У нас есть только
оригинальные песни

Тиззаларингиз ҳаққи, югуринг!

calendar 14.09.2015
1634

Югурувчиларни мудом бир саол қийнаб келади: "Югуриш тиззаларимга зарар келтирмасмикан?” Олиб борилган бир қанча тадқиқотлар эса бунинг аксини кўрсатмоқда: югурувчи кишиларнинг тиззалари югурмайдиганларникига қараганда остеоартроздан ҳоли бўлар экан.

Тизза бўғинларидаги остеоартроз — тизза фаолиятидаги касалликдир. Тиззанинг олд ва орқа қисми остеоартрози билан Ер юзидаги ҳар тўрттадан битта одам оғрийди.

Бу борада ҳамон изланишлар олиб борилмоқда. Бир ҳолат олимларнинг диққатини ўзига тортади: маълум бўлишича, югуришни канда қилмайдиган кишиларда тизза фаолияти билан боғлиқ ҳеч қандай касаллик кузатилмас экан. Бу, албатта, олимларни қизиқтириб қўйди ва улар навбатдаги изланишларни олиб боришди. Тадқиқотга Бейлор тиббиёт коллежи ва Америка ревматология коллежи мутахассислари киришишди.

Тадқиқотга 2 439 нафар киши қатнашди. Уларнинг ўртача ёши 65 да, ораларидан 28 фоизи эса қачонлардир югуришни машқ қилишган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тадқиқотда югурувчилар гуруҳи эмас, аксинча, маҳаллий аҳоли орасидан ўзлари истаганлар қатнашди. Тадқиқот хулосалари узоқ олиб борилган текширувлар, рентген тасвирлари ва шунга ўхшаш тиббий назоратлардан олинди.

  Қатнашувчилар махсус сўровномалар тўлдиришди. Ушбу сўровноманинг алоҳида ажралиб турувчи хусусияти шунда эдики, унда қатнашувчиларнинг яшаб ўтган умрлари жисмоний фаолликка қараб, турли гуруҳларга ажратилган эди (12–18, 19–34, 35–49, ва 50 ёшдан кейин). Ана ундан кейин олимлар қатнашувчиларнинг югуриш вақти ҳамда остеоартроз пайдо бўлган давр боғлиқлигини ўрганишди.

Натижалар ўйлагандан ҳам кўра, қизиқроқ чиқди. Ёшликларида югуриш билан шуғулланган қатнашувчилар қариганларида ёки вазнлари ортиб кетганида, ёшликларида югурмаган кишиларга қараганда остеоартроз дардига 16–29 фоиз ҳолатда чалинмас эканлар. Аммо қатнашчиларнинг орасида ўз вақтининг спортчилари ҳам бор эди. Аммо шундоқ бўлсада, югуриш билан доимий равишда шуғулланиб келаётганлар ғолиб чиқишди.

Ўтган йили тарқатилган маълумотларга суянадиган бўлсак, остеоартроз тизза лат ейиши билан ҳам узвий боғланган экан. Буни янги ўтказилган тадқиқотлар ҳам тасдиқлади. Илгариги фаолиятлари даврида тиззаларидан жароҳат олган спортчилар ҳам айнан мана шу касалликдан азият чекишар экан. 

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, агар тиззаларингиз сизга узоқ йиллар мобайнида оғриқсиз хизмат қилишини истасангиз, уларни ортиқча жароҳатлар ва босимлардан эҳтиёт қилинг ва, албатта, югуришни канда қилманг.

Яндекс.Метрика