У нас есть только
оригинальные песни

Тошкентда “Тозалаш – антитеррор” тадбири ўтказиляпти

calendar 23.08.2012
2568

Байрам кунлари Тошкент шаҳрида тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида изчиллик билан амалга оширилмоқда.


Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи подполковник Бахтиёр Эгамбердиев ЎзА мухбирига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу борада ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли "Тозалаш – антитеррор” тадбири уюшқоқлик билан давом эттириляпти. Унда ички ишлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, кўча ва уйбошилари, маҳалла посбонлари, жамоат ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир.

Б.Эгамбердиевнинг қайд этишича, паспорт тизими қоидаларига амал қилинишини таъминлаш бўйича рейдлар ўтказилиб, қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Тадбир давомида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланган.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳам осойишталикнинг муҳим омилларидандир. Шу боис аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги тадбирлари янада кучайтирилди. Соҳа ходимлари аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда хонадонлар, ташкилот ва корхоналарда текширишлар ўтказилди. Аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Подполковник ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган профилактика инспекторларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлайди. "Уларнинг самарали фаолияти натижасида жамоат жойларида тартиб-интизом тобора яхшиланмоқда. Вояга етмаганлар ва муқаддам судланган шахслар томонидан жиноят содир этилиши кескин камайгани кузатилди. Айни пайтда пойтахтимиздаги 476 милиция таянч пунктида соҳа ходимларининг куну тун фаолият юритиши йўлга қўйилган Йўл-патрул хизмати назорати янада кучайтирилди. Тошкент шаҳрига ўқотар қуроллар ва портловчи моддалар, гиёҳвандлик воситаларининг кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида Йўл-патрул хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилмоқда”, - дейди у.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллаларда, корхона, ташкилот ҳамда ўқув муассасаларида огоҳликка чорловчи тадбирлар, "Ўз уйингни ўзинг асра” мавзуида учрашув ва суҳбатлар ташкил этилаётир. Ҳамюртларимизнинг ҳушёрлиги ва огоҳлиги, тинчликни сақлаш нафақат тегишли идоралар ходимлари, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини яхши англаб етаётгани осойишталикнинг муҳим омили бўлмоқда.
Яндекс.Метрика