У нас есть только
оригинальные песни

Turmush qurishganiga 18 yil bo'lganiga qaramay, hali ham yosh kelin-kuyovdek juftlik

calendar 15.10.2016
3130

Бу жуфтликни кўриб, «Узукка кўз қўйгандек» деган иборани эсладим. Суҳбат давомида эса бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Танишинг, лойиҳамизнинг галдаги меҳмонлари — эл суйган санъаткор Азиз РАЖАБИЙ ҳамда Дурдона РАЖАБОВАлар. Уларнинг турмуш қуришганига 18 йил бўлган, аммо ҳали ҳам ёш келин-куёвдек. Фарзандлари Феруз 17 ёш, Музаяна 14, кичиги Нармина эса уч ёшда. Суҳбатни бошлашдан аввал ёш кўринишларининг сири билан қизиқдим. Жавобини эса суҳбат давомида маълум қиламан. 

— Азиз ака, оилангизга кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бахтли турмушингиз тарихи қандай бошланган?

Азиз: — Рафиқамни илк бор туғруқхонада кўрганман. Ўшанда етти ёшда эдим. Онам, бувим билан биргаликда қариндошимизнинг янги туғилган чақалоқни йўқлаш учун боргандик. Дурдона кўз олдимда улғайган. Бир пайтлари унга ўзим куёв излаганман ҳам. Оила қуриш фурсати етганида ота-онам ёнларига чақириб, уйланиш ҳақида сўз очишди. Кейин «Дурдонага нима дейсан?» дея сўрашди. Рости, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган ҳам эканман. Кутилмаган таклиф бўлса-да, даров «Розиман!» дегандим. Тақдир деганлари шу бўлса керак-да! Мана, тўйимиз бўлганига ўн саккиз йил тўлди. Аёлимни ҳали ҳам ўша пайтлардаги каби, ҳатто, ундан ўн чандон ортиқроқ севаман. 

— Дурдона опа, Азиз аканинг совчиларини кўриб, ҳайрон бўлгандирсиз?

Дурдона: — Нимасини айтасиз? Бошқаларга ўхшаб, «севдим» «куйдим» деган дил изҳорли бўлмаган бўлса? Аммо Азиз аканинг қандай инсонлигини билганим учун бахтли бўлишимизга кўзим етган. 

— Илк севги изҳори ёдингиздами?

Азиз: — Биринчисими? Қачон айтгандим, Дурдона? 

Дурдона: — Тўйдан кейин айтгансиз. Учрашувларга ҳам чиқмаган эканмиз, ўйлаб қарасам. Чунки бир-биримизни, феъл-атворимизни яхши билардик-да. Фақат туғилган кунимда гулдаста кўтариб келганлари ҳамон эсимда. 

Азиз: — Ўшанда қаттиқ шамол бўлганди. Куёвтўраларга ўхшаб кийиниб олганман. Гулдаста, совға-салом билан бўлажак рафиқамни табриклаш учун бордим. Лекин на шамол, на ёмғир йўлимни тўсолмади (кулади)! «Мени жуда яхши кўрар экансан-а, Дурдона, қара, табиат ҳам тилга кириб кетди», дегандим ўшанда. «ЗАГС» борганимиз-чи, эсингдами? Чиройли кўйлакда келгандинг. 

 

— Аксарият эркаклар учун тўйдан сўнг романтика тугайди.

Дурдона: — Бизда эса аксинча бўлган. 

Азиз: — Эр-хотин муносабатлари кўп жиҳатдан оиладаги тарбияга боғлиқ. Чунки йигит киши отасини кўриб, қизлар эса онасидан андаза олиб улғаяди. Оила қургач, улардек бир-бирига муомала қилади. Менда ҳам шундай. Отам онамга сизлаб мурожаат қилади. Эрталаб халқ хизматига йўл олса, онам ҳали ҳам янги келинчаклардек ўзлари кузатиб қўяди. Мен ҳам улардек яшашга ҳаракат қиламан.

Дурдона: — Оилада ижобий муҳит яратиш аёлга ҳам, эркакка ҳам бирдек боғлиқ. Асосийси, эр-хотиннинг бир-бирини тушуниши. Чунки тушунмовчиликлар кузатиладиагн оилада ҳузур-ҳаловат бўлмайди, романтика кўнгилга сиғмайди. 

— Одатда, эркаклар рафиқасининг қайсидир одатларини ўзгартиришга уринади. Сизда ҳам маълум чекловлар рўйхати бордир, Азиз ака?

Азиз: — Ҳар бир инсоннинг ўзига билинмайдиган хато-камчиликлари бўлади. Бир оила бўлиб яшаш учун уларни тўғрилаш керак. Рафиқамнинг менга ёқмайдиган одатларини ўзига тушунтирганман. Ўзгартиришга ҳаракат қилган. Ростини айтаман, кўпроқ у мени тарбиялаган. 

