У нас есть только
оригинальные песни

Tuzlangan bodiring (Hikoya)

calendar 13.10.2016
1538

Кэтрин Мэнсфилд

Кэтрин Мэнсфилд 1888 йил 14 октябрда Янги Зеландиянинг Веллингтон шаҳрида дунёга келди. Атиги 34 йил яшаган адиба ўзининг қисқа умри давомида Европанинг кўпгина давлатларида яшади, инсоният қалбининг энг инжа туйғуларини, энг оғриқли нуқталарини топиб қоғозга битди. Унинг талай ҳикоялар, шеър ва мақолалари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Унинг “Германия пансионатида”, “Марҳум полковник қизлари”, “Зиёфат”, “Пашша”, “Қирғоқдаги аёл” каби сара асарлари Кэтринни адабиёт оламида ўз овозини топишга сабабчи бўлди. 

Мана орадан олти йил ўтиб яна уни учратиб турибди. Йигит сунъий наргис гулларига тўла япон гулдони қўйилган пастак бамбук столи ёнида ўтирарди. Олдидаги вазада мевалар уюлган, йигит эса, жуда таниш, ўзигагина хос ҳаракатлари-ла  апельсин арчарди. 

Бошини кўтариб, кўз-кўзга тушганида йигит ҳам қиз  каби ҳайратга қолган бўлса керак. Ажабо! Танимади! Жилмайди; йигит эса қовоғини осди. У оҳиста йигит томон юриб борди. Сўнг йигит бир муддатга кўзларини юмди, очганида эса гўёки зим-зиё хонада гугурт чаққандек юзлари ёришиб кетди. Йигит қўлидаги апельсинни қўйиб, курсисини сурди. У эса нозик,  илиқ қўлини  енгидан  чиқариб йигитга узатди. 

— Вера! – хитоб қилди йигит. – Воажаб! Чин сўзим сизни танимабман. Ўтирмайсизми? Тушлик қилганмидингиз? Бир финжон қаҳвага тобингиз қалай?    

У иккиланди, бироқ аслида ўзининг ҳам истаги шу эди. 

— Ҳа, қаҳва ича қоламан.

Сўнг йигитнинг қаршисига чўкди. 

— Ўзгариб кетибсиз. Жудаям ўзгариб кетибсиз, — деди йигит ўша чақноқ кўзларини эҳтирос—ла унга тикар экан. – Кўринишингиз жуда яхши. Аввалари ҳеч сизни бундай кўрмаган эдим. 

— Ростданми? – У юзидаги тўрни кўтариб, баланд мўйнали ёқасини бўшатди. – Кўринишим жойидамас. Биласиз, бу ҳавога тоқат қила олмайман. 

— Ҳа-я. Совуқни ёмон кўрардингиз...

— Жуда ҳам. – У титраб кетди. – Энг ёмони — олиб борган сайин...

Йигит унинг сўзини бўлди.

— Кечирасиз, — столни уриб официанти чақирди. – Бир қаҳва билан крем келтирсангиз, илтимос. – Сўнг ундан сўради – Ростдан ҳам ҳеч нарса емайсизми? Мева-чева дегандек. Бу ернинг мевалари ажойиб.   

— Йўқ, раҳмат. Ҳеч нарса емайман. 

— Унда, масала ҳал. – Йигит ёйилиб илжайди-да, апельсинни қайта қўлига олди. – Олиб борган сайин деяётган эдингиз...

— Совиб борган сайин, демоқчи эдим, — кулди қиз. Аммо унинг бу қилиғини – гап бўлиш одатини қанчалар яхши эслашини ва олти йил бурун унинг бу қилиғидан нечоғлик ғазабланишини  хаёлидан  кечирди. Ўша пайтлар йигит ҳеч кутилмаганда уни гапираётган жойида тўхтатиб, бармоқларини унинг лабига босар, терс бурилиб, бошқа иш билан машғул бўлар, сўнг қўлини лабидан олиб, ҳозиргидек илжайганча яна эътиборини унга қаратарди...—  Мана энди биз тайёрмиз. Масала ҳал.

