У нас есть только
оригинальные песни

"Ўзпахтаэкспорт" Хитойга пахта экспорт қилиш учун сертификат олди

calendar 18.04.2016
956

"Ўзпахтасаноат" АЖ Хитойга пахта толаси экспорт қилиш учун талаб этиладиган CIQ сертификатини олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда review.uz сайти хабар берган.

Компания маълумотларига кўра, мазкур ҳужжатни ХХР назорат ва карантин масалалари бўйича бюроси (China Inspection and Quarantine bureau) тақдим этади. ХХРга пахта толасини экспорт қилувчи ташкилот CIQ сертификатига эга бўлиши 2000 йилдан мажбурий ҳисобланади.

Хитой экспорт ва импорт қонунчилигига кўра, мамлакатга олиб кирилаётган барча маҳсулотлар назорат ва карантин бюроси ҳужжатига эга бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга, фақатгина импорт қилувчининг ўзи Хитойда маҳсулотини сота олиши, қонунда белгилаб қўйилган.

"Ўзпахтаэкспорт" АЖ "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси таркибида 2015 йил октябридан фаолият юрита бошлаб, пахта толасини сақлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. Акционерлик жамияти таркибида 21та пахта терминали мавжуд бўлиб, унда 383 минг тонна пахта толасини бир вақтнинг ўзида сақлаш имконияти мавжуд.

Маълумот учун, Ўзбекистон йилига 1 млн тоннага яқин пахта толаси етиштиради. Ўзбекистон пахта толасини асосан, Бангладеш, Туркия, Жанубий Корея, Хитой ва Россия харид қилади.

2015 йили Ўзбекистон Республикаси пахта толасини маҳаллий фабрикаларда қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказишга муваффақ бўлди. Яқин йилларда республика тўқимачилик комбинатларида етиштирилган толанинг 65 фоизи қайта ишланиши режалаштирилган. 2015 йил октябрида бўлиб ўтган Ўзбек халқаро пахта ярмаркасида ушбу рақамлар эълон қилинган эди.

Яндекс.Метрика