У нас есть только
оригинальные песни

Yangi film: "Sotqin" Ulug'bek va Farruh yana birga!

calendar 15.08.2014
4775


Рустам Саъдиев – хусусий кинокомпания фильмларининг оммалашишида энг катта ҳисса қўшган режиссёрлардан бири.  "Муҳаббат синовлари” ёдингиздами? Кинотеатр эшиклари синиб кетганди... Ўзбек киноси янги қадам ташлаганига ўн йиллардан ошиб кетди. Саъдиевнинг фильмлари барибир бошқача. Севги-муҳаббат, оилавий тарбия унинг кинодаги бош мотивацияси ўлароқ, гоҳо сийқаси чиққан мавзуларга ҳам оригинал назарда ёндашади. Шунданми, у бугун ўзбек киносида энг машҳур ва севимли режиссёр сифатида тилга олинади.

Режиссёрнинг янги лойиҳаси – тобора бўшаб бораётган кинотеатрларни яна минглаб томошабинларга тўлдирса, ажабмас. "Сотқин” – Саъдиевнинг драма-экшн жанридаги илк иши. Энг муҳими, фильм омма эътиборини қозона олади. Чунки, воқеалар тўқима эмас. Реал ва жуда таъсирчан!

Энг қизиғи, айни пайтда суратга олинаётган картинанинг ҳар бир лавҳаси шов-шувларга бой! Буни бир мақолада ёритишнинг эса асло иложи йўқ!

Ушбу картинанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда ўзбек киносининг энг кўп машҳур актёрлар ансамбли жамланган. Рустам Саъдиевнинг яна бир "олтин қоида”ларидан бири у ҳар янги фильмида янги истеъдодларни кенг оммага тақдим этади. Тажрибали режиссёр бу борада бир неча талантли ёшларнинг кинода танилиш орзусини амалга оширишга ҳам улгурди.

"Сотқин”. Янги фильм сценарийси ҳақидаги тафсилотларни бошдан оёқ очиқлаш фикридан  йироқмиз. Шундоқ ҳам, асл томошабин премьерани кутади ва ўз кўрганларидан ҳайратланади. Сизга эса фильмда гапирилмайдиган бошқа фактларни тақдим этамиз.

Рустам Саъдиев ёшларнинг энг севимли икки "гигант” актёри – Фарруҳ Соипов ва Улуғбек Қодировни учинчи бора бир фильмда учраштирмоқда. "Паноҳ”, "Ошиқлар” эсингиздами? Энди Улуғбек ва Фарруҳни  бир-бирига мутлақ зид ролларда "Сотқин”да учратасиз!

Режиссёрга кўра, бу икки актёр таланти узоқ йиллар ўзбек киносида минглаб томошабинлар томонидан юксак эътироф ила қаршиланаверади. Шунданми, Саъдиев Улуғбек Қодировни ўзбек киносининг  "Рассел Кроу”си ва "Максимус”и дея таърифлайди.

Дарвоқе, фильмда суратга тушиш учун Дилноза Кубаевага ҳам таклиф билдирилганди. Бироқ, ўзбек киносининг "севимли келин”и негадир таклифни рад этди. Хўш, режиссёр бу ҳақда нима дейди?

-Биласизми, Кубаева яхши актриса. Унга фильмда суратга тушиш учун эмас,  актрисаларни саралаш жараёни - кастинг учун таклиф этгандик. Майли, ҳар кимнинг ҳоҳиши ўзида. Бироқ, "Сотқин”даги рол учун Юлдуздек муносиби бўлмас эканлигига яна бир карра амин бўлдим. У суратга олиш жараёнларида кинони реалликка айлантириб юборадиган даражадаги қобилияти билан ҳаммамизни лол қолдирмоқда – дейди,Саъдиев.

Ҳукмингизга бош рол ижрочилари рўйхатини ҳавола этамиз:

Улуғбек Қолиров, Фарруҳ Соипов, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Сайёра Юнусова, Матёқуб Матчанов, Убайдулло Омон, Жавоҳир Зокиров, Тоҳир Саидов, Абдурайим Абдуваҳобов ва бошқалар.

Кучли сценарий, кучли актёрлар йиғиндиси, кучли режиссёр...Энди фильмни қандай бўлишини тасаввур қилаверинг!

Илк бор ўзбек киноси экранларида марҳум қизиқчи, эл ардоғидаги кулгу устаси Ҳожибой Тожибоевнинг қизи, 18 ёшли Интизор Тожибоева ҳам "Сотқин” орқали намоён бўлади. Режиссёр таъкидлашича, бу дебют кинотомошабинлар учун янги қиёфа сифатида кашф этилиб, узоқ вақт ёдда қолади!

Яна аҳамиятли жиҳати, "Сотқин” Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Йўлдош Аъзамов, Латиф Файзиев ва Шуҳрат Аббасов каби буюк кинонамоёндаларини дунёга танитган, ўзининг ўчмас тарихига эга, "Тоҳир ва Зуҳра”, "Ўткан кунлар”, "Сен етим эмассан”, "Али бобо ва қирқ қароқчи”, "Суюнчи”, "Чинор остидаги дуэль”, "Маҳаллада дув-дув гап”, "Сен етим эмассан” каби ўлмас киноасарларга доялик қилган "Ўзбекфильм” студиясида яратилаётган Саъдиевнинг илк фильмидир. "Ўзбеккино” миллий агентлиги  буюртмаси асосида "Ўзбекфильм” киностудиясида "Сотқин” ўзбек киносида янги даврни бошлаб беришига ишонамиз.

Айтдим-ку, барча маълумотларни бир мақолага жойлашнинг иложи йўқ. Улар шу қадар кўп ва қизиқарлики, майли қолганларини кейинга олиб қўямиз. Сара маълумотларни кутинг! Ҳар ҳолда кутишга арзийди. Арзийдиган фильмларимиз сони ва сифати ҳам ортаверсин! А, лаббай?


Яндекс.Метрика