У нас есть только
оригинальные песни

Журналистика – жаҳонда хавфли касб бўйича биринчи ўринга кўтарилди

calendar 20.07.2016
1206

Давримиз ҳақли равишда Ахборот асри деб номланади. Бир вақтлар жамият тараққиёти беш формацияга бўлиб ўрганилган эди. Яъни ибтидоий жамоа, қулдорлик, феодализм, капитализм ва коммунизм жамиятлари. Эндиликда айрим таҳлилчилар “жамият учга – аграр, саноат ва ахборот даврига бўлинган ҳолда ўрганилиши керак”, деган фикрларни ўртага ташламоқда. Ибтидоий жамоа даврида қабила оқсоқолининг гапи гап эди. Қулдорлик даврида эса қулдорнинг гапини икки қилиб бўлмасди. Феодализм даврида феодаллар жамиятни бошқарган. Саноат даврига келиб эса жамиятни завод ва фабрика эгалари бошқарадиган бўлди.

ХХ аср охири - ХХI асрга келиб эса дунё бутунлай ўзгариб кетди. Ахборот-коммуникация соҳаларининг тараққиёти, геосиёсий вазиятнинг кескин ўзгариши ким ахборотга эга бўлса ўша жамиятни бошқаришини кўрсатиб қўйди. Бу эса ҳар қандай давлат ва тузумнинг олдида долзарб муаммони келтириб чиқармоқда. Яъни, ҳар бир давлат ахборот хавфсизлигини таъминлаши ва информацион хуружларга қарши тура олиши керак. Шу каби муҳим вазифаларни бажарган давлатгина ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилган бўлади.

Ахборот хавфсизлиги ҳар бир давлат миллий хавфсизлигининг таркибий қисмидир. У давлат ва жамиятнинг барча соҳаларидаги миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак. “Ҳар қандай давлатнинг оммавий ахборот воситаси чет эл таъсири остида қолар экан, жамият ўз тарихий идеаллари, қадриятларини бузишга йўналтирилган ахборотлар оғушида қолади”, деб ёзган эди америкалик олим Лэнс Беннет. Ҳозирги кунда жаҳондаги турли “куч марказларининг” геосиёсий қарама-қаршилиги “ахборот макони”га кўчди, деган гапларда жон бор. Яъни оддий сўз билан айтганда ахборот кимнинг қўлида бўлса, ўша ҳақ бўлиб чиқмоқда.

Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда - эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Замонавий дунёда ахборотлар шу қадар кўпки, тарқатилаётган ахборотларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғрилигини аниқлагунча инсон онги биринчи тарқалган хабарга мослашган бўлади. Шуни унутмаслик керакки, ОАВ аҳолига тўғри маълумот етказиши керак.

Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшаяпмиз. Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандайдир воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида турган бўлишига қарамай зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, дея бепарво қараб бўлмайди. Ҳаётмизнинг бирор бир соҳасини ахборотсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ахборотларни турли манбалардан Интернет, радио, телевидение ва босма матбутдан оламиз.

Америкалик тадқиқотчи Г. Лассуэлл ОАВнинг тўртта вазифаси борлигини таъкидлаган эди.
 1. Жаҳонни кузатиб бориш (Информация тўплаш ва тарқатиш)
 2. Таҳрир қилиш (информацияларни танлаб олиш ва шарҳлаш)
 3. Жамоатчилик фикрини шакллантириш.
 4. Маданиятни тарқатиш.

Бугун ахборот энг муҳим қадрият саналмоқда. Ахборот эса оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилади. Шу сабабли ҳам ОАВнинг жамиятдаги ўрни бебаҳодир. Дунёнинг нариги чеккасида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ҳудди ўз кўчамизда юз берган ҳодисадек қабул қиляпмиз. ОАВ жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Радио ва телевидение пайдо бўлганидан кейин дунё ўзгариб кетди. Интернет пайдо бўлиши билан эса бутунлай ўзгарди. Информация озчиликнинг эмас, барчанинг мулкига айланди.

ОАВ давлат ва жамият ўртасида воситачилик вазифасини бажаради. Жаҳондаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётга таъсири инобатга олингани боис ҳам ОАВ норасмий тарзда “тўртинчи ҳокимят” деб юритилади.

