У нас есть только
оригинальные песни

Тожикистонда рублларда жўнатилган пул жўнатмалари сомонийда бериладиган бўлди

calendar 04.02.2016
1211

Тожикистон Миллий банки мамлакатнинг кредит ташкилотларига жорий йилнинг 2 февралидан Тожикистонга келувчи Россия рублларидаги пул жўнатмаларини миллий валюта – сомонийда беришни буюрди.

Манбанинг маълум қилишича, бу буйруқ фақатгина Россия рублларида юборилган жўнатмаларга тааллуқли бўлиб, бошқа хорижий валюталарга нисбатан амал қилмайди.

"Буйруққа кўра, жисмоний шахсларнинг банк ҳисоб рақамини очмасдан юборадиган жўнатмалари сомонийда берилади", дейилмоқда Миллий банкда.

Манбанинг маълум қилишича, бу буйруқ миллий валютани қўллаб-қувватлаш, унинг курсини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.

Бугунги кунда 1 Россия рубли Тожикистон Миллий банки расмий курси бўйича 0,1028 сомонийни ташкил қилади.

22 январда бўлиб ўтган ҳукумат учрашувида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон барча масъул шахсларга қисқа муддатларда банк тизими қонунчилигининг валюта тартибга солиши ва унинг бузилиши учун жавобгарлик қисмига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчаларни ишлаб чиқиш ва тақдим қилиш вазифасини юклаганди.

Бундан ташқари, мамлакат ҳудудида сотиш-сотиб олиш бўйича барча операциялар фақатгина миллий валютада амалга оширилиши кераклиги таъкидлаб ўтилган. Манфаатдор доиралар томонидан валюта айирбошлашда юзага келтирилиши мумкин бўлган сунъий тўсиқларни бартараф этиш мақсадида валюта айирбошлаш нуқталари сонини кўпайтириш буюрилган.

Куни-кеча Тожикистон Миллий банки раҳбари Жамшид Нурмаҳмадзода 2015 йилда Россиядан Тожикистонга 2014 йилга қараганда 4 млрд рубль, яъни 3 фоизга кўпроқ пул жўнатилганини маълум қилганди.

Нурмаҳмадзоданинг таъкидлашича, Тожикистонга юборилган жами пул жўнатмаларининг 95 фоизи Россиядан жўнатилган. Миллий банк раҳбари ўтган йили юборилган жами пул миқдорини ошкор қилишни лозим топмаган.

Яндекс.Метрика