Дурдона: — Кимнингдир феълини ўзгартириш қийин. Агар менга турмуш ўртоғимнинг бирор одати маъқул келмаса, ётиғи билан тушунтираман. 

Азиз: — Аёлини мақтаяпти, деманг. Аммо тушунтириш борасида ҳам кишига маҳорат керак-да. Ким билади, агар янги оила қурган вақтимиз жаҳл қилиб, қўрслик билан муомала қилганида ёки камчилигимни очиқ-ойдин юзимга солганида мен ҳам тўғри қабул қилмаган бўлармидим? Чунки ҳеч қайси эркакка аёлининг ундан устун келиши ёқмайди. Эр-хотин бир-бирига овозини баландлатмай, тушунтириш орқали вазиятни ҳал этишни ўрганиш керак экан. Ўзим ҳам бир вақтлар рафиқамни кўп тергардим. Кейин билсам, қилаётган ишим нотўғри. 

— Аразлашиб қолган пайтларингиз ҳам бўладими?

Дурдона: — Баъзан бўлиб туради. Негалигини ўзингиз айтасизми, Азиз ака?!

Азиз: — Гоҳида уйга кеч қайтаман, шунда аразлаб қолади. Аниқроғи, авваллари шундай бўларди. Ҳозир ишим кўпайиб кетса, огоҳлантираман. Биласиз, санъаткорларнинг асосий иш вақти тунда бошланади. Мусиқа басталаш, қўшиқ ёзиш. Лекин баъзиларга ўхшаб, кунлаб аразлашиб юрмаймиз. Узоғи ярим соат. Кейин мен кулиб юбораман, шу билан ярашиб оламиз. 

— Аёли оқила бўлган эркак қаримайди, дейишади. Нима дедингиз?

Азиз: — Мени неча ёш, деб ўйлайсиз? Сочимга оқ оралаганига қараманг. Бу авлодимизда бор. Уйланмасимдан аввал сочимга оқ тушган. Кўпчилик ёш кўринасиз, дейди. Шукр оилам тинч, ҳаётимдан мамнунман, розиман, шунга ҳам қаримасам керак-да. 

— Иборанинг давоми ҳам бор: «Яхши эр аёлини қаритмайди»

Дурдона: — Албатта! Ахир оиласи тинч бўлган аёл сиқилмайди, хасталанмайди. Акси бўлганида эса, ёш бўлса-да, юзига ажин тушиб, ҳам руҳан, ҳам жисмонан кексайишни бошлайди. Ҳамиша ёш кўринишнинг сири эса оддий: «Хўп бўлади!»ни шиор қилиш. Мана шу иккита сўз билан эрингизни ҳам хушнуд қиласиз, асабингизни ҳам асрайсиз. 

— Азиз ака, рафиқангизнинг ишлашига рухсат бермаган экансиз?

Азиз: — Келинойингиз жуда катта ишда ишлайди. Маъсулиятли, жуда муҳим вазифаси бор: фарзандлар тарбияси! Биз ота-онамдан алоҳида яшаймиз. Болаларга қарайдиган одам йўқ. Шунга ҳам бу иш билан ўзи шуғулланади. Бир муддат Юнус Ражабий уй музейида ишлади, онамга ёрдам берди. Ҳозир эса уйда. 

— Ота бўлган дамларингиздаги туйғуларни эслайсизми? Рафиқангизга айтган илк сўзингизни-чи?

Азиз: — Ўша бахтли онларни унутиб бўлармиди?! Дурдонани туғруқхонага олиб бориб, дарддан қийналганларини кўриб, кўзим ёшланган. 

Дурдона: — Ойижонимга «Фарзанд дунёга келтириш шунақа қийинми?», деганингиз-чи, ёдингиздами?

Азиз: — Кўзи ёригач, ичкарига кириб, «Раҳмат, Дурдона!» дея олганман, холос. Ўғлимни қўлимга олганимда қаттиқ ҳаяжонланганман. Музаяна туғилганида-ку, жуда-жуда суюнгандим. Кенжамиз Нарминанинг дунёга келиши эса яна ўша бахтли онларни туҳфа қилди! 

 

— Хўш, болалар тарбиясида сизнинг иштирокингиз қай даражада?

Азиз: — Тарбия масаласида иштирокимиз бир хил. Катта фарзандларимизни ёнимизга ўтказиб, олдин мен, кейин онаси тушунтириш ишларини олиб боради. Жазолаш, қўл кўтариш, деган усулларга шахсан мен мутлақо қаршиман. Болага яхши гап билан тушунтирсангиз, албатта тушунади. 

Дурдона: — Дадаси ижодий сафарда ёки тадбирга тайёргарлик билан банд бўлса, уйга қайтганидан сўнг болаларни чақириб, бирга суҳбатлашамиз. Шу йўл билан ҳар қандай масала оила даврасида ҳал қилинишини ўрганишсин, деймиз.   