— Ҳа, совуқми, – кулганча такрорлади унинг сўзларини. – Вой—бўй, ҳали ҳам шу гапми? Ҳа, яна бир нарсангиз ҳеч ўзгармабди – ёқимли овозингиз ва чиройли сўзлашингиз. – Бу гал йигит жиддий тортганди. У томон энгашганида апельсиннинг хушбўйи димоғига урилди. – Атиги биргина  сўз айтсангиз ҳам барча овозлар ичидан сизникини таниб оламан. Овозингиз хотирамда бу қадар чуқур ўрнашиб қолишига сабаб нима, билмайман; бу ҳақда кўп ўйладим... Кью Гарденсда илк бор бирга ўтказган кунимиз ёдингиздами? Ўшанда битта ҳам гулнинг номини билмаганим учун ҳайратлангандингиз. Ўргатганларингиз ҳали ҳам эсимда йўқ. Бироқ шуниси жуда ғалатики – кунлар илиб, анвойи чечакларга кўзим тушган он сизнинг овозингиз қулоғим остида жаранглайди – “Ёронгул, ҳамишабаҳор, чамандагул”. Унутилган, мўъжиза мисол ўша тилдан ёдимда қолгани шу уч жумла холос... Ўша кунни эслайсизми?

— Оҳ, ҳа, жуда яхши эслайман. – қиз худди ўрталарида турган қоғоз наргис гуллари димоғни ёрувчи бўй таратаётгандек узун ва енгил сўлиш тортди. Ҳолбуки, ўша кундан ёдида қолгани – чойхўрлик устидаги бемаъни манзара эди. Хитой ибодатхонасида чойхўрлик қилаётган бир талай одам, йигитнинг ариларни деб ўзини савдойиларча тутгани, похол шляпаси билан уларни ҳайдаб солгани, ғазабга тўлиб тошгани... Чойхўрларнинг қиқир-қиқир кулишиб маза қилишганлари... Ва ўзининг қанчалар азоб чеккани...

Аммо энди, йигит айтганидек, хотиралар унут бўлди. У ҳақ эди. Ҳа, ўшанда кун ажойиб эди, ҳар тарафда ёронгулу ҳамишабаҳор ва чамангуллар барқ очилиб ётар, кун илиқ ва қуёшли эди. 

Куннинг тафтида яна бир хотира уйғонди. У ўзини майса устида ўтирган ҳолда кўрди. Йигит эса ёнида ётар, сўнг ногоҳ узоқ жимликдан сўнг, ағдарилиб, бошини унинг тиззасига қўйди. 

—Қанийди, — деди йигит паст ҳаяжон тўла овозда, — қанийди заҳар ичган бўлсамда, ҳозир жон таслим қилаётган бўлсам!

Шу аснода сув томчилаб турган узун оқ нилфия тутган оқ кўйлакдаги митти қизалоқ буталар орасидан мўралаб уларга қаради, сўнг яна беркиниб олди. Аммо йигит буни кўрмади. 

— Вой, нега бундай дейсиз? Мен бундай демаган бўлар эдим. — Бироқ йигит хафиф ингради, сўнг қизнинг қўлидан тутиб ёноғига босди. 

— Чунки сизни бениҳоя севиб қоляпман. Бундан эса адоқсиз азобга дучор бўламан, Вера, чунки сиз ҳеч қачон мени севиб қолмайсиз... 

...Ҳозир эса йигит  аввалгидан анча дуруст кўринади. Ўйчан изтироблару қатъиятсизликлар ғойиб бўлган. Энди эса унда ўз ўрнини топган ва ҳаётини ўзига ишонч ва қатъият билан тўлдирган бир эркакнинг ҳавоси бор эди. Пул ҳам жамғаргани шубҳасиз. Уст-боши қимматбаҳо. Ва шу пайт чўнтагидан рус портсигарини чиқарди. 

— Чекасизми? – сўради йигит.

— Ҳа. – Унинг нигоҳи сигареталарга қадалди. – Ажойиб сигарага ўхшайди.

— Менимча ҳам, шундай. Буларни Сэнт—Жеймс кўчасида бир одамга тайёрлаттирдим. Ўзи кўп чекмайман. Лекин агар чексам, сигарет гўзал ва ўзига хос бўлиши лозим. Чекиш мен учун одатга айланмаган; бу ҳашаматнинг бир кўриниши, холос; атирга ўхшаб. Ҳали ҳам атирларни хуш кўрасизми? Эҳ, Россиядалигимда...

