У нас есть только
оригинальные песни

Toshkentdagi 76 mingga yaqin xonadon 60 yil avval qurilgan va yashash uchun xatarli bo'lgan eski uylarda hayot kechirmoqda

calendar 10.12.2016
1870

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв ўзининг Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан учрашувдаги нутқида шаҳарнинг бош режасига асосан, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, 290 минг одам ёки 86 минг оила учун умумий ҳажми 8 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган янги кўп қаватли уйлар барпо этилиши ҳақида маълум қилганди.

“Ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтимизда 76 мингга яқин хонадон 60 йил аввал  қурилган ва яшаш учун хатарли бўлган эски уйларда ҳаёт кечирмоқда.

Айнан шу боис биз бу борада мутлақо янги дастурни амалга ошириш бўйича, яъни 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли арзон уй-жойлар қуриш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Даромади юқори бўлмаган, шунингдек, эски уйларда яшаётган оилалар имтиёзли ипотека кредитлари ва солиқ имтиёзлари асосида бундай уйлардан квартира харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Хусусан, дастлабки босқичда ушбу мақсадларга келгуси 5 йилда жами 2,5 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Жумладан, 1,8 триллион сўм банкларнинг имтиёзли кредитлари ва 615 миллиард сўм аҳолининг бошланғич бадаллари ҳисобига шакллантирилади. Бунинг эвазига 32 минг хонадондан иборат бўлган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади”, дейди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.

Турар-жой мавзеларини қуришда уларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик тармоқлари билан таъминланиши, уйларнинг атрофини обод қилиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга янги қуриладиган аҳоли мавзеларига яқин жойларда хизмат кўрсатиш соҳаларида янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Масалан, Бектемир туманида яқин 5 йил ичида 20 та кўп қаватли уй янгидан қурилиб, жами 4 мингдан ортиқ аҳоли замонавий уй-жой билан таъминланади. Ушбу кўп қаватли уйлар Ҳусайн Бойқаро кўчаси ҳамда “Бинокор” ва “Сувсоз” даҳалари бўйлаб барпо этилиши мўлжалланмоқда.

Яшнобод туманидаги Тараққиёт кўчасида 70 дан ортиқ кўп қаватли уйлар, савдо-кўнгилочар марказлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари қурилиши яқин кунларда бошланади.

Мирзо Улуғбек туманида 60 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бу ерда 20 минг 600 дан ортиқ аҳоли замонавий уй-жой билан таъминланади.

Яндекс.Метрика