У нас есть только
оригинальные песни

Тошкент кўчаларидаги реклама ва эълонлар тартибга келтирилади

calendar 02.04.2015
3005


Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов 19 март куни "Тошкент шаҳри кўчалари, бино ва иншоотларидаги реклама, эълон ва турли ахборотларни тартибга келтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор матни 1 апрель куни "Тошкент оқшоми” газетасида эълон қилинди ва шу кундан кучга кирган ҳисобланади.

Қарорда қайд этилишича, шаҳар кўчалари, хиёбонлари, бино ва иншоотлари, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотларда "орфографик хатолар бор, улардан иккиламчи ва маънавиятимизга зид маънолар келиб чиқмоқда”.

Бундан ташқари, «Давлат тили тўғрисида»ги, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган талаблар бузилаётганлигини инобатга олиб, шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳар Маънавият ва маърифат Кенгаши аъзоларининг ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан билдирган таклифларини маъқуллаган.

Туман ҳокимликларига беш кун муддат ичида Ички ишлар бош бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси, Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари департаменти, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузиш ҳақида кўрсатма берилган.

Ишчи гуруҳларига эса тумандаги бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташқи томони ва атрофига жойлаштирилган реклама, эълон ва ахборотлардаги матн, ташқи дизайни ва ҳажмини ўрганиб чиқиш вазифаси юклатилган. Орфографик хатолар билан ёзилган, «Давлат тили тўғрисида»ги, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунлар, архитектура талаблари ва "маънавиятимизга зид” реклама, эълон ва ахборотларни тартибга келтирилиши керак.

Ушбу ишчи гуруҳлар тадбиркорлик субъектларига ўрнатиладиган реклама, эълон ва ахборотлар архитектура ва қонун талабларига жавоб бериши, матнларнинг давлат тилида тўғри ёзилиши ҳамда акс эттирилган кўринишлар "маънавиятимизга мос бўлиши лозимлигини” тушунтириш ҳамда мазкур тарғибот воситаларини жойлаштиришдан аввал, матнлар пухта текширилиши лозимлигини тавсия этишлари керак.

Қарорда қайд этилишича, ташқи реклама, эълон ва ахборотларни маданий мерос объектлари, ташқи ёритиш устунлари, йўл белгилари ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланган.

Ишчи гуруҳлари "қонун ҳужжатларига зид бўлган, бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари пештоқларидаги орфографик хато билан ёзилган ёзувлар, тарғибот воситалари, иккиламчи маъноли сўзлар ва маънавиятимизга тўғри келмайдиган суратларнинг жойлаштирилишини олдини олиш чораларини кўриши” керак.

Ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган вазифалар амалга оширилиши бўйича йўналиш хариталари ишлаб чиқилиб, бажарилган ишлар ҳар ҳафтада муҳокама этиб борилсин ва назоратга олиниши керак.

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси, Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, махсус жамоатчилик гуруҳи билан биргаликда шаҳардаги жамоат транспортларида жойлаштирилган реклама, ахборотлар, ёзувлар ва номларнинг матнлари ҳамда дизайнини ўрганиб чиқиб, камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалдаги қонунчиликка мос бўлишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриши керак.

"Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспортларда жойлаштирилган реклама, ахборот воситалари, ёзувлар ва номларнинг матнларидаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори талабларига мувофиқ чоралар кўрилиши инобатга олинсин”, – дейилади ҳоким қарорида.

Шаҳар ҳокими қарорига мувофиқ, туман ҳокимликлари, Ободонлаштириш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, «Тошшаҳарнур» ДУК билан биргаликда шаҳар кўча ёритгичларининг таянчлари ва дарахтларни турли мавзулардаги эълонлардан тозалаш ишлари амалга оширилсин.

Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармасига эса фуқаролар шахсий эълонларини жойлаштириши учун махсус стендлар намуналари лойиҳаси ишлаб чиқилсин ҳамда улар ўрнатиладиган жамоат жойлари бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.


Яндекс.Метрика