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишга қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.
 ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ
 Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар аризасига кўра муайян таълим йўналиши (мутахассислик)да олий таълим муассасаларига тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.
Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини ўз таълим йўналишидан бошқа турдош бўлмаган таълим йўналишига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.
Талабаларнинг ўқишини шартли равишда кўчириш тақиқланади.
Яндекс.Метрика