Айрим ҳолларда ОАВ одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг нотўғри талқин қилинган ҳолда ёритилаётганидан кўриб билиб турибмиз. Журналистлар ва медиаходимлари нафақат иш берувчилар ва бозор олдида, балки жамият олдида ҳам масъулиятни ҳис қилишлари, демократияни ҳаддан ошиш, деб тушунмасликлари керак. Эркинликка интилиш ҳар бир журналист олдида турган вазифа аммо, чегарани билиши шарт. Шу ўринда Францияда бўлиб ўтган Charlie Hebdo ҳажв журнали таҳририятига қилинган қуролли хужумни мисол сифатида келтириб ўтамиз. Бу ҳужум ва инсонларнинг ҳалок бўлганини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Аксарият ғарб нашрларининг бу ҳажв журналида нашр этилган ислом дунёсида, дунёнинг қарийб 2 миллиардга яқин аҳолиси сўнгги пайғамбар сифатида тан олган ва қадрлайдиган Муҳаммад с.а.в.нинг хажвий суратини қайта-қайта босиб чиқаришларини сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилишлари ақлга сиғмайди. Бу билан улар динлар ва қадриятлар ўртасидаги нифоқни янада кучайтиришга рағбат берди. Энг ривожланган давлатлар нашрлари ҳам жаҳолатга қарши жаҳолат билан эмас, маърифат билан жавоб бериш ҳақида ўйлаб кўрмади. Карикатуралар Guardian ва The Times, Tagesspiegel, Berliner Zeitung, Blesk, Berlingske, El Pais, Business Insider ва Huffington Post, шунингдек, бошқа ўнлаб газеталарда чоп этилган. Улар ушбу ҳаракатларини ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат сифатида ва жамиятда матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги, санъат эркинлиги учун нашр этганлиги билан изоҳлаган. 

Шунга қарамай, бир қатор ахборот агентликлари, жумладан, Associated Press, CBC News ва CNN мазкур фаолиятдан ўзларини тийган. Нима бўлганда ҳам қадриятлар, маданиятлар ва динлар ўртасидаги қарама-қаршиликлардан фойда кўрувчи томонлар ютмоқда. Улар динни террордан, маданиятни маданиятсизликдан ажрата олмайдиган, аҳлоқсизликни эркинлик деб билувчи инсонларнинг ўқувсизлигидан фойдаланмоқда.

Медиа жамият олдида ўз зиммасига маълум бир мажбуриятларни олиши керак. Бу мажбуриятлар ахборот тарқатишда ҳалоллик ва адолатни талаб қилади. Медиа жиноятчиликни, зўравонликларни, тарғиб қилмаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқларини камситмаслиги зарур. Бу матбуот эркинлигини чеклашни англатмайди. Шу ўринда “эркинлик истаб” йўл транспорт қоидаларини бузган ҳайдовчи келтирган нохуш ходисани мисол сифатида келтириш мумкин. Демократия экан деб журналистика этикасини бузганлар ҳам жамиятга жуда катта зиён келтиришини англаб етиш керак. Айрим мамлакатларда “Тўртинчи ҳокимият” “биринчи ҳокимият”га интилувчи матбуотнинг борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Улар – олигархлар, молиявий гуруҳ, маҳаллий “барон”ларнинг қўлидаги бир ўйинчоқ эканлигини ёддан чиқариш керак эмас. “Тўртинчи хокимият” деб юритилаётган бўлишига қарамай ОАВни ҳукумат ёки тижорат структураси деб эмас, балки том маънодаги фуқаролик жамияти институти сифатида кўриш керак.

Ҳар йили дунёнинг энг хавфли ҳудудларидан репортаж тайёрлаш жараёнида ўнлаб журналистлар ҳалок бўлади. Ўтган йили 80 журналист ҳалок бўлди. Яқинда БМТ Хавфсизлик Кенгаши журналистларни можаро ҳудудларида ҳимоя қилишга чақирувчи резолюция лойиҳасини бир овоздан қабул қилди. Таъкидланишича, сўнгги йилларда жаҳонда матбуот ходимларини ўғирлаш ва ўлдириш ҳоллари кўпайган. Сўнгги 10 йилда 700 матбуот ходими профессионал фаолияти пайтида ёки касбини деб ўлдирилган. БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган резолюцияда бундай қотилликлар ва ҳужумлар қораланади ва можарода қатнашаётган тарафлардан, жумладан, ҳукуматлар, қуролли гуруҳлардан мухбирларни ҳимоя қилишда чора кўриш сўралади. Тахлилчиларнинг фикрича, журналистика жаҳондаги энг хавфли касблардан бирига айланиб қолди. Статистика маълумотларига кўра, бугунги кунда бир ҳафтада икки журналист ўлдирилмоқда. Ҳар йили жаҳонда турли сабабларга кўра юзлаб журналистлар хизмат вазифасини бажараётган бир пайтда халок бўлмоқда.