У йигитнинг гапини бўлди:

— Чиндан ҳам Россияда бўлдингизми?

— Албатта. Бир йилдан ошиқ ўша ерда бўлдим. У ерга боришни жуда-жуда  орзу қилардик, унутдингизми?     

— Йўқ, унутганим йўқ. 

Йигит ғалати  тарзда илжайиб қўйди-да, ўриндиққа ястаниб деди:

— Жуда қизиқ-а? Мен иккаламиз режалаштирган барча саёҳатларни амалга оширдим. Ҳа, биз бормоқчи бўлган ўша манзилларнинг ҳаммасида бўлдим. Сўнгги уч йилим нуқул саёҳатлар билан ўтди. Испания, Корсика,  Россия, Миср... Биргина Хитой қолди, лекин уруш поёнига етгач, у ерга ҳам бормоқчиман. 

Йигит сигарети учини енгилгина кулдонга боса—боса сўзлар; йигитни тинглар экан, унинг кўксида узун замонлардир мудраб ётган ажабтовур бир жонзот қимирлади, сўнг керишди, қулоқларини динг қилди ва шунда қўққисдан сакраб оёққа қалқиб, иштиёқманд ҳамда ташна нигоҳини ўша олис манзилларга тикди. 

—Қанчалар сизга ҳавасим келяпти... 

Йигит бунга ишонди. 

— Ниҳоятда ажойиб эди, — деди у, — айниқса, Россия. Худди биз тасаввур қилгандек, ҳатто ундан ҳам аъло. Мен бир неча кунимни Волгада қайиқда ўтказдим. Сиз хиргойи қиладиган ўша қайиқчи қўшиғи ёдингиздами? 

— Ҳа. — Шу он у бу қўшиқни ҳаёлида куйлаб  кетди. 

— Ҳозир ҳам чалиб турасизми?

— Йўқ. Пианином йўқ. 

Анави чиройли пианинонгизга нима бўлди? —  ажабланди йигит.

— Сотилди. Бунга а-анча  бўлди. 

— Аммо мусиқа жону дилингиз эди, ахир – ҳайрон қолди йигит.

— Ҳозир бунга вақтим ҳам йўқ, — деди қиз. 

Йигит бу мавзуга бошқа қайтмади. 

— Дарёда кечирган ҳаётим, — давом этди сўзида у, — мутлақо ўзгача эди. Бир-икки кун ўтгач, бу ҳаётдан асло узилгинг келмай қолади. Бунинг устига тил билишнинг ҳам зарурати йўқ, қайиқдаги ҳаёт сен ва у ердаги инсонларни кўринмас ришталар билан боғлайди. Улар билан овқатланасан, бирга вақт кечирасан, оқшом эса поёни йўқ қўшиқлар...

Қиз титраб кетди, қулоғи остида қайиқчининг баланд ва қайғули қўшиғи жаранглатди, кўз олдида эса икки чети маъюс дарахтлар билан қуршалган қорамтир дарё бўйлаб сузиб бораётган қайиқ... “Ҳа, бу менга ёққан бўларди”, деди сўнг муфтасини силаб.

— Рус ҳаётидаги ҳамма нарсани ёқтирган бўлар эдингиз, — деди йигит самимият билан. — Шунчалар расмиятчиликдан, саволлардан холи, шунчалар эркин. Деҳқонлари бирам ажойиб. Ҳаттоки извошчи ўша ердаги ҳаётнинг муҳим бўлагига айланади. Ёдимда, бир оқшом биз улфатлар – икки ошнам ва бирининг рафиқаси, Қора денгиз бўйига сайрга чиқдик. Овқат ва шампан виноси олдик, майсалар устида ўтириб, едик-ичдик. Ва ўшанда овқатланиб ўтирган чоғимиз извошчи яқинлашди. “Тузланган бодрингдан олинглар”, деди у. Биз билан баҳам кўрмоқчи бўлди. Ўшанда шундай яшаш керакдек туюлиб кетди менга, шунчалар... нима демоқчи бўлаётганимни англаяпсизми?

