У нас есть только
оригинальные песни

Бажараётган ишингиздан завқ олинг

calendar 30.11.2015
1509

Ёзувчи Марк Мэнсон инсоннинг ишига бўлган иштиёқи, бажараётган ишига эҳтиёжи борми ва бу борада нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида мулоҳаза юритади.

Фикримизча, унинг мулоҳазалари кўпчиликка ўзини тушунишда ва машғул бўлган ишига қай даражада ёндашиш кераклигини англашда ёрдам беради. Қуйида Мэнсоннинг мақоласида келтирилган фикрлар билан танишиш имконига эгасиз.

—    Болалик даврингизни эсланг. Сиз бирор ишни бажараётганда унинг фойда-зарари ва уни қандай амалга ошириш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Миянгизда: “футболнинг бейсболга нисбатан қандай афзалликлари бор?” деган фикр туғилганми? Йўқ, асло, сиз спорт майдонида югургансиз, бейсбол ва ёки футбол ўйнагансиз. Қумдан қасрлар қургансиз, қувлашмачоқ ўйнагансиз. Алмойи-алжойи саволлар билан хиралик қилгансиз, иштиёқ билан майсалар орасини титкилагансиз ва ўзингизни қувурдан чиққан махлуқ кўйига солгансиз.

Биров сизга нимадир қилиш кераклигини айтмаган; шунчаки, ўзингиз хоҳлаганингизни бажаргансиз. Ана шунда ҳақиқатдан ҳам гўзал нарсалар содир бўла бошлаган. Агар сизга бирданига бейсбол ёқмай қолса, сиз ўз-ўзидан уни ўйнамай қўйгансиз. Бу ҳолатда ҳеч ким хафа бўлмаган ва сиз билан баҳслашмаган.

Баъзан катталарга пойинтар-сойинтар саволларингиз билан мурожаат қилганингизда ҳам, сиз ўзингиздан ҳеч “Мен бемаънилик билан шуғулланмаяпманмикин? Дўстларим бундай қилмаяпти, балки, мен ҳам бундай қилмаганим маъқулдир? Бу ҳол менинг келажагимга салбий таъсир кўрсатмасмикин?” дея  сўраб кўрганмисиз?

Бугун мен бошқа инсонлар қатори “Ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун нима қилиш керак ва севимли инсон ўз машғулотини қандай топади?” деган савол билан мурожаат қилган бир инсондан тахминан 11504-мактубни олдим.

Аммо, мен жавоб бермадим. Нима учун, дейсизми? Ахир мен буни қаердан ҳам билишим мумкин?! Агар ўзингиз ҳаётингизни яхшилаш учун қандай йўл тутишни билмасангиз, нега веб-сайтдаги қандайдир галварс сизга ёрдам бера олади, деб ўйлайсиз? Мен ёзувчиман, фолбин эмас!

Барча одамлар ўз мактубларида ҳеч нарсага қизиқмасликларини ва ўзларига кўнгилдагидек машғулот топа олмаётганликларини айтиб шикоят қиладилар. Мен бу шикоятларни бемаънигарчилик, деб ҳисоблайман. Сиз ўз қизиқишингизни топгансиз, шунчаки, унга эътибор қаратишга уринмаяпсиз. Ахир яхшилаб ўйлаб кўринг, сиз 16 соатни бефойда ўтказиш учунгина уйғонасизми? Эҳтимол, сиз кун давомида нима биландир машғул бўласиз, сизда суҳбатлашиш учун севимли мавзуларингиз ҳам бор. Аммо, сизнинг кундалик юмушларингиз орасида кундан-кун зўр иштиёқ билан қайтадиган ишингиз йўқ эмас албатта.

Сизнинг қизиқишингиз – шундоққина рўпарангизда турибди, аммо сиз буни тан олишни истамайсиз. Эҳтимол сиз айтарсиз: “Ҳа, мен турли маркалар, суратлар йиғишни севаман, аммо бу ҳисоб эмас. Бу машғулотдан пул топиб бўлмайди”. Чинданми? Ҳаракат қилиб кўрганмисиз?

Сиз машғулотингизга нисбатан ўзингизда кучли хоҳиш йўқ, деб ҳисоблайсиз. Аслида муаммо сизни бу вазиятга қандай қарашингизда.

Аксарият ҳолларда сиз: “Йўқ, асло, бу мумкин эмас” ёки “Менинг отам ва онам бу билан шуғулланишимга норози, улар менинг шифокор бўлишимни исташади”, деган хаёлларга борасиз. Ваҳоланки, айнан мана шундай пайтларда сиз ўзингизга ҳақиқатда нима ёқишини унутиб қўясиз. Қизиқишлар устунликларга жой бўшатади. Негадир кўпчилик “инсон ўз ишига кучли муҳаббатни ҳис қилиши керак, аксинча бўлиши мумкин эмас”, деб ҳисоблайди. Биз айнан шундай машғулотни қидирамиз ва уни топишда зарур маслаҳатларга эҳтиёж сезамиз.