Журналистлар учун энг хавфли минтақалар сифатида Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Хорватия ва Африка мамлакатлари кўрилади. Хизмат вазифасини бажараётган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлимидан ташқари уларнинг жароҳат олиши, ўғирланиши ва ҳибсга олиниши билан боғлиқ ходисаларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Бу каби ҳодисалар Афғонистон, Сомали, Конго ва Мексикада тез–тез учраб туради. Журналистлар танлаган касблари боис ҳалок бўлмоқда. Кўп ҳолларда журналистларнинг қотиллари жавобгарликка тортилмайди. “Қайноқ нуқта” ва беқарор мамлакатларда ҳалок бўлган журналистларнинг 10 фоизи террор ҳодисалари натижасида ҳаётдан кўз юмади.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, журналистика хавфлилиги бўйича яқин-яқингача учинчи ўринда турар эди, кейинчалик иккинчи ўринга чиқди. Эндиликда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Чунки жаҳонда можаролар кўпаймоқда. Журналистлар бу можароларнинг олдинги сафида бўлиб, уларни кенг ёритишни касб тақозоси сифатида кўришади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, можаро зоналарида мухбирларга ҳужумлар уруш жиноятлари сифатида кўрилиб, Халқаро жиноий судга оширилиши керак. Хизмат вазифасини бажараётганда вафот этган журналистлар ҳақида Халқаро Матбуот институти (International Press Institute), “Чегара билмас мухбирлар” (фр. Reporters sans frontieres), Журналистларни ҳимоя қилиш Қўмитаси (Committee to Protect Journalists), ЮНЕСКО Халқаро коммуникация тараққиёт Дастури (International Programme for the Development of Communication), Халқаро журналистлар федерацияси (International Federftion of Journalists), “Озодлик Форуми” (Freedom Forum) каби ташкилотлар маълумот беради.

Тўғри бу ташкилотлар турли йўллар билан маълумот тўплагани боис, ҳисоботлар бир-бирига мос келмаслик ҳолатлари ҳам учрайди. Айрим ташкилотлар рўйхатга фақат журналистларни, яъни профессионал журналистлар ва блогерларни киритади, бошқалари эса Оммавий Ахборот воситаларида ишловчи барча ходимларни, жумладан, оператор, овозоператорлари, таржимонларни ҳам киритади. Айрим ташкилотлар ҳарбий ҳаракатлардан ташқарида бўлган ўлим ҳолатларни ҳам ҳисобга олса, бошқалари фақат ҳарбий ҳаракатлар вақтида қурбон бўлган журналистларни рўйхатга олади. Масалан, Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти ҳарбий ҳаракатлар вақтидаги журналистларнинг ўлими юзасидан тасдиқланган ва тасдиқланмаган маълумотларни ҳам ҳисобга олади. “Чегара билмас мухбирлар” эса фақат тасдиқланган ҳолатларнигина эълон қилади.

Ҳалок бўлган журналистларни рўйхатга олиш 1992 йилда бошланди. Ўшандан бери журналистлар учун энг фожиалиси 2012 йил бўлгани айтилади. Ўша йили, Халқаро Матбуот институти маълумотига кўра, 119 нафар журналист, Халқаро Журналистлар Федерацияси маълумотига кўра эса 121 нафар журналист ҳалок бўлди. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, жаҳонда 1992 йилдан бери 1060 нафар журналист ўз хизмати вазифасини бажараётган бир вақтда ҳалок бўлган. Украинада нафақат исёнкорлар ва ҳукумат армияси ўртасида қуролли тўқнашув давом этмоқда, балки журналистлар ҳам совуқ қуроллардан отилган ўқлар нишонига айланмоқда.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг Берлин бюроси раҳбари Кристиан Мирнинг сўзларига қараганда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1738 рақамли резолюциясига кўра, қуролли тўқнашувлар давом этаётган минтақаларда журналистлар ҳимоя қилиниши керак. Қайноқ нуқталарда фаолият юритувчи журналистларнинг мақоми Женева конвенциясида баён этилган. Унга кўра, қуролли тўқнашувлар ҳудудида фаолият юритувчи журналистлар тинч аҳоли вакиллари сифатида кўрилади. Яъни, журналистлар қуролли тўқнашувда иштирок этаётган томонларнинг нишонига айланмаслиги керак. “2015 йилда матбуот эркинлиги” деб номланган ҳисоботда айтилишича, Мексикада журналистларга дўқ-пўписалар қилинади, уларнинг фаолиятини чекловчи қонун қабул қилинди. Лотин Америкасида матбуот қисман эркин ёки эркин эмас. Осиё ва Тинч океани минтақасида эса аҳолининг беш фоизигина эркин матбуотдан баҳраманд. Ҳудуддаги бошқа мамлакатларнинг ярмида эса матбуот қисман эркин, қолган ярмида умуман эркин эмас.

Ҳисоботларга кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги мамлакатларнинг икки фоизидагина матбуот эркин, аксарияти эса ҳукумат цензураси остида. Африканинг қуйи-Саҳрои Кабир минтақасининг 57 фоизида матбуот қисман эркин, 40 фоизида умуман эркин эмас. Шарҳловчиларнинг сўзларига қараганда, Евросиё минтақасининг 80 фоизидан кўпида матбуот эркин эмас, 20 фоизидан камида эса қисман эркин.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда миллий оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. ОАВнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада оширишни таъминлайдиган, медиа-соҳа фаолиятини тартибга соладиган ўнлаб қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони жадал ўсиб бораяпти. 

Шу ўринда мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ахборот соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ахборот ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш, ОАВга доир қонунчиликни янада ривожлантиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Яндекс.Метрика