— Фарзандларнинг ўқиши, касб танлаши умуман калажаги ҳақидаги қарашларингиз қанақа? Бу борада тортишувлар кузатилмайдими?

Азиз: — Йўқ, бунақа вазиятлар бўлмаган. Ҳар доим ҳамжиҳатликда иш кўрамиз. 

— Дурдона опанинг иш тақвимида дам олиш кунлари ҳам борми? Масалан, уй ишлари, пишир-куйдирдан озод этиш дегандек...

Азиз: — Очиғи, усиз ҳеч нарса қилолмаймиз. Тўғри, Дурдона Нарминага ҳомиладорлигида бир ой ўзим овқат пиширганман. Ҳар куни эрталаб нонуштага бўтқа тайёрлаганман, тушлик, кечки овқатни ҳам бир амал-тақал қилардим. Токсикози оғир кечганди-да. Вазиятни ҳал қилиш керак-ку! Шунинг учун бош ошпаз лавозимини эгаллагандим. «Масаллиқларни қовурдим, энди сув соламанми?» «Қанча қайнасин?» деб саволлар ёғдирардим. Овқат пишгач, ўзимча «Қалай чиқибди?» деб болалардан сўрайман. Қўлим ширин тўғрими, Дурдона?! Ҳозир эса байрам ёки дам олиш кунлари рафиқамга таътил эълон қилиб, бирор жойга олиб бораман. 

—  Оилангизга, бахтингизга кўз тегмасин!

Азиз: — Раҳмат!

БЛИЦ САВОЛЛАР:

— Тақлид қилган БИРИНЧИ инсонингиз 

— Отам!

—  Мустақил куйлаган БИРИНЧИ қўшиғингиз? 

—  Юнус Ражабий мусиқаси билан «Куйгай» таронаси.

—  БИРИНЧИ эшитган танқидингиз? 

—  Отамга совға қиламан деб, «Куйгай» қўшиғини ижро этгандим. У киши эса «Мен билан маслаҳатлашганингда янаям чиройли чиқарди», деган.  

—  Характерингизда кўзга ташлаганидиган БИРИНЧИ хусусият?

—  Кўнгилчанлигим.  

—  Оилангиз олдидаги БИРИНЧИ вазифангиз? 

—  Яқинларимни бахтли қилиш. 

—  Ўзингизга ҳамиша таъкидлайдиган энг БИРИНЧИ сўзингиз? 

—  Ота-онанинг розилигини олиш!

 

МИНИ-ТЕСТ

Қуйидаги мини тест орқали бир-бирингизни қай даражада билишингизни текшириб кўрамиз. Диққат қилинг, эр-хотиннинг ўхшаш жавобларини ажратиб кўрсатамиз.

Дурдона Ражабова

— Азиз ака ўзини қандай таърифлайди? 

— Самимий, меҳрибон, талабчан инсон. 

— Сиздан яширган сирлари борми?

— Бўлиши мумкин. Ҳамманинг ҳам  фақат ўзигагини маълум бўлган сири бўлади. 

— Болаликдаги ушалмаган орзуси?

— Орзу қилганларига секин-аста эришаяпти.

— У кишини нима хафа қилиши мумкин?

— Ёлғон. 

—  Ишонувчанми?

— Ҳа.

— Фобияси? 

– Йўқ. 

— Сизнингча, вақтни ортга қайтариш имкони берилса, турмуш ўртоғингиз нималарни ўзгартирган бўларди?

— Ижодни эртароқ бошлаган бўларди.

— Муҳаббат, масъулият, ишонч, ҳурмат, садоқат. Азиз ака оила асосини қандай кетма-кетликда кўради?

— Муҳаббат, масъулият, ишонч, садоқат, ҳурмат. 

АЗИЗ РАЖАБИЙ

— Азиз ака,  ўзингизга қандай таъриф берасиз? 

— Ўзимга нисбатан жуда талабчанман. 

— Рафиқангиз билмайдиган сирингиз борми? 

— Ҳозир бир нарса деёлмайман-у, лекин бўлиши мумкин. 

— Болаликдаги ушалмаган орзунгиз?

— Ҳаммаси амалга ошаяти.

— Сизни нима хафа қилади? 

— Айтган ишимнинг вақтида бажарилмагани. 

— Ишонувчанмисиз?

— Ҳа. 

— Фобиянгиз? 

— Йўқ. Лекин Дурдона қўрқади, ер силкинишлари, машина ҳайдашдан. 

— Вақтни ортга қайтариш имкони берилса, нималарни ўзгартирардингиз?

— Ижодимни эртароқ бошлардим. 

— Муҳаббат, масъулият, ишонч, ҳурмат, садоқат. Оила асосини қандай кетма-кетликда кўрасиз? 

— Муҳаббат, ишонч, маъсулият. Шу учтаси бўлса, қолганлари ўз-ўзидан вужудга келаверади. 

Дилдора ЮСУФБЕКОАВ тайёрлади.

Яндекс.Метрика