У нас есть только
оригинальные песни

Telefonda surishtirib kelin olish mumkinmi?

calendar 08.01.2017
1863

Ўғил уйлантириш, бировнинг уйидан қиз олиш осон иш эмас, масъулиятли вазифа. Албатта, қиз аввал сўраб-суриштирилади, бўлажак қуданинг оиласи ўрганилади. Бу азал-азалдан амал қилиб келаётган одат. Чунки келин — оиланинг тинчлиги, саранжомлиги, тотувлиги, авлоднинг соғломлигидир. Лекин шу азалий одат замонамиз зайли билан ўзгарди, яъни замонавийлашди. Қуйида ана шу замонавийлашган қиз танлаш жараёни, яъни телефон орқали бўлажак келинни суриштириш ҳақида гаплашамиз.

Ортиқча оворагарчиликка не хожат?

— Ўғлимга қиз қидиравериб чарчаб кетдим. Бошида совчиликка жон деб борардим. Аммо бир йилда 30 та қизни кўриб, биронтасини ёқтирмагач, ҳафсалам пир бўлди: қизнинг уй-жойи, онаси, таг-зоти ёқса, учрашувга олиб чиқаман дердим. Лекин айнан шундай менинг талабларимга мос келган қизларни ўғлим ёқтирмади. Тушунаман, кўнгил жиз этиши керак, йигит кишига қизнинг ташқи кўриниши ҳам муҳим. Шу сабабли совчиликка бориш тартибимни ўзгартирдим: аввал телефон қилиб қизнинг ташқи кўринишини, бўй-бастини сўрайман, маъқул келса бораман. Ахир, совчи келади деб қиз томон ҳам бесаранжом бўлади, 4 та нон, мева-чева олади. Ортиқча харажатга чек қўйиш учун энди қизнинг онаси билан телефонда гаплашадиган бўлдим. Тўғри тушунса тушунди, тушунмаса, ўзи билади: ундай оиладан мен ҳам қиз олмайман.

Моҳира ая

Илгари аёллар кўчама-кўча юриб қиз суриштиришган, тўй-ҳашамларда қизларни кўриб, бўй-басти, жисмоний саломатлигини баҳолашган, куёвга мос келадими-йўқми деган саволга жавоб излашган бўлса, энди технологиялар асрида бу иш анча осонлашди. Шундай телефон қилиб қизнинг онасидан бўйи, ёши, оқ-сариқдан келгани ёки қормағизлигини ва бошқа жиҳатлари сўраб олишади. Уйма-уй юришнинг ҳам, маълум жойларда «қизкўрар» уюштиришнинг ҳам кераги йўқ. Шу жиҳатдан онахонимиз ҳақ. Фақат бу янгилик ҳамма қизларимизнинг оналарига хуш келаётгани йўқ. Ахир, қизи борнинг нози бор-да. Бу усул нафақат қизни суриштириш, балки онасини ҳам синовдан ўтказишдир. Қани, бўлажак қудасининг яхши ниятларини тушунармикан, у билан шу масалада фикри бир жойдан чиқармикан? Кўпинча ўзи аввал ўғил уйлантирган, совчиликка юриш тажрибаси бор аёллар бу вазиятга тўғри баҳо беришади ва телефон орқали қизлари ҳақидаги оғзаки маълумотномани ёддан шариллатиб айтиб ташлашади. Бу онахонимизга шундай аёллар мос келади, шундайлар билан қуда-андачиликни маромига етказади. Демак, ўзига қулай йўлдан бораверсин.

Дангасалашиб кетмаяпмиз?

— Қизлик уй —  бозор, шоҳ ҳам келади, гадо ҳам. Аммо замонамиз йигитларининг оналари жуда дангаса бўлиб кетишганми, билмадим. Совчиликни телефон орқали амалга ошириб қўяқолишаяпти. Тунов кун биттаси қўнғироқ қилиб қизимнинг бўйи ва вазнини сўраяпти. Аллақандай формулага солиб ҳисоблармиш, коэффицент чиқарармиш-да, шу коэффициент унинг талабига мос келса, кейин совчиликка келармиш. «Мен қиз узатмоқчиман, мол сотмаяпман!» дедим. Дуч келган одамга қизим ҳақида маълумотни кўрмай-билмай телефонда айтиб юборавераманми? Нияти яхши бўлса, келиб бир пиёла чой устида ўзимни ва қизимни кўриб кетмайдими? Ҳозир нима кўп – машина кўп. Замон мобиллашиб кетган. Бу кетишда тўйниям телефон орқали ўтказмасак бўлди...  

