У нас есть только
оригинальные песни

Тонг саҳарда уйғониш учун 6 сабаб

calendar 01.03.2015
5330


Агар иш вақтингиз аниқ бўлса, сиз ҳар қалай эрталаб турасиз ва ишга шошасиз. Бироқ кундалик ишингиз ва дам олишингизни ўзингиз мустақил тарзда ташкил этувчи инсон бўлсангиз, у ҳолда "Нега эрта туришим керак?” деган саволни беришингиз табиий. Бу саволингизга жавобни қуйида топасиз.

1. Эрталаб мураккаб қарорларни қабул қилиш осонроқ

Психологларнинг таъкидлашларича, ирода кучи ҳам худди мушакларимиз кучи каби чекланган захирага эга. У кун давомида озайиб боради ва кечга бориб эрталабки ҳолатимиздан асар ҳам қолмайди. Бошқача қилиб айтганда, агар бирор қийинроқ ишни бажариш борасида қарор қабул қилмоқчи бўлсангиз, буни эрталаб амалга оширинг. Чунки кечқурун бир қарорга келмаслик ёки уни ортга суриш учун минглаб баҳоналар топилади.

2. Эрта тонг мусаффо бўлади

Бутун шаҳар ғала-ғовурни бошламасидан олдин уйқудан турсангиз, ўзингизни худди уйқудаги қиролликка тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Бўм-бўш кўча ва хиёбонлар, ҳеч қаерда тирбандлик ва навбатлар йўқ, ҳеч ким сизга телефон қилиб бошингизни оғритмайди. Бутун олам осуда уйқуда бўлади ва тонг сизга қимматли соатларни тақдим этади. Бу вақтдан унумли фойдаланинг!

3. Эрталаб чалғитадиган нарсалар кам бўлади

Эрта саҳар уйғониб, ижтимоий тармоқдаги профилингизни текширасиз ва атиги учта янгиликни кўрасиз. Электрон почтангизга эса бирорта ҳам хабар келмаган. Янгиликлар сайтларида ҳам деярли янги нарса йўқ. Эрталаб ҳарчанд уринманг, миянгизни кераксиз маълумотлар билан тўлдирувчи, сизни чалғитувчи нарсаларни топишингиз қийин. Муҳимроқ иш билан банд бўлиш учун айни палла.

4. Эрталабки унумли иш бутун кунга татийди

Агар эрталаб туриб ҳеч бўлмаса олдингизда турган битта вазифани бажара олсангиз, қолганларини ҳам бажаришга улгурасиз ва кечки пайт бўш вақтингиз кўпроқ бўлади. Лекин дангасалик қилиб ишни ортга сурсангиз, бутун кунингиз унумсиз ўтади. Эрталабки иш эса баракали бўлади.

5. Эрталаб зўриқиш кам бўлади

Тўғрироғи, умуман бўлмайди. Руҳий ҳолатингиз шу даражада аъло бўладики, буни қуёшнинг илк нурлари товланаётган сокин сувга ўхшатиш мумкин. Бундай кайфият билан бемалол медитация ёки йога билан шуғулланиш, китоб ўқиш мумкин. Бундай машғулотларни куннинг ўртасида ёки кечки пайт бажарсангиз эрталабки ҳолатингиздагидек таъсирга эга бўлмайди.

6. Кундузи дам олишга имкон беради

Агар эрталаб уйғониб, куннинг биринчи ярмидаёқ мўлжаллаган ишларингизни бажара олсангиз, бу сизга дам олиш учун бўш вақт тақдим этади. Барча ишларидан қутулган одам кундузи бир соат мизғиб олса ҳеч нима қилмас?

Хўш, сиз ҳам тонг саҳарда турасизми? Таассуротингиз қандай? manba: xabardor.uz


Яндекс.Метрика