Биз — аёлларнинг изқуварлигимизга Шерлок Холмс ҳам ҳавас қилса арзийди. Рост-да, ахир эшикдан кириб келган жуфтимизнинг хатти-ҳаракатига қараб, унинг қандай кайфиятда эканлигию маош олдими-йўқми, тўғри уйга келаяптими ёки онажонисининг эшигига ҳам мўралаб қўйдими, хуллас, ҳамма-ҳаммасини билиб оламиз. Бироқ қанчалик зийрак бўлмайлик, ўтаётган ҳаётимиз кутилмаган «совға»ларга бой бўлиб, баъзан назоратни қўлдан чиқарамиз. Хўш, шундай вазиятга тушиб қолмасликнинг иложиси борми? Келинг, шу ҳақда суҳбатлашамиз.
СЕВАДИ-СЕВМАЙДИ....
«Эркаклар кўзи билан севади» деган гапни эшитгансиз. Буни қарангки, муҳаббат борасида эркаклар икки гуруҳга ажратилар экан. Бири эшитиш сезигиси билан, иккинчиси кўриш ҳисси билан севадиганлар.
ҲИС-ТУЙҒУЛАР АСИРИ...
Яна бир тоифа эркаклар ҳам бор. Уларда жуфтини ҳис этиш туйғуси етакчилик қилиб, кўпроқ руҳий ҳолатга буйсунишади. Бирор қарор қабул қилишлари учун ҳам анча вақт талаб этилади. Сиз уни «...деб ўйлайман» «...менга шундай туюлди» «шундай бўлишини кўнглим сезганди» каби сўзларидан таниб оласиз. Агар жуфтингиз туйғулар асири бўлса, ундан дадилликни кутманг. Яхшиси, мустақил бўлиши учун кўмаклашинг.
ЭЪТИБОР ТАЛАБ ҚИЛСА....
Турмуш ўртоғингизнинг дастурхон атрофида ўтириб, пиёлани тақиллатиш ёки сочиқни буклаш одати бўлса, у шу йўл билан эътибор талаб қилаётганини билдиради. «Менга қарашинг учун атай шундай қилаяпман» деган ички нидони шу тарзда номоён этади. Одатда бундай эркаклар бироз жаҳлдор, қайсар ва меники тўғри, дейдишса-да, рафиқасининг диққат-эътибори билан мулойим мушукка айланишади.
«МЕНИНГ ЁРИМ АЛДОҚЧИ...»
Бирор айби ёки камчилигини яширмоқчи бўлган эркак, аввало, кўз нигоҳини олиб қочади. Сўзлаётганда кўзини ишқалаши, бурнининг устига тез-тез қўл тегизиши мумкин. «Роса чарчадим..» «Эртага гаплашайлик...» ва сўрамасангиз ҳам «Алдаётганим йўқ» деган жумлалар бирор нимани яшираётганини англатиши шубҳасиз. Сиқувга олганингизнинг фойдаси йўқ. Бир тарафдан баъзилар каби «Борим шу, истамасанг, катта кўча» демаётганига ҳам шукр. Бироқ ёлғончилик одатига барҳам бериш учун унинг ишончини қозонишингиз керак. Ҳар замон «Мен сизга ишонаман» каби сўзлар билан ўртадаги масофани қисқартиринг.
ҚЎЛИ ЧЎНТАГИДА...
Илк учрашувга чиққанингиздаёқ куёвтўра қўлларини шимининг чўнтагига суққани эътиборингизни тортди шундайми? «Намунча ўзини осмон билмаса» дегансиз-а ичингизда? Хўш, энди нима дейсиз?! Чиндан «осмон»микан ёки бу одати характериданми? Аслида, бу характер. Жиддий, ҳар нарсада аниқлик ва режали иш кўришни афзал билган эркакларга хос одат. Ҳа-я, бундай эркаклар аёлини қадрлайдиган ва оиласи олдида маъсулиятни ҳис этадиган бўлишади.
«КЎЗЛАРИ НИМА ДЕЙДИ?..»
Бу энг синалган ва ишончли усуллардан бири. Аммо «тергов» қилаётганингизни билдириб қўйманг. Яъни кўзларига тик қараманг. Бўлмаса, сирларимизни билиб олашида-я...
ҚЎЛЛАР ҲАРАКАТИГА КЎРА...
Қўллар нафақат аёлларнинг ташриф қоғози, қарши жинс вакилларининг феъл-атворини аён қилгувчи воситадир ҳам. Демак, диққатни қўлларига қаратамиз.
Мухтасар айтганда, эркакларни фош қилиш учун алоҳида тайёргарлик шарт эмас. Ҳатто имо-ишоралар тилини ўрганиш учун соатлаб китоб варақлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Муҳими, аёллик заковатингизни ишга солсангиз, ҳар қандай ҳолатни ҳам тўғри таҳлил қилоласиз.
МАРЖОНА тайёрлади