У нас есть только
оригинальные песни

Ўзбекистоннинг 2 та янги телеканали 31 декабрь куни ишга тушади

calendar 23.12.2012
6278


Шу йилнинг 31 декабрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида иккита янги "Маданият ва маърифат" ва "Дунё бўйлаб" телеканаллари ўз фаолиятини бошлайди.


Янги телеканаллар дастурлари соат 19:00 дан эфирга узатила бошланади, дея хабар беради МТРК.

Қайд этиб ўтамиз, 2012 йил 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг рақамли телеканаллари сонини ошириш, улардан тўлиқ форматда фойдаланиш, сифатли бойитиш ва хизмат кўрсатиш тўғрисида"ги Қарорни имзолади.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2013 йил Давлат бюджетини шакллантириш жараёнида телеканалларнинг ўз маблағлари улушини кўпайтиришни инобатга олган ҳолда, янги очиладиган телеканаллар фаолият юритиши учун зарур бюджет маблағларини, шу жумладан дунёнинг йирик медиабозорларида Компания иштирок этиб, ўз маҳсулотини сотиш ва хориж теле- ва бошқа медиамаҳсулотларни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши учун маблағ ажратади.

"Маданият ва маърифат" телеканали ижодкорларининг асосий мақсади аҳолининг маданий ва маърифий даражасини ошириш, ўсиб келаётган авлодда илмий кашфиёт ва билимлар, маданий қадриятларга бўлган қизиқишларни шакллантириш, Ўзбекистон халқининг бой маданий ва маърифий меросини сақлаб қолиш ва янада бойитишга қаратилган юқори бадиий даражадаги илмий-оммабоп ва маданий-маърифий теледастурларни яратиш билан бирга трансляциянинг турли замонавий интерфаол шакллари ва усуллари, рақамли ва мултимедиали технологияларнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг маданий ва илмий ҳаётида содир бўлаётган муҳим воқеалар тўғрисида телетомошабинларни ҳар томонлама хабардор қилишдан иборат.

"Дунё бўйлаб" телеканали ҳам давлат унитар корхонаси бўлиб, дунёнинг етакчи телеканаллари телемаҳсулотларини лицензия асосида намойиш этиш йўли билан аҳоли, айниқса ёшларнинг тарих, география ва дунё мамлакатларининг замонавий ривожланиш даражаси, жаҳон халқларининг ўзига хос миллий анъаналари ва маданиятлари, юксак географик кашфиётлар, сайёрамизнинг турли қитъалари ва Жаҳон океани табиати, наботот ва ҳайвонот оламининг нақадар ноёблиги ҳақидаги дунёқарашларини кенгайтириб, билимларини оширишга хизмат қилади.

Телеканал ижодкорлари мамлакат минтақалари маданий ва этнографик ривожланишининг хусусиятлари тўғрисида юқори сифатли махсус илмий-оммабоп, аҳолининг экологик маданиятини оширувчи теледастурларни тайёрлашади.

Ушбу телеканалнинг яна бир вазифаси эса халқаро ҳамжамият ва мамлакат аҳолисига Ўзбекистоннинг ноёб туристик салоҳияти, экологик туризмнинг имкониятлари ва ривожланиш даражаси ҳақида хабар бериш, мамлакатимиз ҳақида юқори бадиий даражадаги илмий-оммабоп ва маърифий дастурларни тайёрлаш, лицензия асосида хорижий каналларда тарқатиш ҳамда соғлом турмуш тарзи ва фаол дам олиш шаклларини оммалаштиришдан иборат.
Яндекс.Метрика