Нигора опа

Оналар қизларини кимнинг қўлига топшираётганларини билишни истайдилар, гарчи совчилар аввалдан таниш бўлса ҳам. Албатта, қўнғироқ қилиб қиз ҳақида маълумот сўрашнинг ёмон жойи йўқ. Бунда икки томон ортиқча югур-югур ва харажатлардан халос бўлади. Қизнинг ёши, маълумоти, бўй-басти ҳақидаги объектив маълумотлар сўралади, холос. Шу тарафдан телефон орқали қиз суриштиришни маъқул кўраётганларни тушунса бўлади. Лекин қайси она қизи ҳақида холис гапира олади? Ахир, қўнғиз ҳам боласини оппоғим деган-да... Демак, барибир суриштирганларингиз тўлиқ ва тўғри бўлмайди, ўз кўзингиз билан кўришга тўғри келади. Бошқа томондан, аёлларимиз қиз танлашда шу юзаки суҳбатларгагина таяниб қолаётганлари қанчалик тўғри? Олайлик, қиз улар истагандек оппоққина эмас, сал қорамағиздан келган. Бу унинг хунуклигини ёки бошқа бирон сабаб билан куёвболага мос эмаслигини билдирадими? Телеграм орқали расм сўраш эса умуман ўзини оқламайдиган вариант. Ким жигарпорасининг расмини танимаган одамига бериб юборади? Эртага нима мақсадда у расмдан фойдаланишини билмайди-ку. Шу сабабли телефон орқали қиз суриштириш нақадар қулай бўлмасин, самарали ва энг маъқул усул сифатида кўрилмайди. Барибир, оналар қизларини мақтайдилар ё қизини сўраб эшикдан кириб келишни лозим топмаган инсон билан қудачилик қилишни истамайдилар. Хўш, унда нима қилиш керак? Агар қизнинг ташқи кўриниши муҳим бўлса, уни ўқийдиган ё ишлайдиган жойига бориб зимдан кузатиш мумкин. Ўша ердан тўлиқ ва холис маълумотларни олса ҳам бўлади. Бирданига уч-тўрт қизни кўриб, ўғлингизнинг танлов имкониятини кенгайтирсангиз ҳам бўлади. Бир сўз билан айтганда, технология нақадар ривожланмасин, барибир бўлажак келинни бевосита кўришдан аълороғи йўқ.

Ташқи кўриниш борасида эса айнан замонавий технологиялар йигитларни ва уларнинг оналарини алдаб қўйиши мумкин. Ҳозирги қизлар пилинг, контуринг ва яна алламбало ...инглар воситасида юзларининг рангини ҳам, шаклини ҳам ўзгартириб олаяптиларки, энди олтинни мисдан ажратиш осон бўлмаяпти.

Бахт чиройда эмас!

— Бир дугонам қизи қорамағизгина бўлгани учун узатолмай ўтирибди. Совчилар қўнғироқ қилиб нуқул «Қизингиз оппоққинами?» деб сўрашармиш. Нима, оппоқ қизларнинг шохи борми-а, ҳамма оппоғини қидиради. Нега ҳеч ким ақли, эс-ҳуши, илми ё ҳунари билан қизиқмайди? Ҳаммага ҳусни, бўй-басти, бойлиги керак. Кейин келиним нобоп чиқди деб нолишади. Ахир ҳуснига учган, ўғлингизнинг кўзини очиш ўрнига «Чиройлиси бўлса бўлди» деб келин қилган ўзингиз-ку. Менинг 3 та қизим ҳам қорамағиз, аммо учовининг ҳам бахти очилиб, тиниб-тинчиб кетишди. Уларга «Сен гўзалсан, ўша ранги докадек оппоқ қизлардан кам жойинг йўқ, асл гўзаллик кўнгилда бўлади, ичинг чиройли бўлса, кўзларинг ёниб туради» деб ўргатганман. Уларни илмли ва чаққон қилиб тарбиялаганман. Айтишади-ку, ҳусн тўйда, илм кунда керак деб. Телефон орқали бундай маълумотларни сўраганларни эса бамаъни одамлар деб ўйламайман. Ундан кўра, ана, танишув сайтларидан қиз қидирақолишсин. Ўша сўраган маълумотлари қизларнинг анкетасида турибди. Асл қизларни кўриб, билиб, гаплашиб олиш керак. Шундай қизлар бўладики, бир қарашда кўримсиз туюлса ҳам, 5 дақиқа гаплашсанг, ичингга иссиқлик ва нур олиб киради. Истараси иссиқ дейишади-ку. Қандай қилиб истарани телефон орқали билиш мумкин?

Зулфияхон

Бу гапларга қўшилмай иложинг йўқ. Афсуски, аёлларимизнинг қиз танлашдаги мезонлари нотўғри ва кўпинча бузуқ бўлиб чиқаяпти. Ҳаммага данғиллама уйда яшайдиган чиройли ва бой қиз керак. Ўқимишли, иболи, ўзини кўз-кўз қилмайдиган камтар қизлар эса узоқ вақт бахтини топа олмай юради. Кейин оналар «Ҳозирги қизлар фалон, писмадон, ибоси йўқ, кўзингга тик қарайди» деб нолиб юришади.  Талабга яраша таклиф-да. Ерга қараб ибо билан юрадиган, ўзини кўз-кўзламайдиган қизларни илғай оласизми? Зағчадек ялтир-юлтирга учмай, қат-қат тупроқ тагидаги олтинни топа биласизми? Шундай қилмас экансиз, замонамиз қизлари учун ҳам фақат ташқи кўриниш муҳим бўлиб қолаверади. Сепли эмас, эпли қизга харидор бўлиш керак. Эпли қизни эса на телефонда суриштириб, на данғиллама ҳовли-жойдан мўлжал олиб топиш мумкин. Яхши қизларни келин қилиш учун том маънода яхши қизлар қандай бўлиши кераклигини совчиларимизнинг ўзлари ҳам билишлари керак.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Яндекс.Метрика