У эса бу пайтда майсалар устида тим қора, осуда тўлқинларини қирғоққа урганча шовуллаётган ўша сирли Қора денгиз бўйида ўтиргандек эди. Кўзи олдига йўлнинг четига тўхтаб турган извош ва майсалар устида ўтирган  улфатлар келди, уларнинг юзлари, қўллари ой нурида оппоқ кўринар эди. Аёлнинг ясланган хира кўйлаги, майсада улкан кумушранг тўқув илгаги каби ётган соябони кўзи ўнгида жонланди. Улардан сал нарироққа  сочиққа кечки овқатини ўраб олган  извошчи келиб ўтирди. “Тузланган бодрингдан олинглар”, деди сўнг. У гарчи тузланган бодринг нималигини аниқ билмаса ҳам, кўз олдига тўтиқушнинг тумшуғига ўхшаб ялтираб кўринаётган қизил қалампир солинган кўкиш шиша банка келди. Лунжини шимиб кўрди; бодринг ниҳоятда шўр экан...

— Ҳа, — деди сўнг, — нима демоқчи эканлигингизни яхши тушундим. 

Орага жимлик чўкиб, улар бир—бирларига қараб қолдилар. Авваллари шундай қарашлар ила бир—бирларини бениҳоя яхши англар эдилар, қалблари бирлашиб, денгиз бағрига  отилар, мунглиғ ошиқ—маъшуқ сингари чўкиб кетишга ҳам рози бўлардилар. Аммо ҳозир йигит ўйларига чўмиб ўтирарди. 

— Қанчалар ажойиб тингловчисиз-а, — деди йигит, — бу кўзлар ёниб менга қараганида, гўёки ҳеч кимга айта олмайдиган сўзларимни ҳам сизга айта оладигандек ҳис қиламан ўзимни.  

Йигитнинг сўз оҳангида мазахга ўхшаш бир нима бор эдими, ёки унга шундай туюлдими — фарқлай олмади. 

— Сизни учратмасимдан олдин, — давом этди йигит, — ўзим ҳақимда ҳеч кимга сўзламаган эдим. Сизга кичкина Рождество арчасини олиб келганим ва болалигим тўғрисида барчасини сўзлаб берганим — ўша тун ҳали ҳануз ёдимда. Ўта ночор аҳволда, қочиб чиқиб, икки кун ҳовлимиздаги араванинг остида яшаганимда ҳеч ким мени излаб топа олмагани... Ўшанда ҳам кўзларингиз чақнаб мени тинглаган эдингиз,  гўё кичкина Рождество арчасини ҳам тинглатгандек туюлгандингиз менга ўшанда, худди эртаклардагидек.   

Қизнинг ёдида қолгани эса ўша оқшомги бир идиш икра эди. Нархи етти шиллингу олти пенс эди. Йигит ўшанда ҳеч ақлига сиғдира олмаганди. 

— Ўзингиз бир ўйланг ахир, наҳот  жимитдек банка етти шиллингу олти пенс турса! — Йигит ҳайрат аралаш завқ билан унинг ейишини томоша қилган эди.      

— Йўқ, ростдан ҳам пулни еб битирар экан. Бу митти идишчага етти шиллингнинг ўзи сиғмайдику ҳатто. Бундан қанча даромад кўришларини бир ўйланг... — деди йигит, сўнг аллақандай тушуниш қийин бўлган муракккаб ҳисоб-китобларга тутинди... 

Энди эса “Алвидо, икра”. Стол устида Рождество арчаси жой олган, арава тагидаги митти болакай эса итни ёстиқ қилиб, унга  бош қўйганча ётарди. 

— Итнинг оти Босан эди, — севинганча хитоб қилди у.

Йигит англамади. 

— Қайси ит? Итингиз бор эдими? Ҳеч эслай олмаяпман.

— Йўқ, йўқ. Болалигингиздаги итни айтяпман.

Йигит кулди ва портсигарини қарсллатиб ёпди.

— Ҳа, уми? Биласизми, буткул унутибман. Орадан асрлар ўтгандек гўё. Бор-йўғи олти йил ўтганига ақлим бовар қилмайди. Бугун сизни танигач, бир  ҳатлаб ўтмишга қайтишимга тўғри келди. Ўшанда ғирт гўдак  бўлган эканман, — йигит столни бармоқлари билан чертди. – Сизни ўшанда қанчалар безор қилганимни тез-тез эслаб тураман. Аммо нега менга мактуб ёзганингизни мен ҳам худди сиздек жуда яхши тушуняпман – гарчи ўшанда бу мактуб умримга зомин бўлаёзган бўлса-да. Бир куни шу мактубни топиб олдим. Ўқир эканман, ўзимни кулгудан тўхтата олмадим. Шунчалар доноларча ёзилган, шунчалар мени ҳаққоний тасвирлаган эди бу мактуб, — йигит нигоҳини кўтариб, унга қаради, — Кетмоқчимисиз? 

