У нас есть только
оригинальные песни

TURMUSH QURGAN YOSH SANATKORLARNING BAXT FORMULASI

calendar 31.10.2012
8431
TURMUSH QURGAN YOSH SANATKORLARNING BAXT FORMULASI

2012 йил "Мустаҳкам оила йили” санъат аҳли учун анча сермаҳсул келди. Мазкур йилда кўплаб таниқли санъаткорларимиз ўз бахтларини топиб, улар билан севги ришталарини боғлашди. Янги қурилган бахт қасрининг пойдевори мустаҳкам бўлиши, аввало икки ёшнинг бир-бирини қай даражада тушунишига боғлиқ. Шу сабабдан ҳам қуйида оила қурганига кўп бўлмаган санъат вакилларининг оилавий бахт сирлари билан танишиш мақсадида кичик сўровнома ўтказилди

Лойиҳа шартига кўра саволларга Мадина Мумтоз, Ирода Исмоилова ва "Шод" гуруҳи хонандаси Дониёр Носиров жавоб беришади. 

Саволллар:
1. Турмуш ўртоғингиз билан танишувингиз қандай кечган?
2. Қайнона қайнотангизнинг касбингизга муносабати қандай?
3. Нечта фарзанд кўришни орзу қиласиз.
4. Оила қурганингиз келгуси ижодингизга ўз таъсирини кўрсатадими?
5. Тўйдан кейин турмуш ўртоғингиздаги қайси хислатга ўргана олмаяпсиз.
6. Сизнингча идеал оила.
7. Оила қурганингиздан кейин ўзингиздаги қайси одатингизни йўқотишга ҳаракат қиляпсиз?
8. Интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланишингизга турмуш ўртоғингиз қандай қарайди?

Ушбу икки савол эса уларнинг турмуш ўртоқлари учун мўлжаллаган.
1. Турмуш ўртоғингизни мухлисларидан рашк қиласизми?
2. Умр йўлдошингизнинг тўйдан кейин кашф этилган уч хислати.

"Яхши муносабатга касб тўсиқ бўлолмайди”

Мадина Мумтоз, хонанда:
1. Учрашув санамиз аниқ эсимда. 2011 йилнинг 12 октябр санасида яқин бир танишимнинг уйига меҳмонга боргандим. У ерда турмуш ўртоғим билан ёнма-ён ўтириб қолганмиз. Ўша учрашув баҳона танишиб қолганмиз.
2. Қайнонам мени келин қилмасларидан аввал, санъаткор эканимни эшитиб ҳайрон бўлган эканлар. Ҳозир эса касбимга нисбатан ҳеч қандай эътирозлари йўқ. Қайнона-келиннинг яхши муносабатда бўлиши учун касбнинг дахли йўқ, назаримда.
3. Тўртта.
4. Албатта. Келгусида оилали аёллар ролини ўйнасам ҳеч қийналмасам керак деб ўйлайман.
5. Ҳеч қачон қандай овқатни кўнгли тусаётганини айтмайдилар. Бирор овқатни пиширганимдан сўнг, "зўр чиқибди” дейдилар-да, охирида "аслида бу овқат менга ёқмасди” деб қўшиб қўядилар.
6. Агар ўзаро муҳаббат, тинчлик, ҳурмат, садоқат, яқинлар саломатлиги бўлса, ўша оила идеал, менимча.
7. Уйқучилигимни.
8. Ижтимоий тармоқларнинг фаол аъзоси эмасман. Турмуш ўртоғим буни билгани учун ҳам, бу масалага жиддий тўхталмайди. 

Мурод Мажидов, тадбиркор:
1. Назаримда аёл киши ҳам, эркак киши ҳам ўз жуфтини рашк қилиши керак.
2. Мадинанинг керак пайтда тинглашни, қулоқ солишни билишини ҳурмат қиламан. Бундан ташқари, у ўта меҳрибон. Ва энг асосийси, ҳар қандай вазиятга ижобий ёндашиб, тўғри хулоса чиқара олади.