 Менинг фикримча, сиз ишингизни ҳамкасбларингиз орасида бир жуфт яхши инсонлар борлиги учунгина ёқтиришингиз мумкин. Ваҳоланки, ўз қизиқишларингизга бўш вақт ажратишингиз мумкин. Мен ўта янги нарсани гапирмадим, тўғрими? Лекин негадир айрим инсонлар бу ҳақида унутиб қўяди.

Яна бир муҳим томони  — ҳар бир иш, ҳатто энг севимлиси ҳам, баъзан бутунлай бижғиган бўлиб чиқади. Дунёда кўнглингизга тегмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Масалан, мен ўз ишимни яхши, деб биламан, аммо шу пайтгача унинг тахминан ўттиз фоизини ёмон кўраман. Баъзи кунларда эса кўпроқ қисмини.

Ҳаёт шундай.

Ҳамма гап — истакларингизда. Агар сиз деярли хар бир сониясини ўзининг севимли ишига бағишлаган Стив Жобс каби ишхонада етмиш соат ишлаш ва ухлашни истасангиз, демак, сиз жуда кўп ёмон фильмларни томоша қилгансиз. Агар сиз ҳар куни янги иш кунидан завқланиб уйғонишингиз ва тунги кўйлакда рақсга тушиш керак, деб ўйласангиз, демак сизни шафқатсизларча алдашибди. Ҳаётда ундай бўлмайди. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди!

Аниқ мисол: онлайн-савдосида уч йилдан бери бизнесини ташкил қилишга уринаётган дўстим бор. Ишида натижа бўлмаяпти. Шунга қарамай, у барибир давом этяпти ва вақти-вақти билан бошлаган ишига янги куч тўплаб қайтишга уриняпти. У бу машғулотига самимий завқ билан вақт ажратишига қарамай, негадир буни севимли иш, деб ҳисобламайди.

Мен ҳар куни унга ўхшаш ҳақиқий қизиқишлари мавжуд эмас, деб ҳисоблайдиган кўпгина инсонларни учратаман. Аммо, уларга излашнинг кераги йўқ. Севимли ишининг ўзи уларни аллақачон излаб топди. Бироқ, улар уни бешафқатларча инкор этмоқдалар. Ўша ишнинг лаёқатлилигига ва истиқболли ривожига ишонмайдилар.

Шунингдек, мен доимо электрон почта орқали “Қандай қилиб ёзувчи бўлиш мумкин?” деган саволлар битилган мактублар оламан. Мана менинг жавобим: “Бу борада мен ҳеч бир нарса дея олмайман – мен билмайман!”. Мен ҳеч қачон ёзувчиликни юзага чиқиши мумкин бўлган мавқе сифатида баҳоламаганман. Мен ҳатто буни ўз хоббийим деб ҳам ҳисобламаганман. Менинг ҳақиқий қизиқишим мусиқа, сиёсат ҳамда фалсафа бўлган. Мен шунчаки, нимани ҳис қилсам, шуни ёзганман. Лекин, мен иш излаганимда, узоққа кўз ташлашга ҳожат бўлмаган. У мени ўзи излаб топди.

Баъзи инсонларнинг жиғига тегадиган яна бир муҳим томони, агар сизга ҳамма ердан ўз қизиқишларингизни излашга тўғри келса, демак, сизда ҳеч нарсага иштиёқ йўқ. Аксинча, сиз нимагадир қизиқсангиз – бу сизнинг ҳаётингизнинг ажралмас бўлаги бўлади ва сиз уни сизга тўғри келиш ё келмаслигини ўйламайсиз ҳам.

Мен форумларда 2000 сўзли хабарлар ёзганимда ҳам бу ҳақида ўйламаганман. Бу ҳақида ўзининг онлайн-дўкони учун логотип ишлаб чиқараётган дўстим ҳам ўйлаб ўтирмайди. Шунчаки бу  машғулот унга ёқишини тан олишни хоҳламайди.

Бизнинг қизиқишларимиз ҳаётимизнинг табиий бўлагига айланиб қолди.

Тан олинг, бола ўйин майдончасидан бораркан, “Хўш, қандай қизиқарли машғулот билан шуғуллансам экан?” деб ўйлаб ўтирмайди. У табиий хоҳиш билан боради ва вақтичоғлик қилади.

Агар сиз қандайдир қизиқиш излаётган бўлсангиз, уни топганингизда ҳеч қандай завқ олмайсиз. Севимли ишингиз ўйлаганингиздан ҳам жуда яқинда – у сизни аллақачон излаб топган. Сиз эса билиб туриб уни пайқамаяпсиз.

Яндекс.Метрика