У нас есть только
оригинальные песни

Ўзбек автомобиллари Ўзбекистондан ташқарида арзонроқ

calendar 13.07.2014
6706

Беларусда GM Uzbekistan автомобиллари Ўзбекистондагидан қарийб икки баробар арзонроқ сотилмоқда, дея хабар бермоқда Anhor.Uz.

Хусусан, Matiz 6,8 минг долларга сотилаётган бўлса, Nexia’нинг нархи 7,8 минг долларга тенг.

Беларуснинг TUT.by портали хабарига кўра, ушбу нархлар 1-31 июль кунлари бўлиб ўтадиган "Супернарх” акцияси доирасида белгиланган бўлиб, харидор пулни Беларусь рублларида тўлайди.

Anhor.Uz’нинг қайд этишича, Ўзбекистонда ушбу автомобиллар Беларусдагидан сезиларли қимматроқ туради.

Масалан, сўмга сотиладиган Matiz’нинг нархи 21,8 миллион сўмдан 22,79 миллион сўмгача кўтарилади, Ўзбекистон Марказий банкининг 11 июлдаги курси бўйича ҳисоблаганда, бу қиймат мос равишда 9,4 минг ва 9,8 минг долларга тенг.

Nexia’нинг Ўзбекистондаги нархлари 31,3 миллиондан 35,75 миллион сўмгача кўтарилади, долларга айлантирганда бу қиймат мос равишда 13,49 минг ва 15,4 минг долларга тенг бўлади.

Яъни, Matiz’нинг ҳолатида Ўзбекистон ва Беларусдаги нархлар фарқи амалда 3 минг доллар ёки 30-40 фоизни ташкил этаётган бўлса, Nexia билан боғлиқ вазиятда Ўзбекистондаги нархлар икки баробар қимматроқ.

Эътиборли томони, ушбу автомобиллар эгасига айланиш учун Ўзбекистонда навбатга туриш, олдиндан 85 фоизлик тўловни амалга ошириш, баъзан эса автомобилнинг нархи учун яна қўшимча пул тўлаш керак бўлади.

"[GM Uzbekistan’нинг] кўплаб автомобиллари фақат АҚШ долларига сотилиши, уларни сотиб олиш учун тегишли шартномалар эса ҳар доим ҳам бўлавермаслиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади”, – деб ёзади Anhor.Uz.

Беларусдаги UzDaewoo автосалони сайтида ёзилишича, у GM Uzbekistan’нинг ушбу мамлакатдаги расмий дилери ҳисобланади ва автомобиллар савдосини ташкил қилади.

"Яъни, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар хорижда икки баробар арзонроқ сотилмоқда”, – дея қайд этади Anhor.Uz.

Қайд этишларича, Ўзбекистонда GM Uzbekistan’нинг янги автомобилларини сотиб олишда баъзи мураккабликлар юзага келади, шу сабаб ҳам кўпчилик ўзбекистонликлар ҳайдалган автомобилларни сотиб олишни маъқул кўришади.

Эътиборли томони, Ўзбекистонда GM Uzbekistan’нинг фойдаланилган автомобиллари салондаги янги машинадан қимматроқ туради, чунки уларни навбатга турмасдан, кутмасдан сотиб олиш мумкин.

Масалан, Ўзбекистонда 2014 йилнинг июнь ойида ҳайдалган, ишлаб чиқарилганига 2-3 йил бўлган Matiz’лар учун 23,4 миллиондан 27 миллион сўмгача, яъни, 10-11,6 минг доллар миқдорида нарх белгилашаётган эди.

Таққослаш учун яна қайд этамиз, Беларусда автосалондаги янги Matiz 6,8 минг долларга сотилмоқда.

Anhor.Uz’нинг қайд этишича, Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги нархлар орасидаги бу қадар сезиларли фарқлар, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиль бошқаларга нисбатан ўзбекистонликлар учун қимматроқ сотилишининг изоҳи оддий.

"GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон бозорида сотилаётган автомобилларга нисбатан акция солиғи жорий этилган бўлиб, ҳозирги вақтда унинг ставкаси автомобиль қийматининг 29 фоизини ташкил этмоқда”, – деб ёзади сайт.

Manba: kun.uz


Яндекс.Метрика