"Турмуш қурганимизга бир ҳафта бўлди"

Дониёр Носиров ("Шод” гуруҳи хонандаси):
1. Кўпчиликка маълумки турмуш ўртоғим тоғамнинг қизи. Хуллас, бизнинг танишувимиз у қадар оламшумул воқеа бўлмаган.
2. Қайнона-қайнотам ижодимни ҳурмат қилишади. Айниқса, тоғам ҳеч қачон ёрдамларини аямай доим қўллаб-қувватлаб келганлар.
3. (кулиб) Олтита.
4. Менимча ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Гарчи турмуш қурганимга кўп бўлмаган эса-да, дарров ишга тушиб кетдим.
5. Билмадим. Турмуш қурганимизга эндигина бир ҳафта бўлди. (кулиб) Бундай одатлари йўқ назаримда.
6. Борига ҳам, йўғига ҳам қаноат қилиб яшалсагина, идеал оила шаклланади.
7. Бироз дангасалигим ва уйқучилимни йўқотишга ҳаракат қилишим керак.
8. Очиғини айтсам, турмуш ўртоғим ижтимоий тармоқдаги сайтларга киришимга қарши. Ҳатто жаҳли ҳам чиқади.

Муҳинур Эрматова, ҳамшира:
1. Унчалик рашкчи эмасман. Очиғи, аввалдан бир нарса дейиш қийин.
2. Ҳар қандай вазиятда ҳам кўйнимга қарайдилар. Кўпчилик эркаклар аёлларнинг гапини эшитмасликка ҳаракат қилишади, бироқ Дониёр акам мени тинглашни биладилар. Яна ўз манфаатларини бошқаларникидан устун қўймасликларини ҳурмат қиламан.

"Футболни деб баҳслашиб турамиз”

Ирода Исмоилова, раққоса:
1. Турмуш ўртоғим билан танишувимиз ҳаётимдаги энг бахтли тасодиф, десам муболаға бўлмайди. Бироқ биз танишувимизни оиламиз билан сир тутишга аҳд қилганмиз (кулиб).
2. Қайнона-қайнотам касбимни ҳурмат қилишади. Ўзлари ҳам санъатнинг шайдоси. Айниқса, қайнонам ҳеч қачон мендан ёрдамларини аямайдилар.
3. Турмушга чиқмасимдан аввал фарзандларим учта бўлишини истардим. Ҳозир эса истакларим бирмунча ошган. Насиб этса, бешта фарзанд кўришни ният қилганман.
4. Аввало ҳаммаси тақдирга боғлиқ. Эртага нима бўлишини айтиб бўлмайди. Лекин оиламизда санъатдан воз кечишим ҳақида гап бўлмаган.
5. Иккимиз ҳам футболнинг ашаддий мухлисимиз. Лекин футболни деб баҳслашиб қолишимиз ёқмайди.
6. Қарс икки қўлдан чиқади, деб бекорга айтишмайди. Биринчи навбатда ёшлар катталарни, яъни қайнона-қайнотасини ҳурмат қилиши, уларнинг насиҳатларига қулоқ солиши ва амал қилиши керак. Ахир, ҳеч бир ота-она ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмайди-ку.
7. Лов этиб ёниб, лов этиб ўчаман. Шу одатимни йўқотишга қатъий киришганман.
8. Тўйдан аввал турмуш ўртоғим бунга унчалик эътибор қилмасди. Ҳозир эса аксинча. Умуман олганда, ижтимоий тармоқнинг зарари бўлса борки, фойдаси йўқ.

Муроджон Ишмуҳамедов, маркетинг бўйича менежер: 
1. Эркак кишида рашк бўлиши турган гап. Турмуш ўртоғимни айрим мухлисларидан рашк қилишимни яширмайман.
2. Тўғрисўз, ҳақиқатни айтишни яхши кўради. Ҳар бир гапимни қонундек қабул қилиб, унга сўзсиз риоя этишини қадрлайман. Бирор ишни бошлашидан аввал, маслаҳатлашишини ҳурмат қиламан.

Яндекс.Метрика