У нас есть только
оригинальные песни

TOSHKENTDA YANGI YIL TOMOSHALARI BOSHLANDI

calendar 29.12.2012
2490

Янги йил байрами муносабати билан пойтахтнинг "Мустақиллик ва эзгулик” майдонидаги томоша дастурлари жорий йилнинг 28 декабридан 2013 йилнинг 7 январига қадар ҳар куни узлуксиз кеч соат 19.30 қадар давом этиб, шоу-томоша тарзида ўтказилади.
"Мустақиллик ва эзгулик” майдонининг ёш болалар учун мўлжалланган саҳна майдонига юмшоқ маҳсулотлардан ишланган ҳар хил ўйин қурилмалари жойлаштирилди. Майдондан ташқаридаги фавворалар атрофига Тошкент шаҳридаги Маданият ва истироҳат боғларининг аттракционлари ўрнатилди.

Томошалар 2 та саҳнада ҳамда арча атрофида ўтказилади. Майдонда намойиш этиладиган театрлаштирилган томошалар, концертлар, мултфильмлар ва бошқа кўнгилочар томошалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, режиссёр Марат Азимов томонидан мувофиқлаштирилмокда. Байрам томошасини очишда ва якунлашда фойдаланиш учун юртимизнинг машҳур қўшиқчилари ижросида бастакор Мусохон Нурматов ва шоир Ботир Эргашев сўзи билан "Салом янги йил" мусиқий композицияси илк бор ёзилди. 
Ҳозирда эртак ҳамда замонавий кўринишдаги қаҳрамонларнинг майдон узра ҳамда саҳнада жойлашуви ва ҳаракатланиши устида ишланмоқда. Биринчи саҳнада кун давомида 4 маротаба (ҳар куни соат 10.00, 12.00, 14.00, 16.30 да) ўзбек Миллий академик драма театри томонидан саҳналаштирилган "Янги йил эртаги" номли театрлаштирилган томоша намойиш этилади. Мазкур томоша бир соатга мўлжалланган бўлиб, асосан ёш болалар ҳамда ўсмирлар учун саҳналаштирилган. 

Ҳар куни 16.30 дан ушбу саҳнада "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси Тошкент шаҳар бўлими, Академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси, Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон Давлат консерваторияси хонандалари ижросида концерт дастурлари намойиш этилади. Дастурлар миллий, мумтоз куй-қўшиқлар ҳамда фольклор-этнографик қўшиқлар, кўринишлар, болалар ансамбллари, миллий ва замонавий эстрада қўшиқларидан иборат. 

Иккинчи саҳнада махсус ўрнатилган замонавий катта экран орқали илк бор болаларга миллий қаҳрамонларни тарғиб этувчи мультфильмлар намойиш этилади. Шунингдек, майдонга кўрк қўшиб турган 14 қаватли бинонинг томошабинларга қарама-қарши деворига илинган улкан экранда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан республика ҳудудларида ўтказилаётган байрам тадбирларидан лавҳалар берилиб турилади.
Яндекс.Метрика