У ёқасининг тугмаларини ўтказиб, вуалини туширди. Сўнг:

— Ҳа, кетмасам бўлмайди, — деди базўр жилмайиб. Йигит аниқ мазах қилаётгани унга энди ошкор эди.

— Оҳ, йўқ, яна бирозга қолинг, илтимос, — дея ялинди йигит ва столдан битта қўлқопини олиб, гўё шу билан  уни тутиб қоладигандек, маҳкам чангаллади. — Шу кунларда гаплашадиган одам тополмайман, одамови  бўлдим — қолдим, — деди у. – Кўнглингизни оғритадиган бирон гап айтдимми ёки?

— Ҳечам—да, — алдади у. Аммо йигитнинг қўлқопни бармоқлар орасидан тортқилашини кузатар экан, ғазаби аста—секин сўна бошлади, устига-устак шу он йигит олти йил олдинги ҳолига қайтгандек туюлди унга...

— Ўшанда чин дилдан истаганим, — деди йигит майин овозда, — пойандозга айланиб қолиш эди, сиз учун пойандозга айланиб, оёқларингиз остига тўшалсам ва сиз чўчийдиган  балчиқ ва қирратошлардан озор чекмасангиз дердим. Ягона орзуим учар гиламга айланиб сизни, барча орзу қилган манзилларингизга элтиш эди. 

Йигитни тинглар экан, қиз бошини мастона кўтарди; кўксидаги ўша ғалати жонзот мушукдек хуриллай бошлади...

— Ўшанда сиз назаримда яккаю  ёлғиз эдингиз, — давом этди йигит сўзида, — ва эҳтимол, дунёда сиздан бўлак тирик жон йўқ эди. Бемаҳал дунёга келган эканмиз, — деди сўнг паст овозда, — қисмат экан.

Оҳ, Худойим! У нима қилиб қўйди? Шундайин бахтидан юз ўгиришга қандай журъат қилди? Ахир уни ҳаммадан ҳам яхши англай оладиган инсон шу эди-ку. Энди кечми? Наҳот жуда кеч бўлса? У йигит қўлида тутиб турган қўлқоп эди гўё...   

— Ўшанда ақалли битта ҳам дўстингиз йўқ эди, ҳеч ким билан дўст тутинмас эдингиз. Сизни қанчалар яхши тушунардим, чунки менинг ҳам дўстим йўқ эди. Ҳозир ҳам шунақами?

— Ҳа, — хўрсинди у, — Ҳар қачонгидан ҳам ёлғизман. 

— Мен ҳам, — кулиб қўйди йигит, —  ўшандай. Сўнг дабдурустдан илдам ҳаракат қилиб, қўлқопни соҳибасига қайтарди ва ўриндиғини ғичирлатди. – Бироқ ўшанда менга бениҳоя сирли туюлган нарсалар бугун ниҳоятда тушунарли кўриняпти. Албатта, сизга ҳам... Биз шунчаки ўтакетган худбин эдик, ўз қобиғимизга шу қадар ўралиб олиб, ўзимиз билан овора эдикки, қалбимизда бошқа бир инсон зотига зиғирча ҳам жой қолмаганди. Биласизми, — хитоб қилди йигит самимий ва соддадиллик билан ва шу онда аввалги ҳолатига қайтгандек бўлди, — Россиядалигимда мен ҳатто “Тафаккур назарияси”ни ўргандим ва тушуниб етдимки, биз асло ўзгармас  эканмиз. Бу маълум бир шаклдаги...

Қиз  аллақачон кетиб бўлганди. Йигит гапи оғзида қолиб, ҳайрат оғушида ўтириб қолди... Сўнг официантдан ҳисобни келтиришни сўради. 

— Фақат, кремга қўл ҳам теккизилмаган, — деди йигит, — илтимос, буни ҳисобга қўшмасангиз.    

Инглиз тилидан Мунира Норова таржимаси

Яндекс.Метрика